Никоҳи судда (сиртдан) бекор қилинган аёл икки нафар фарзанди билан кўчада қолиши мумкин
Янгиариқлик Дилфуза Хўжаева Даврон Ситназаров билан танишганида навниҳолгина қиз эди. Тақдир экан, турмуш қурдилар. Оила кўп ўтмай пойтахтга кўчди, орадан фарзандлар туғилди...
Тошкентда яшаш осонми? Ҳечам-да. Ижарама-ижара юришдан безган эр-хотин уй-жой сотиб олишга қарор қилишди. Тийинма-тийин йиққан пулини ўртага қўйишди: умумий миқдор икки хонали уй сотиб олишга етгудай... Бироқ икковининг ҳам Тошкент шаҳрида пропискаси йўқ?!
Нима қилиш керак?
Эр-хотин маслаҳатлашиб, уйни Давроннинг жияни — Азизбек Қаландаров номига олишадиган бўлди. Азизбек — талаба, боз Тошкент пропискасига эга. Энг муҳими — бегона эмас. Ишончли.
Шундай қилиб, эр-хотин Юнусобод тумани 7-мавзедан таниши Дилбар Ибрагимованинг уйини Азизбек Қаландаров номига сотиб олишди.
Бошпана олинди-ю аммо оиладан ҳаволат кетди. Ўртадаги уч нафар фарзанд ҳам эр-хотин ўртасидаги риштага қувват бўлмади.
Даврон 2015 йилда оиласини ташлаб кетади.
Уч нафар фарзанд билан қолган Дилфуза эрининг инсофи кириб, қайтиб келишидан умидини узмади. Бироқ умидлар саробга айланиб борарди. Чунки, Даврон никоҳни суд орқали бекор қилиш ҳаракатига тушди. Аввалига ҳаракатлар ўхшамади. Кейинроқ, барибир уддасидан чиқди. Қизиғики, никоҳи бекор қилинган суд мажлисида Дилфузанинг ўзи қатнашмади.
Судьянинг сиртдан чиқарган ҳал қилув қарори натижасида никоҳ бекор бўлди...
Дилфуза Хўжаеванинг бошига тушган синовлар шугина эмас. 2017 йилда тўнғич фарзанди (қиз) автоҳалокат туфайли оламдан ўтади. Ғам-ғуссага ботган аёлнинг саломатлигига тобора путур ета бошлайди. Оқибатки, у онкологик касаллик бўйича кимётерапея усулида муолажа олишга мажбур бўляпти...
Суд орқали никоҳни бекор қилишга муваффақ бўлган собиқ эр нима қилди, денг? Жияни Азизнинг олдига бориб, «фарзандларимни пропискага қўйдирмоқчиман», деган баҳона билан уйни сотиш ҳуқуқини берувчи ишончнома олади. Ва... хотини билан никоҳдалиги вақтида Азизнинг номига сотиб олган уйни сотиб юборади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
— Собиқ эрим икки нафар фарзандим билан мени уйдан чиқариш учун турли ҳаракатлар қилиб келмоқда, — дейди кўз ёш билан Д.Хўжаева. – У уйни гўёки сотиб олган З.Атаханованинг ишончли вакили айланиб, судга мурожаат этди. Бизни уйдан мажбурий кўчириб чиқариштириш даъвоси билан... Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди эса даъвони қаноатлантирди! Бизни энди уйдан мажбурий кўчиришади.
Мундоқ олиб қаралганда даъво ҳам, уни қаноатлантириш ҳақидаги суд ҳужжати ҳам қонунийдай. Гарчи пулини улар тўлаган бўлса-да, уй Азиз Қаландаров номига сотиб олинган. Ва унинг билиб-билмай берган ишончномаси асосида бошқага сотилди. Энди уйнинг соҳиби бошқа. Шу боиски, Азизбек Қаландаров ўзининг номига расмийлаштирилган жой учун ҳеч қандай пул тўламагани, бу жой ҳақиқатан ҳам Д.Хўжаева ва Д.Ситназаровларнинг шахсий маблағига олингани ҳақидаги гаплари, маклер Д.Савиних ва олдинги мулкдор Д.Ибрагимовнинг ёзма билдиришлари инобатга олинмади. Д.Хўжаеванинг адвокати Ф.Қодиров фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судидан гувоҳ А.Қаландаровни судга таклиф этиш ҳақидаги илтимосномалари оқибатсиз қолдирилганиниям сабаби шу.
Начора, осмон — узоқ, ер — қаттиқ... Прописка билан боғлиқ мантиқсиз қоидалар М.Хўжаева мисолида қандай кулфатларга сабаб бўлаётганини кўряпсизми? Пойтахтдан бировнинг номига мулк сотиб олиб, куйиб қолганлар камми?!
М.Хўжаева бегонадан эмас, фарзандларининг отасидан куйиб ҳам моддий, ҳам маънавий куяётганини-ку, айтманг...
Уйни пинҳона сотиб юбориб, яна денг, ўша «сотиб олган» одамнинг ишончли вакилига айланиб, собиқ хотини-ю фарзандларини кўчириш ҳаракатига юрган эркакни нима дейиш дейиш мумкин?
Қизиғи шундаки, кватира номига расмийлаштирилганига бир неча йил бўлаяптию Зинаида Атаханова сотиб олган уйига бир марта келмаган?! Ҳатто уйни сотиб олишдан аввал келиб бирров кўрмаган? Кўрмай-нетмай фалон пулга квартира сотиб олишнинг ўзи тасаввурга сиғадими? Шулар ҳақида ўйлар экансан, бу ҳаммаси уюштираётган «спектакль» эмасмикан, деган хаёлга боради киши. «Спектакль»нинг муаллифи ҳам, режиссёри ҳам ким эканини сезиб-билиб турибсиз...
Наҳот қонунлар шу даражадаки, Дилфуза Хўжаева хаста ҳолида, боз икки нафар фарзанди билан кўчада қолиб кетса?
Одил НЕЪМАТ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter