Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нью-Йоркда «C5+1» форматида учрашув бўлиб ўтди

Нью-Йоркда «C5+1» форматида учрашув бўлиб ўтди

27 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79 йиллик сессияси доирасида «C5+1» минтақавий дипломатик платформаси шафелигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ давлат котиби ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва фаровонликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини таъкидлади. Таъкидланишича, экологик ўзгаришлар оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратди.

«АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган „C5+1“ давлат раҳбарларининг биринчи саммити якунлари бўйича эришилган келишувларни, шунингдек, Нью-Йорк декларациясини самарали амалга оширишга содиқлигини билдириб, минерал ресурслар бўйича „C5+1“ мулоқотининг; АҚШ ва Марказий Осиё бизнес ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи „B5+1“ форуми ва ногиронлик ҳуқуқлари бўйича „C5+1“ махсус сессияси ўтказилаётгани олқишлади», — дейилади хабарда.

Қайд этидишича, иштирокчилар терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий ва кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда радикаллашувга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш ва мувофиқлаштириш зарурлигига келишиб олди.

2025 йилда иштирокчи мамлакатлар «C5+1» формати доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ўн йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан томонлар минтақа мамлакатлари ва АҚШнинг глобал масалаларга минтақавий ечимларни излашни давом эттириш, шунингдек, «C5+1» дипломатик платформаси доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини олқишлади, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг