Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Немис босқинидан яширилган бойликлар. Лувр ҳақида сиз билмаган фактлар (иккинчи қисм)

Немис босқинидан яширилган бойликлар. Лувр ҳақида сиз билмаган фактлар (иккинчи қисм)

Бир неча кун илгари Лувр тарихи ва ундаги ўғирланган санъат асарлари қандай шакллантирилгани ҳақида маълумот берган эдик. Қуйида унинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Лувр учун янги ном

Луврда йиғилган кўплаб санъат асарларнинг эгаси Наполеон Бонапарт ҳисобланган. Шу туфайли у 1803 йили музейга ўзининг номини беради. Бу орқали французлар ҳукмдори император сифатида янада кўпроқ шон-шавкатга эга бўлишни хоҳлайди.

Қайд этилишича, ўша даврда музей коллекцияси ўзида қарийб беш мингдан зиёд нодир тўпламларни жамлаган.

Императорнинг навбатдаги ўлжалари

1806 йилдан 1807 йилга қадар Наполеон Пруссия орқали Россия чегарасигача бўлган юришларида кўплаб беқиёс санъат асарларини тўплаган. Биргина Берлин шаҳрида у 54 та ноёб расмга эга чиқади.

Шунингдек, сиз суратда кўриб турган тўрт тулпор ҳайкали ҳам ана шу йилларда қўлга киритилган гўзал санъат асари ҳисобланади.

Шоҳ учун катта йўқотиш

Император Наполеоннинг Пруссияга юриши давомида герцоглардан жуда кўп «совға ва инъомлар» олишга эришади. Масалан, Брунвик герцоги Фредерик Уилям III Наполеон учун ўзининг шахсий коллекциясидан 528 та ноёб санъат асарини топширган.

Пруссия ҳукмдорининг инъомлари, бошқа санъат асарлари қатори Францияга йўл олади. Музейда ҳали ҳам уларнинг баъзилари сақлаб келинмоқда.

Кўзгудаги аёл

Наполеон Австрияга юриши давомида Венадаги Белведере галлериясини «зиёрат» қилади. У ердан қарийб 300 га яқин ноёб асори-атиқалар жамланган карвон французлар юртига йўл олган.

Улар орасида Титианнинг ўзига хос санъат асарлари ҳам бор эди. Бугунги кунда рассомнинг «Масиҳ ва кўзгуга қараётган аёл» асари Луврда сақланади.

Жозефинага совғалар

Пруссия ва Австриядан Францияга юборилган кўплаб санъат асарлари Рафаэл Рембрант ҳамда Ван Дейклар муаллифлигида эди. Ушбу асарлар нафақат Луврдан жой олган, балки бир қисми Наполеоннинг рафиқаси Жозефинага ҳам тортиқ қилинган.

Испания ҳам ташқарида қолмади

Испания Европада рўй бераётган воқеалардан ташқарида қолмади. Наполеоннинг ғарбга томон юришида мамлакатнинг бир қатор шаҳарлари ўзларининг беқиёс санъат асарларидан воз кечишга мажбур бўлди.

Хусусан, Испания қироли Фердинанд VII ва унинг содиқ нойиблари ҳам шахсий коллекцияларидан маҳрум этилган.

Маълумотларга қараганда Испаниядан мингга яқин суратлар олинган. Уларнинг кўпи черков ва монастрларга тегишли эди.

Жозефдан испанларга музей

Наполеон Испанияни забт этганидан кейин, испанлар бошқарувчиси этиб ўз укаси Жозефни тайинлади. Испанлар эса, Жозефга янада кўпроқ санъат асарларини «совға қилиш»га мажбур бўлган.

Бироқ акасидан фарқли равишда, Жозеф қўлга киритган ноёб асарларни Мадридда янги музей ташкил этиб, бир жойга жамлайди. Масалан, музейга жамланган ноёб суратларнинг кўпи машҳур рассом Бартоломе Эстебан Муриллога тегишли эди.

Бугунги кунда ушбу музей Прадо номи билан фаолият кўрсатади.

Ўғирланган асарларнинг қайтарилиши

1814 йили Наполеон мағлубиятга учраганидан сўнг, у тортиб олиб келган беш мингдан ортиқ санъат асарлари аввалги мамлакатларга қайтарилган. Аммо, Луврда энг ноёб ва саралари сақлаб қолинади.

Сиз суратда кўриб турган Тибер ҳайкали ҳам Ватиканга қайтиши керак бўлган. Бироқ у ортга қайтариш учун катта ва ноқулай бўлганлиги учун кейинроқ Папа Пиюс VII томонидан қирол Луис XVIIIга совға қилинади.

Эътиборлиси, ўша йили Луврнинг номи ҳам қайта тикланади.

Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги эвакуация

Иккинчи жаҳон урушида Франция Германияга мағлуб бўлишидан олдин Лувр музейи маъмурияти минглаб санъат асарларини ҳимоя қилиш учун уларни яширишга уринишади.

Санъат асарларининг катта қисми қишлоқ жойларидаги фермаларда яширилган. Масалан, «Моно Лиза», «Венера де Мило» ва «Қанотли Самотрац» (суратда кўрсатилган) каби машҳур асарлар Валенседаги уйлардан топилган.

Немисларнинг Луврни қайта очиши

Немислар ўз ҳукмронлиги даврида ҳам Луврнинг фаолият кўрсатишини хоҳлашган. Бироқ машҳур санъат асарлари бўлмаган ҳолда музей деярли бўш эди. Бўшлиқни тўлдириш учун нацистлар яҳудий оилаларидан мусодара қилинган нарсаларни намойиш қила бошлайди.

Ўша йиллари Луврда минглаб буюмлар тўпланиб, у Европанинг турли бурчакларидан ўғирланган асарларни қайта ишлаш марказига айланади. Юқори мансабдор шахслар истаган нарсаларни олишга муваффақ бўлишган. Қолганлари эса, музейдаги бўш деворларни тўлдиришга хизмат қилган.

Нацистларнинг нобакорлиги

Нацистлар ўзлари нолойиқ деб топган ҳар қандай асарлар, шу жумладан, Пабло Пикассо, Анри Матиссе ва Салвадор Дали асаларлари Лувр рўпарасидаги Жю де Паумда сотилган ёки ёқиб юборилган. Шунингдек, бунга яҳудийлар томонидан яратилган ҳар қандай асарлар ҳам киритилар эди.

Лекин Луврнинг бир қатор маъмурлари, санъатшунослар қимматбаҳо буюмларнинг кўпини яширинча гулхандан қутқариб қолган.

Монумент эркаклар

Маълумотларга кўра, нацистлар қарийб 5 миллионга яқин санъат буюмларини ўғирлашган ёки йўқ қилишган.

Мана шундай маданий ваҳшийликларга қарши курашиш учун «Монумент эркаклари» номли гуруҳлар бор эди. Уларнинг вазифаси йўқолган ноёб асарларни қидириш ва тиклаш бўлган.

Давоми бор.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг