Математика олимпиадаси ғолибларига «Нексия» ва «Кобалт» топширилади
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари математика фани бўйича Қўқон олимпиадасида ғолибликни қўлга киритди.
Математика фанидан билимли ва иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги иштирокида республика умумтаълим мактаблари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида математика фани бўйича «Қўқон олимпиадаси» ташкил этилди. Интеллектуал мусобақанинг даргоҳ сифатида Қўқон шаҳри танлаб олинди.
2021 йил 20-21 феврал кунлари «Қўқон олимпиада»сининг вилоят босқичи бўлиб ўтганди, Республика босқичи эса 13-14-март кунлари бўлиб ўтди.
5, 6, 7-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган мусобақа Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабининг ўқувчилари Суннатов Асилбек (биринчи ўрин) ва Ахтамов Озодбек (иккинчи ўрин) ғолибликни қўлга киритди.
Таъкидлаш лозимки, «Қўқон олимпиадаси» ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Уларга «Нексия» ва «Кобалт» русумдаги автомобиллар топширилади. Барча гуруҳ бўйича биринчи ўнталик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш «Инвестицион ваучер»и тақдим этилади. Бундан ташқари, олимпиаданинг ташкилотчиларидан бири — «Қоракўл зиё» нодавлат ўқув муассасаси томонидан эса гуруҳлар бўйича 1, 2, 3-ўринни қўлга киритган ўқувчи-номзодларга математика ҳамда бошқа фанлардан қўшимча билим олиш ҳуқуқини берувчи бир йиллик бепул ўқиш бонуси ҳам тақдим этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter