Нега Германия компаниялари Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармояларни кўпайтирмаяпти?
2016 йилда биз Ўзбекистондаги фаолиятимизни бошлашга қарор қилдик ва ваколатхонани аккредитациядан ўтказдик. Кўпинча мунозараларда Германия тадбиркорлари нега Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармоя киритишни кўпайтирмаётгани ҳақида ҳатто ўзимизга савол берамиз. Бунинг сабаблари нимада?
Дания ва Германияда фаолият олиб бориш жараёнида мен Ўзбекистон билан алоҳида алоқаларга эга эмас эдим. Баъзи бир немисларнинг собиқ совет республикаларига нисбатан шаклланган шубҳа-гумонларига қайсидир даражада мен ҳам қўшилардим.
Кўп йиллар олдин мен Бременда «немис руси» ёки «рус немиси» жаноб Фарид Равилиевич Зокиров билан учрашдим. У талаба сифатида менинг юридик курсларимда ўқирди. Кейинчалик LAUREA GERMANIA асосчиси сифатида Фарид мени Ўзбекистонга чақирди ва LAUREA GERMANIA бошқарувчиси бўлишга таклиф қилди. Ўзбекистон меҳмондўстлиги ва гўзаллиги билан чуқур таассурот қолдирди, мен бу юрт ва унинг одамларини ёқтириб қолдим.
Ўзбекистонга келгач, бу ердаги ваколатхонани аккредитациядан ўтказиш ва жаноб Акром Ҳайдаровни ваколатхонамиз раҳбари этиб тайинлаш таклифини билдирдим. Қарор жуда тез қабул қилинди ва мен катта иштиёқ билан мамлакатингизда фаолият олиб боришга киришдим.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қарийб 160 та Германия компаниялари фаолият кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 9000 га яқин хорижий компанияларнинг ваколатхонаси мавжуд (манба: OWC Foreign Trade, 2019 йил, август). Германиянинг тўғридан-тўғри инвестициялари 2016 йилда 104 миллион еврони, 2017 йилда эса атиги 50 миллион еврони ташкил этди (манба: GTAI, 2019 йил, ноябр). Бу Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга таққослаганда сезиларли даражада паст кўрсаткич. Бироқ, Ўзбекистон сармоя киритиладиган мамлакат сифатида жуда катта салоҳиятга эга, ушбу рақамлар буни исботлайди: 2019 йилда иқтисодий ўсиш 5 фоиздан ошди. 2018 йилнинг февраль ойида Европа ассоциацияси Шарқий қўмитасининг Германия бизнеси ва Олма-Отадаги Хориж савдо палатаси томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатадики, минтақада фаолият олиб бораётган барча компанияларнинг 66 фоизи бизнес ривожланишини ижобий баҳолайдилар.
Ушбу қараш халқаро баҳоларга ҳам мос келади. Жаҳон банкининг 2019 йилги «бизнесни юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон (190 мамлакат ичида) 69-ўринга кўтарилди. 2015 йилда Ўзбекистон 141-ўринда эди. Яқинда «Экономист» журнали Ўзбекистонни «Йил мамлакатии» сифатида эътироф этди. Журнал президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил декабр ойида лавозимга сайланганидан бери амалга оширган ислоҳотларни юқори баҳолаган. Буларнинг барчаси немис ишбилармонлари қулоғига ёқадиган мусиқа каби эшитилиши керак. Хўш, нега унда германиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга кўпроқ аҳамият бермаяптилар?
Кейинчалик сўровларда тасдиқланган фикрларга кўра, қуйидаги ҳолатлар мавжуд: инфляция, бюрократик тўсиқлар ва лойиҳаларни молиялаштиришдаги қийинчиликлар. Афсуски, анкеталарда «мамлакат ва миллат тўғрисида етарли маълумот йўқ» ёки «собиқ совет республикаларидан умумий шубҳаланиш» каби саволлар йўқ. Шунга қарамай, Германиядаги потенциал сармоядорлар билан кўплаб суҳбатларим шуни кўрсатадики, мамлакатни умуман билмаслик ёки умумий «скептицизм» ҳар қандай иқтисодий тўсиқлар билан бир хил рол ўйнайди.
Ва аксинча, бу кўпгина ўзбекистонлик дўстларим ва шерикларимни хавотирга солмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил охирида бошланган ислоҳотлар («2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш стратегияси») тўғри йўналишда бормоқда. «Экономист» журналида айтиб ўтилган ҳолатлардан ташқари қуйидагиларни ҳам таъкидлаш керак: валюта бозорини либераллаштириш, статистика ва иқтисодий маълумотлар соҳасидаги ислоҳотлар. Шунингдек, виза талабларини бекор қилиш ва инфратузилмани такомиллаштириш ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Бу туризмнинг ўсишига олиб келди. Фақатгина 2017 йилдан 2018 йилгача туристлар сони икки баравар кўпайиб, мамлакат 3 миллиондан 6 миллионгача сайёҳни қабул қилди.
Туризмнинг инвестицияларга билвосита таъсири борлигини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Жараённинг бошида менинг ҳолатим шундай эди: илк сафаримданоқ мамлакатга ва унинг одамларига меҳрим ортди ва ўзбекистонлик шерикларим ҳамда дўстларим билан биргаликда фаол ҳаракат қилишга қарор қилдим.
Мамлакатда иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар жараёнида келажакда Ўзбекистонга сармоя киритилишини ошириш учун европалик ва немис тадбиркорлари орасида мавжуд «мавҳумлик» ва «скептик» омилларни камайтириш муҳим. Бунинг учун «оддий инсон дипломатияси» талаб қилинади.
Масалан, маданий ва маърифий алоқалар мактаблар ва университетлар даражасида янада кенгайтирилиши керак. Ва ниҳоят, туризмни ривожлантириш ва унинг кўрсаткичларини ошириш лозим.
Дўстларимиз ва шерикларимиз орасида 2019 йилнинг иккинчи ярмида учта Германия фирмаси Ўзбекистонда иш бошлади. Бундан ташқари, иккитаси аллақачон бу ерда компания ташкил этишган, учинчиси эса ҳозирда кичик корхона очишга тайёргарлик кўришмоқда. Ишонаманки, Германия ва Европанинг у ёки бу мамлакати инвесторлари халқингизга ва Ўзбекистонга меҳр қўяди ҳамда одамларнинг меҳмондўстлиги ва ишбилармонлик қобилиятини ҳисобга олиб, бу ерга сармоя киритишда аввалги шубҳаларини йўқотишади. Биз Дания, Германия ва умуман Европа Иттифоқида ишлаш орқали бунга ўз ҳиссамизни қўшамиз деб ваъда берамиз.
Зёрэн Кроль,
Германиянинг LAUREA GERMANIA компанияси бошқарувчиси, Гамбург
Инстаграм:
@laureagermanialtd
@sorencroll
@faridzakirov
@akhaydarov
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter