Нукусдаги Президент мактаби декабрда тайёр бўлади (фото)
Президент мактаблари бошқа мактаблар учун андоза бўлиши, таълим муҳитини ўзгартириши керак. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрида қурилаётган Президент мактаби билан танишиш чоғида айтиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Президент мактаблари ташкил этиш ташаббусини ўтган йили айнан Нукусда эълон қилган, буни Қорақалпоғистондан бошлашни таклиф этган эди.
Жорий йил 20 фeвралда шу бўйича Президент қарори қабул қилинди.
Нукус шаҳрида ҳам ушбу мактаб қурилиши жадал олиб борилмоқда. Кембриж университети билан ҳамкорликдаги Имтиҳон кенгаши томонидан ўтказилган қабул жараёнларида энг билимга чанқоқ болалар танлаб олинди.
Шавкат Мирзиёев мактабнинг биноси ҳам, маърифати ҳам мукаммал бўлиши кераклигини, шунинг учун уни шошмасдан, сифатли қуриб, Конституция байрамида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлади. Унгача ўқувчилар бошқа бинода ўқиб туради.
Мактабда дарслар хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва «STEAM» дастури асосида инглиз тилида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.
Давлатимиз раҳбари мазкур билим даргоҳи учун педагоглар қандай танланаётгани билан қизиқди.
— Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим, — деди Президент. — Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик ҳисси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter