Собиқ МХХчи Нодир Тўрақулов ва унинг қудасига тегишли «заправка»га янги эга чиқди
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тегишли ҳукмига кўра, собиқ МХХ ходими Н.Тўрақулов ва унинг қудаси Э.Норқобилов томонидан жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш орқали орттирилган мулклар бирин-кетин сотувга қуйилаётгани ҳақида хабар бергандик.
Аввалроқ Э.Норқобиловга тегишли «Жарқўрғон-Сервис-Техника» МЧЖнинг Шўрчи туманида жойлашган «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда кўп тармоқли ёқилғи қуйиш шаҳобчаси» аукцион савдода сотилгани ҳақида маълум қилинганди.
Сўнг қудаларга тегишли яна бир мулк — «Сурхон-Ангор-Сервис-Техника» МЧЖ балансидаги Бойсун туманида жойлашган «Автомобилларга сиқилган газ қуйиш компрессор станцияси» онлайн аукцион савдосига қўйилди.
Мазкур объект 14 миллиард 420 миллион 239 минг сўм бошланғич нарх билан 24 сентябрь куни савдога чиқарилганди. Бироқ 11 октябрь куни бўлиб ўтган аукционда харидор топилмаганлиги сабаб 30 октябрь куни такроран савдога қўйилди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси хабар беришича, ниҳоят ушбу аукцион савдоларида «заправка» 5 миллиард 304 миллион 445 минг сўмга сотилиб, тушган пул маблағлари давлат даромадига йўналтирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter