Ўғриларнинг ҳам юраги бор
Италиялик карабинерлар мамлакат жанубидаги Бари шаҳар шифохонасининг автотураргоҳидан ўғирланган машинани топишди: ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатдан сўнг машина ўғрилари узрини сўраб, олиб қочган автомобилни қолдириб кетишди.
Январь ойи ўрталарида жабрланувчининг қизи ўғирланган автомобиль тарқоқ склероздан қийналаётган онасининг биттаю битта ҳаракатланиш воситаси эканлигини «Facebook»да ёзиб қолдирди. Fiat Doblò ногиронлар ҳайдаши учун мўлжалланган бўлиб, пандус ва ногиронлар аравачаси билан жиҳозланганди.
«Қўлингизни кўксингизга қўйиб, уни бизга қайтариб беринг», — деб ёзганди қиз. Унинг мурожаати тезда оммалашиб кетди. Афтидан, машина ўғриларига ҳам етиб борган кўринади. Бир неча кундан сўнг машина топилди. Бари шаҳридаги бир одам уйининг ёнида тўхтаб турган автомобилни кўргач, тезда карабинерларни чақирди. Жиноятчилар машинанинг олд ўриндиғида мактуб қолдириб кетишган экан.
«Бизда ҳам юрак бор, кечиринг, дардингиздан бехабар эдик», — деб ёзилганди хатда.
Дамиани оиласи воқеа қувончли якунланганидан сўнг қўллаб-қувватлагани учун барчага миннатдорчилик билдирди ва ногиронларга машина сотиб олиб бериш учун маблағ йиғиш бошланганини эълон қилди: уни маҳаллий хайрия ташкилотига топширишмоқчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter