Нурсултон Назарбоевни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинмоқда
Қозоғистон парламенти Мажлиси (қуйи палатаси) депутатлари Жиноят кодексидан республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги моддасини чиқариб ташлашни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда қозоқ парламенти қуйи палатаси депутати Снежанна Имашева маълум қилди.
Депутатнинг айтишича, Жиноят кодексидан бу борадаги модда чиқариб ташланади.
«Ҳозирда Элбоши мақоми бекор қилинган, шунинг учун жиноий жавобгарлик ҳам эндиликда керак эмас ва у қўлланилмайди», – деди Имашева.
2023 йил феврал ойида президент Қасим-Жомарт Тоқаев «Қозоғистоннинг биринчи президенти-Элбоши» тўғрисидаги қонун кучини йўқотгани тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Мазкур қонунда Назарбоев ва оиласининг мақоми, уларнинг имтиёзлари белгилаб берилганди. Фармонга асосан Назарбоевнинг халққа мурожаат қилиш ва давлат органлари ҳамда амалдорларга таклиф киритиш ҳуқуқлари ҳам бекор қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter