Номзод Робахон Маҳмудова Хоразм сайловчилари билан учрашди
Бугун Тошкент ахборот технологиялар университети Урганч филиалида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг хоразмлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия Марказий аппарати ва Хоразм вилоят Кенгаши ходимлари, фаоллар, меҳнат фахрийлари, талаба-ёшлар ва хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Дастлаб, учрашувда номзоднинг Хоразм вилоятидаги ишончли вакили — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Хоразм Маъмун академияси профессори Икрам Абдуллаев йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳақида маълумот берар экан, номзод Дастурида давлат ва жамият тараққиётига, фуқаролар фаровонлигига дахлдор изчил таклифлар илгари сурилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Робахон Махмудова Сайловолди дастурида илгари сурилаётган устувор йўналишлар, жумладан, ҳуқуққий давлат қуриш, давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир мақсад ва вазифалари хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, халқимиз маъқуллаб берган Конституцияда илк бор Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлатдир, деган юксак қоида ўз ифодасини топди. Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3,5 баробар кўпайтирилди. Бу эса барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш энг устувор вазифамиз бўлиши лозимлигини англатади. Негаки, қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, тараққиётнинг барқарор ва бардавомлиги таъминланади, халқнинг давлат сиёсатига ва келажакка бўлган ишончи ортади, фуқароларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалади.
Маърузаси давомида Президентликка номзод Дастуридан ўрин олган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид мақсадларига алоҳида тўхталди:
“Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030» дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бирламчи вазифамиздир.
Биз ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш тарафдоримиз”, — деб таъкидлади Робахон Махмудова.
Қолаверса, жараёнда “Қонун устуворлиги — адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти!» деган тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдор шахслар фаолиятининг муҳим қоидасига айлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти экани айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Дастурда ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ушбу дастурларни назорат қилиш тизимига янгича ёндашиш, инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиёт, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар белгиланганлиги хоразмлик сайловчиларнинг эътиборини тортди.
Фикр ва мулоҳазаларга, таклиф ва тавсияларга бой бўлган учрашув сўнгида Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчиларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича, ҳаётий мисоллар билан асосли жавоблар берди.
Тадбирда сўз олган маърузачилар номзоднинг дастури, унда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадларни қўллаб-қувватлаш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президент сайловида Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter