НАТО Стокголм ва Хелсинкига Анқара талабини бажаришни маслаҳат берди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндияга Туркия билан «муаммо»ни ҳал қилишни маслаҳат берди. Акс ҳолда улар НАТОнинг бўлғуси саммитида Шимолий алянсга номзодлик мақомидан қуруқ қолиши мумкин.
«Доим шундай қилинган», — таъкидлади Столтенберг.
Швеция ва Финляндия НАТОнинг Мадриддаги 28–30 июндаги саммитига меҳмон сифатида таклиф этилади. Столтенбергнинг фикрича, унгача Хелсинки ва Стокголм Анқаранинг талабларига жавоб бериши шарт.
Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Анқара терроризмга қарши курашдаги позициясидан чекинмаслигини таъкидлади. Албатта, Туркия Финляндия ва Швециянинг хавфсизлик борасидаги хавотирларини ҳам тушунади, деди у.
«Бизнинг позициямиз очиқ ва аниқ, бу мамлакатлар террорчи ташкилотларни қўллашни бас қилиши шарт», — деди Чавушўғли.
Туркия назарда тутаётган террорчи ташкилот — мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси. Анқара Швеция ва Финляндияда бошпана топган ушбу партия аъзоларини Туркияга экстрадиция қилиш ҳамда Туркия ҳудудига мудофаа саноати маҳсулотлари экспортига қўйилган чекловларни бекор қилиш талабларини қўймоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter