Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ник Вуйчич. Қўлсиз, оёқсиз... 12 жасорат

Ник Вуйчич. Қўлсиз, оёқсиз... 12 жасорат

Фото: «Regnum»

Бугунги қаҳрамонимизнинг ҳаёти гўзал, ибратли, лекин хаёлий ўтмишдан иборат афсонага ўхшайди. Бир тасаввурингизга келтириб кўринг-а, қўлсиз ва оёқсиз туғилган болакай 31 ёшида дунёга машҳур нотиқ, бахтли эр ва отага айланса. Ҳа, бу — Ник Вуйчич. У дунёнинг ярмини кезиб чиқди, футбол майдонларида чиқиш қилди, 110 минглаб одамлар эса Никни жон-қулоғи билан тинглашди. Ахир шундай бўлиши мумкинми?

Албатта, мумкин. Мана, тирик исбот турибди-ку. Фақат бунинг учун ҳар куни кичик бўлса ҳам бир жасорат кўрсатиш зарур. Қуйида Ник Вуйчичнинг 12 та жасорати ҳақида сўзлаб берамиз. Улар шарофати билан Никнинг самимий табассумидан: «Мен бахтиёрман», деган сўзларни ўқий оласиз.

Туғилиш

Ўтмишдаги оғриқлардан қутулишнинг энг яхши усулларидан бири — уни миннатдорчиликка алмаштириш.

1982 йил 4 декабрь. Душка Вуйчич кўзи ёриш арафасида. Ҳаш-паш дегунча тўнғич фарзанд дунёга келади. Эри, Борис Вуйчич, туғуруқ жараёнида қатнашмоқда.

Елкаси кўринди. Болани кўргач Бориснинг ранги ўчиб, туғуруқхонадан чиқиб кетди. Маълум вақтдан сўнг унинг ёнига шифокор келди.

«Доктор, ўғлимнинг қўллари йўқми?» — деб сўради Борис. «Йўқ. Ўғлингизнинг қўллари ҳам, оёқлари ҳам йўқ», — деб жавоб берди шифокор.

Николас (чақалоққа шундай ном беришди)нинг ота-онаси «Тетра-Амелия» синдроми ҳақида эшитишмаганди. Улар оёқ-қўли йўқ гўдак билан қандай муомала қилишни билишмасди. Онаси 4 ой ўғлини эмизмади.

Секин-аста ота-она Никка кўникиб қолишди, ўғлини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишди, унга меҳр қўйишди.

Болалик

Омадсизлик — маҳоратга олиб борувчи йўл.

Окорочка. Ник танасидаги ягона оёқни шундай атади. Бундай оёқ кафти ёпишиб кетган икки бармоқдан иборат бўлгани учун, охир-оқибат, уларни жарроҳлик йўли билан ажратишди.

Бироқ Никнинг фикрича, унинг «окорочкаси» — унчалик ҳам ёмон эмас. Улар ёрдамида ёзишни, матн теришни (бир дақиқада 43 та сўз), электр аравачани бошқаришни, скейтни итаришни ўрганиб олди.

Тўғри, ҳаммасига бирданига эришгани йўқ. Лекин вақт-соати келганда Ник соғлом тенгдошлари билан бир сафда оддий мактабга қатнай бошлади.

Ноумидлик

Орзуга эришишни истасангиз, яна бир кун, бир ҳафта, бир ой ва яна бир йил ўзингизни ишлашга мажбурланг. Таслим бўлмасангиз, юз берган воқеадан ҳайрон қоласиз.

«Сен ҳеч нимани билмайсан!», «Сен билан дўст бўлишни истамаймиз!», «Сен ҳеч кимсан!» — Ник бу сўзларни мактабда ҳар куни эшитарди.

Ҳаммаси ўзгарди: у ўрганган нарсаларидан ортиқ фахрланмай қўйди; энди ҳеч қачон у бажара олмайдиган ишлар хаёлидан кетмай қолди. Аёлини қучоқлаши, фарзандини қўлига олиши...

Бир куни Ник онасидан уни ваннахонага олиб боришини сўрайди. Хаёлига «Нима учун мен?» деган сўз ўрнашиб қолган болакай ўзини ўзи чўктиришга уринди.

«Улар бунга арзимайди», — 10 ёшли Ник уни ҳаддан ташқари яхши кўрадиган ота-онаси билан бундай қилолмаслигини тушуниб етди. Суицид — инсофсизлик. Яқинларига нисбатан виждонсизлик – деган ўйга келди у.

Ўз-ўзини идентификациялаш

Бегоналар хатти-ҳаракати ва гап-сўзлари шахсиятингизни белгилай олмайди.

«Сенга нима бўлди?!» — Ник жаҳонга танилгунга қадар унга энг кўп бериладиган савол шу эди.

Оёқ-қўлсиз йигитни кўрганда одамлар ҳайратини яширолмасди. Кўз қири билан қараш, орқасидан пичирлаш, масхаромуз кулиш — Ник буларнинг барига жилмайиб қўя қолади.

Ҳазил-мутойиба

Иложи борича кўпроқ кулинг. Ҳар қандай одамнинг ҳаётида қийинчиликлар ва нохушликлар бўлади. Синовларни ланъатламанг. Сизга ўқиш ва ривожланиш имкониятини бергани учун ҳаётдан миннатдор бўлинг. Бунда юмор туйғуси ёрдам беради.

Ник ўта ҳазилкаш. Оёқ-қўли йўқ — ҳаёт уни «калака қилди», нега энди унинг устидан кулмасин?

Бир куни Ник учувчининг кийимини кийиб, авиакомпания рухсати билан йўловчиларни кутиб олди: «Бугун самолётни бошқаришнинг янги технологиясини синаб кўрамиз... ва мен сизларнинг учувчингиз бўламан».

Ник Вучич билан шахсан таниш бўлган кишилар унинг ўзгача юмор туйғуси соҳиби эканлигини айтишади. Бу фазилат эса, маълумки, одамнинг ўзига бўлган ачиниш ҳиссини йўқотади.

Истеъдод

Агар жуда бахтсиз бўлсангиз, демак, ўз ҳаётингиз билан яшамаяпсиз. Истеъдодингиз белгиланган мақсад йўлида ишлатилмаяпти.

Ник Вуйчич иккита олий маълумотга эга: бухгалтерия ҳисоботи  ва молиявий режалаштириш. У муваффақиятли мотивацион спикер ва бизнесмен. Бироқ унинг асосий қобилияти — ишонтира олиш. Жумладан, санъат орқали.

Никнинг биринчи китоби «Чекловларсиз ҳаёт: Бемаъни яхши ҳаёт учун руҳланиш» (30 тилга ўгирилган). 2009 йили у «Капалаклар цирки» қисқаметражли фильмида бош ролни ижро этди (IMDb рейтинги — 8.10). Ҳаёт мазмунини англаш ҳақида.

Спорт

Ақлдан озганлик — бу даҳолик: таваккалга қўл урган ҳар қандай киши атрофдагилар нигоҳида тентак ёки зўр истеъдод соҳиби сифатида гавдаланади.

«Телба», — деб ўйлайди кўпчилик серфинг учаётганда тўлқинни излаётган ёки парашютдан сакраётган Никка қараб.

«Жисмоний ўхшамаслик мени ўзимни ўзим чеклаганчалик чеклашини тушуниб етдим», — деб тан олади бир куни Вуйчич ва шундан буён ўзини ҳеч нимадан чекламасликка аҳд қилди.

Ник футбол, теннис ўйнайди, жуда яхши сузади.

Мотивация

Оламга бўлган муносабатингизни масофадан туриб бошқарувчи пульт деб ҳисобланг. Агар сиз томоша қилаётган дастур ёқмаса, шунчаки пультни олинг-да, телевизорни бошқа дастурга ўтказинг. Ҳаётга бўлган муносабат ҳам худди шундай: натижадан қониқмасангиз, қандай муаммога дуч келганингиздан қатъи назар, ёндашувни ўзгартиринг.

19 ёшида Никка ўзи таҳсил олаётган Гриффит университети талабалари олдида нутқ сўзлашни таклиф қилишади. Николас рози бўлади: чиқиб ўзи ҳақида қисқача сўзлаб беради. Кўпчилик аудиторияда йиғлайди, бир қиз эса саҳнага чиқиб, уни бағрига босади.

Йигит тушундики — нотиқликка истеъдоди бор.

Ник Вуйчич 45 та мамлакатни айланиб, 7 та президент билан учрашади, минглаб томошабинлар олдида нутқ сўзлайди. Ҳар куни интервью ва нутқ сўзлаш таклифи билан ўнлаб илтимослар келади. Одамлар нега уни тинглашни истайди?

Чунки унинг чиқишлари сийқаси чиққан оддий нарсалар эса: «Муаммонг борми? Қўйсанг-чи, менга қара — на қўл, на оёғим бор, ана кимда муаммо!».

Ник кулфатни таққослаб бўлмаслигини тушунади, ҳар бир одамнинг ўз дарди бор: «мен билан солиштирганда сенинг аҳволинг унчалик ёмон эмас» деган сўз билан одамларга далда беришга уринмаслик керак. У шунчаки улар билан суҳбатлашади.

Қучоқ

Менинг қўлларим йўқ, қучоқлаганда юракка тақалади. Бу кишини ҳаяжонлантиради!

Ник қўлсиз туғилгани учун уни ҳеч қачон қўмсамаганлигини тан олади. Унга етишмаётган ягона нарса — қўл бериб кўришиш. У ҳеч кимга қўл беролмайди.

Лекин у бунинг чорасини топди. Ник одамларни қалби билан... қучоқлайди. Бир куни Вуйчич ҳатто қучоқлашиш марафонини уюштиради — бир кун 1749 нафар кишини бағрига босди.

Муҳаббат

Агар қалбингиз севгига очиқ бўлса, муҳаббат албатта келади. Агар юрагингизни девор билан ўраб ташлаган бўлсангиз, ишқни хаёлингизга ҳам келтирманг.

Улар 2010 йил 11 апрель куни танишдилар. Соҳибжамол Канаэ Мияхарнинг йигити бор эди, Никнинг эса на қўли ва, на оёғи. Буни бир қарашда муҳаббат деб бўлмайди. Бу шунчаки севги. Ҳақиқий, чуқур ишқ.

2012 йил 12 февраль куни Ник ва Канаэ турмуш қуришди. Ҳаммаси бинойидек ўтди: оқ кўйлак, смокинг ва Гавайида асал ойи.

Оила

Агар ҳар бир қарор ортида қўрқув бўлса, тўлақонли ҳаёт кечириб бўлмайди. Ҳадик олдинга ҳаракат қилишга бермайди ва истагингни амалга оширишга халал беради. Лекин бу шунчаки кайфият, туйғу. Қўрқув реал эмас!

«Тетра-Амелия» синдроми — ирсий. Ник қўрқиб кетмади.

2013 йил 14 февраль куни Канаэ ва Ник ўғилли бўлишди — Киёси Жеймс Вуйчич.

Ҳозир тўрт нафар фарзанди бор.

Фото: «Play.one»

Умид

Ҳаётда ҳамма яхшиликлар умид билан бошланади.

Ник Вуйчич — қўлсиз ва оёқсиз одам. Ник Вуйчич — мўъжизага ишонадиган одам. Унинг кийим-кечак жавонида бир жуфт ботинка бор. Ҳар эҳтимолга қарши. Негаки ҳаётда ҳамиша умид билан яшаш керак.


P.S. Ник Вуйчич Тошкентга келмоқда! «Чегарасиз ҳаёт» форумида у қандай қилиб бахтли бўлиш ҳақида гапириб беради. 2019 йил, 14 сентябрь — ўтказиб юборманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг