Николас Мадуро хатоларини тузатишга ваъда берди
Венесуэла президенти Николас Мадуро ўз бошқарувидаги ҳукумат ўзгаришлар учун махсус режа ишлаб чиқишга ва хатоларни тўғрилашга тайёрлигини билдирди.
Мадуро 4 ва 5-майни «буюк миллий мулоқот кунлари», деб эълон қилган ва халқ ҳокимиятининг барча бўғинлари мамлакат ичида нималарни ўзгартириш кераклиги ҳақида очиқ гапиришлари лозимлигини айтиб ўтган. «Худога умид қил, аммо режани ўзгартир. Худога умид қил, аммо режани тўғрила. Халқ донишмандлигидан келиб чиққан буюк ўзгариш ва хатоларни тўғрилаш вақти» ҳақида гапиради Николас Мадуро кеча бўлиб ўтган намойиш вақтида.
Мадуро мамлакатдаги барча сиёсий кучлардан 4 ва 5-май кунлари махсус сессияда қатнашиш ва хатоларни тўғрилашда иштирок этишларини сўраган.
Айни вақтда Венесуэла бўйлаб Мадурога қарши намойиш ва тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда. Муҳолифат етакчиси Хуан Гуайда ўзини мамлакат президенти, деб эълон қилган ва АҚШ ҳамда Европанинг етакчи давлатлари уни расман тан олган. Кун ўтгани сари мавқеини йўқотиб бораётган Николас Мадуро томонида эса Россия турибди.
Кеча, 1-май санасида Мадуро мамлакатдан қочиб кетишга тайёр бўлгани, аммо Россия уни қолишга кўндиргани ҳақида АҚШ давлат котиби Майк Помпео хабар бериб ўтган эди. Унинг айтишича, аэропортда Мадуро қочиб кетиши учун самолёт учишга тайёр ҳолатда турган. Аммо Россия томони бу хабарни инкор этди. Шунингдек Венесуэла ташқи ишлар вазири Хорхе Арреаса ҳам Мадуро мамлакатдан кетишни режалаштирмаганини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter