Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нетаняху: «Ҳар қандай тинчлик шартномаси доирасида Қуддус Исроилнинг пойтахти бўлиб қолаверади»

Нетаняху: «Ҳар қандай тинчлик шартномаси доирасида Қуддус Исроилнинг пойтахти бўлиб қолаверади»

Нетаняхунинг сўзларига кўра, Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олган Доналд Трамп «тарихий ҳақиқатни эътироф этган».

Фото: ANNA News

Қуддус Фаластин билан эришиладиган ҳар қандай тинчлик келишувидан қатъи назар Исроилнинг пойтахти бўлиб қолаверади. Бу ҳақда яҳудий давлати бош вазири Бенямин Нетаняху пайшанба куни маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

— Ҳар қандай тинчлик битимида Қуддус Исроил пойтахти бўлади ва бизнинг ҳукуматимиз Қуддусда қолаверади, — деди у Давос форумида.  — Бош вазир девони Қуддусда, Исроил парламенти Қуддусда, Исроил Олий суди Қуддусда, ҳукумат Қуддусда. Исроил мавжуд бўлган 70 йилдан буён шундай бўлиб келмоқда.

Нетаняху, шунингдек, Қуддус Довуд алайҳиссалом давридан буён яҳудий давлатининг пойтахти бўлиб келганини ва бунга «атиги» 3 минг йил бўлганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг 6 декабрида Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олган АҚШ президенти Доналд Трамп «тарихий ҳақиқатни эътироф этган».

Шу куни Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олиш вақти келганини айтиб, АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга тайёргарлик кўришни буюрган эди. Қуддуснинг мақоми Фаластин-Исроил зиддиятидаги асосий муаммолардан бири. 1967 йилги уруш пайтида яҳудийлар шаҳарнинг шарқий қисмини эгаллашган ва Қуддус Исроилнинг «ягона ва бўлинмас» пойтахти бўлишини талаб қилишган.

Трампнинг қарорига жавобан БМТ Бош ассамблеяси ўтган йилнинг 21 декабрида 128 та овоз билан Қуддуснинг яҳудий давлати пойтахти деб тан олинишига қарши резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга тўққиз мамлакат — Гватемала, Ҳондурас, Исроил, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, Палау, АҚШ ва Того қарши қарши овоз берган бўлса, 35 давлат бетараф қолди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг