Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

"Оғир" ҳудуд бугун қай аҳволда? Бухородан репортаж

Фото: Xabar.uz

- Опа, опажон, қаранг-чи, қаранг!

- Лаббай!-кийимимиз этагидан тортқилаётган, чамаси, 10-11 ёшли қизалоққа қараймиз.

- Сиз ҳозир менинг патирчи бибимни расмга туширдингиз-ку...

- Хў-ўп...

- Шуни телевизорга чиқарасизми? -қувониб сўради қизалоқ.

- Исминг нима?

- Гулсанам.

- Исминг ҳам ўзингдек чиройли экан. Гулсанам, агар сен рози бўлсанг, албатта, агар йў-ўқ, бувимнинг расмларини чиқарманг, десанг, майли, нима илож чиқармаймиз,-деймиз кулимсираб, аммо ўзимизни гўё хафа бўлгандек тутиб.

- Йўў-ў-ўқ, унақамас, опажон, чиқаринг-да, бибим ўша патирларни пишираётганда, менам ёрдам берганман,-хурсанд сўзлади қизалоқ.

- Баракалла, сен бувижонингга ёрдам берган экансан, расмни албатта, чиқарамиз...

Кўзлари порлаган қизалоқ «Уре-ее»,-деди-да хурсандчиликдан чопқиллаб биздан узоқлашиб кетди. Суҳбатимиз чала қолди. Бизнинг-ча, қизалоқ, патирчи бувисининг расмини чиқишини эшитиб, суюнчи олгани кетди-ёв...

Тўғриси, Бухорода «Обод маҳалла» йил дастурига тушган Жондор туманидаги «Далмунобод» маҳалласининг очилиши маросимига таклиф қилишганда, «Бундай маҳаллалар ҳамма жойдаям очиляпти-ку!»-деган ўй билан боришга бироз эринқирагандик. Шу боисми, иккиланиб келганимиз учун бу тадбирга унча киришолмай тургандик. Аммо, Гулсанам исмли қизалоқ билан бир дақиқагаям бормаган суҳбат бизни қишлоқ аҳлининг хурсандчилигига шерик бўлишга ундади.

Далмун, Қораулон, Хўжалар, Арбобон, Қалъа қишлоқларини ўзида бирлаштирган Далмун маҳалласи 581 та хонадон ва 922 та оила дан иборат экан. Аҳоли сони 3 минг 400 нафарга яқинлашиб қолган. Аҳолининг ярми хотин-қизлардан иборат бўлса, 1670 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда.

Маълум бўлишича, бундан 3-4 йил илгари қишлоқ асфальтсиз, лой-чанг кўчалар, симёғочлари эгри-қийшиқ бир аҳволдаги манзарага эга бўлган.

«Бир кун свет ёнса, икки кун ўчадиган табиий газ босими пастлигидан қўлбола ўтин печкалардан фойдаланадиган кунларни бошдан ўтказдик. Узлуксиз  газ, электр энергияси таъминоти, айниқса, тоза ичимлик суви биз учун тушга айланганди. Бугун, мана, мақтанмоқчи эмасман, ҳамма шароит муҳайё, шунчаки қишлоғимизни ўз кўзингиз билан кўринг»,-дейди маҳалла фуқароси, патирчи Сорагул ая.

Сорагул ая тандирдан эндигина узилган, қулочдек катта-катта патирларини улашар экан, уни қандай пишириш ҳақида сўзлаб берди.

«Далмунобод» МФЙ раиси Шоҳиддин Носировнинг айтишича, маҳаллада кам таъминланган эҳтиёжманд оилалар сони уч ой илгари 145 тани ташкил этган. Ҳозирда эса бу борада манзилли чора-тадбирлар кўрилиб, эҳтиёжманд оилалар моддий манфаатдорлигини таъминлаш манбаи яратилган. Маҳаллий аҳолининг асосий тирикчилик манбаи томорқа хўжалиги ва чорвачилик ортидан экан.

«Ҳозирда Далмунободда 581 та оила ўз томорқасига эга, яна 30 тага яқин хонадон иссиқхона хўжалигини юритмоқда. Экин еридан олинаётган даромад ҳисобидан ҳовли-жойларда парваришланаётган қорамол сони 500 бошдан зиёд ва аҳоли оғилхонасидаги қўй-эчкиси ҳам 3 минг бошдан кам эмас. Хонадонларда  боқилаётган парранда сони 3 минг бошдан ошаётган бўлиб, айни кунда ўндан зиёд ҳовлида асаларичилик, 4 та хонадонда қуёнчилик, 3 та оилада эса балиқчилик ташкил қилинган»,-дейди маҳалла раиси.

Маҳалланинг очилиш маросими бошлангунга қадар аҳолининг бирдамликда, юқори кайфият билан  ўз ҳовлиси дарвозаси олдида ўчоқларда миллий пишириклар ва ширинлик пишириб, сарҳил меваларни дастурхонга тортиб қўйишаётгани манзарасини суратларга қадай бошладик. Бири-биридан мазали ўтбичак (кўксомса), ҳолвайтар, жағ-жағ чучвара ва бошқа миллий пишириқ ва таомларни ўчоқда пишириб туришибди.

«Тандиру ўчоқ оловида кафт куйсаям, тафт туямиз, она қизим. Ҳаммаси меҳнат ортидан. Ана, узоқ йиллик заҳматларимиз оройиш топди, қишлоғимиз бирам чирой очдики, шаҳарга кўчиб кетаман, деган бир-икки қўни-қўшниларимиз ҳам энди биздан узоқлашмайдиган бўлишди. Кўз тегмасин қишлоғимизга»,-дея шукроналик келтириб сўзлади шу Мафтуна Қодирова.

Маҳалланинг Хўжалар қишлоғида яшовчи Салима Фармонова ўз хонадонида 4 сотихдан иборат иссиқхонада 58 туп лимон, 18 туп апельсин бутасини парваришлаб, ундан баракали ҳосил олиб келаётган экан.

«Ўқитувчиликдан пенсияга чиққанимдан кейин бекор ўтирмай, деб оиламиз билан биргаликда лимончиликни бошладим. Йилига уч марта ҳосил олиш тажрибасини ўзлаштирдик. Китобларда ёзилишича, лимоннинг асл таржимаси – «Ҳамшира» экан. Ҳақиқатан ҳам лимон инсон саломатлиги учун ҳамшира вазифасини бажаради. Одамлар саломатлиги йўлида ҳисса қўшаётганимдан мамнунман»,-дейди Саломат Фармонова.

«Далмунобод»да қишлоқ ички кўчаларидан қарийб, 10 километр қисми таъмирдан чиқарилиб, 2,5 километр йўл асфальтлаштирилди. Умумфойдаланув автомобил йўлининг 3 километри асоси кенгайтирилиб, шағал бостирилди.  750 метр квадрат йўл қисмида пиёдалар йўлаги барпо қилинди. Электр таъминотидаги узилиш ва нуқсонларга барҳам бериш мақсадида  2,2 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланиб, “СИБ” кабели тортилди. Бу борада қирқдан ортиқ тунги ёритиш мосламалари ўрнатилгани ҳолда 2 та янги трансформатор пункти ишга туширилди. Яна ўнга яқин трансформатор пункти қайта таъмирдан чиқарилиб, эскирган симёғочлардан 24 таси бетон устунга янгиланди, қўшимча 30 та темир-бетон устун ўрнатилди»,-деди ўз сўзида туман ҳокими Жамшид Худоев.

Билдирилишича, ушбу маҳаллада 19 та газ маромлаш пункти мавжуд бўлиб, «Жондортумангаз» газ таъминоти бўлими томонидан 5 километрга чўзилган газ қувур тармоғи тартибга келтирилган.  Тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида ҳудудда 4,7 километр масофага янгидан сув тармоғи тортилиб, 140 дона сув ўлчагичлари ўрнатилган. Илк бор 140 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланган. Болалар майдончаси, «Ёшлар боғи», Worcaut майдончаси барпо этилган. Ҳудуддаги «Хўжағойиб» ва «Шайхи довуд» қабристонлари қарийб 700 метр масофада темир панжара билан ўраб олиниб, ободонлаштирилган. Шу атрофдан ўтувчи «Далмун» каналининг 6 километр қисми бетонлаштирилган.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг