«Қўлларим йўқ бўлгани билан ақлим бор» — Дониёр тенгдошларига мотивация бера олади (видео)
У — талаба. Дарсларга вақтида қатнайди, машина ҳайдашни билади, пианино чалади, футбол ўйнайди, компютер тузатади, ўз устахонаси, ўз тадбиркорлиги бор. У тенгдошларидан ҳам кўра кўпроқ ютуқларга эришган. Ёшлар орзу қиладиган ҳамма-ҳамма нарсаси бор — севган машғулоти, содиқ ўртоқлари, меҳрибон ота-онаси, машинаси... Унинг яна бир фахрланадиган нарсаси — метиндек иродаси бор.
У дарсда ручкани тишлаб олиб ёзади, тишлари билан компютерни тузатадиган ускунани ушлайди, тузатиш ишларида отвёркани тишлари орасида ушлаб, тили билан ҳаракатлантиради. Оёқлари билан компютерни тузатади, оёқлари билан пианино чалади, машина ҳайдайди.
Унинг ҳамма нарсаси бор, фақат...
Биз сизга ҳикоя қилаётган Дониёржон Маҳкамов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали телекоммуникация технологиялари ва касб таълими факультети 1-босқич, 650-19-гуруҳ талабаси. У Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида оддий ишчилар хонадонида туғилиб ўсган. Болалигида бахтсиз ҳодиса туфайли иккита қўлидан айрилган, ҳозирда 1-гуруҳ ногирони.
Шунга ҳам мана 12 йил бўлди. Инсоннинг яшаши учун муҳим бўлган қўлларидан ажраган бу йигит тушкунликка тушмади. Ҳар бир ишга таваккал қилишдан олдин «мен буни албатта қила оламан» деган мақсадни қўйди олдига.
— Одам ҳеч қачон умид қилишдан, шукр қилишдан тўхташи керак эмас, — дейди Дониёржон. — Ҳар қандай ишни бошлаётганда «мен буни қила оламан» деб таваккал қиламан, албатта уриниб кўраман. Менинг қўлларим йўқ бўлгани билан ақлим бор, бир инсонда бўлиши керак бўлган иродам бор. Ана шу иродани шундай вазиятларда ишга солмасам, умидим ва ишончимдан фойдаланмасам, кейин кеч бўлади. Айни пайтда телефон ва компютер тузатадиган устахонам бор. У ерда ушбу техникаларни тузатишдан ташқари савдо қилиш билан ҳам шуғулланаман. Шунинг ортидан менинг доимо узоғимни яқин қилаётган машина ҳам сотиб олдим. Биз ёшларнинг ўқиш ва ўрганишимиз, интеллектуал салоҳиятимизни оширишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Биздан талаб қилинадигани ўз устимизда ишлаш, вақтдан унумли фойдаланиш. Инсон ўз матонатини ва иродасини шакллантириши учун кўп китоблар ўқиши ва асар қаҳрамонларидан ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, замонавий билимлардан хабардор бўлиши, санъат турлари билан шуғулланиши, ҳунар ва тил ўрганиши лозим.
«Мен Она юртимиз, жамиятимиз тараққиёти ва айниқса ёшларимиз, тенгдошларимиз келажаги учун шиддат ва шижоат билан меҳнат қилаётган муҳтарам Президентимиз матонатидан ибрат оламан ва шукроналик кайфиятида яшайман...» — алоҳида таъкидлайди у.
— Бундай ҳолга қўққисдан тушган одам ўзини йўқотиб қўяди, ҳаракатсиз қолади, мен ўғлим ана шундай ҳолга тушишидан қўрққандим, лекин у иродаси билан тез оёққа турди, ўз олдига аввалгидан ҳам кўпроқ мақсад қўйди, — дейди унинг отаси Холматжон Маҳкамов...
Йўлбошчилар ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган, ҳужжатли, бадиий филмлар ишланган. Йўлбошчиликка танланган номзод ўша халқини бало-қазолардан асрайди. Энг қийин пайтлари, энг қийин вазиятларда олдинги сафларда йўлбошчилик қилади. У ўз матонати, довюраклиги билан халқини оғир шароитдан ёруғликка олиб чиқади.
Дониёржонни ҳам ўша йўлбошчиларга ўхшатгим келди. Ён-атрофидаги дўстларига, одамларга ўз иродаси билан, матонати билан ортга чекинмасликда, фақат олдинга қараб юришда ибрат бўладиган йўлбошчиларга. Инсон иродаси, масъулиятлилиги уни қандай марраларга етказишини кўрсатиб турувчи барометрга ўхшайди бу каби инсонлар.
У ҳақда тенгдошлари
Беҳзод: «Унинг матонатидан ҳайратланаман ва қаддимни ростлайман».
Достон: «Ўқишда, меҳнатда, спортда мен Дониёржондан мотивация оламан, унинг ҳаракатларини кўриб бир лаҳза ҳам тўхтаб қолишга ҳаққим йўқ деб ўйлайман».
Искандар: «Тенгдошим туфайли шукроналик нима эканлигини англаб етдим».
Шоҳсанам: «Ғайрат ва шижоатидан руҳланаман».
Ҳа, бир нафаргина мана шундай қатъиятли, матонатли инсон бошқаларни ортидан эргаштира олади. Унинг атрофидагилар «Нега бу қилган ишни биз қила олмаймиз» деб ўзига ўзи савол беришади. «Очиғи икки қўлимиз бут бўлиб дарсларда қатнашмасак, уйга вазифани тайёрламасак уяламиз?» — бугун унинг мактабдош ўртоқларию, талаба сабоқдошлари ҳар лаҳзада мана шундай фикрни хаёлларидан ўтказаётган бўлса не ажаб. Шундай, Дониёржондек йўлбошчилар атрофдагиларни эзгулик қилишга, ўзига ўзи ҳисоб беришга чақиради.
«У юртимизнинг ютуғи»
У ҳатто том маънода ўқитувчиларини, устозларини ҳайратлантира олди:
— Дониёржон ахборот технологиялари ва фан тўгаракларининг фаол аъзоси, — дейди устози Бахтиёр Толипов. — Унинг табиий фанларга меҳри бошқача. Ахборот технологиялари билан математикани бир биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Дониёржон ўзининг тиришқоқлиги, матонати, сабрлилиги билан тенгдошларига, керак бўлса бизга ҳам ўрнак бўла олади. У ҳеч қачон изланишдан, ўрганишдан тўхтамайди. Ҳали спорт тўгарагида, ҳали мусиқа, ҳали компютер хонасида қаттиқ шуғулланаётганини кўришингиз мумкин. Айниқса, бугунги ахборот технологиялари ривожланиб кетаётган бир пайтда шу соҳага қизиқиши ва танлови унинг ютуғидир... Президентимиз томонидан 2020 йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб ном берилди. Демак, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган биз устоз мураббийлар ва ёшлар ташаббускорликни ўз қўлимизга олишимиз лозим. Айнан ана шундай ташаббускорлик ва фидойиликни Дониёржондек метин иродали ёшлар бошлаб бераётгани юртимизнинг яна бир ютуғи.
Бугун кимнингдир фарзанди жиноят қилса йўқчиликни сабаб қилиб кўрсатамиз. Ёки иш йўқлигини сабаб қилиб турли оқимларга қўшилиб кетганларнинг оёқ қўли бут, тоғни урса талқон қилгудек шахти бор. Аслида буларнинг барчаси баҳона. Ҳар бир инсон агар интилса, ўз устида ишласа ҳаётини мўъжизаларга бой қила олади.
«Матонатли одам йиқилмайди»
Мана Дониёр оёқ бармоқлари билан пианинода қувноқ бир куйни чалмоқда, футбол коптогини оёқлари билан кўз илғай олмайдиган ҳаракатда ошириб ўйнамоқда, у югуриш асносида қўққисдан йиқилиб тушди. Аммо ҳеч кимнинг кўмагисиз, қўлларига таянмасдан ўша заҳоти сакраб туролди. Чунки у ҳеч қачон ҳеч кимдан кўмак кутмайди, ўзига ачиниб қарашларини, суяб турғизишларини хоҳламайди. Унинг ўзи айтганидек:
«Матонатли одамда тушкунлик кайфияти бўлмайди, у ҳамиша некбинлик билан яшайди. Бундай одам дунёга, ҳаётга, замонга гўзал кўз билан қарайди, завқ-шавқ билан, шиддат ва шижоат билан яшайди. Барчанинг фақат ижобий, яхши тарафларини кўради, йиқилганда, муваффақиятсизликка учраганда ўрнидан туриб, яна олдинга, мақсадлар сари олға юришга ўзида катта куч топа олади, бошқаларга ибрат бўлади, доим шукроналик кайфиятида яшайди...»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter