Наманганда 35 яшар аёл ниманинг қурбони бўлди?

Кечадан буён яна шов-шув: наманганлик 35 яшар ёлғиз аёл Г.Д. (икки нафар вояга етмаган фарзанди бор) уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарорига исён сифатида мажбурий ижрочилар кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди ва ёниб-куйиб... омонатини топширди.
Тармоқда тарқалган маълумотларга қараганда, марҳума яшаб турган уйини икки ярим йил аввал 13 минг АҚШ долларига сотиб олган. Бироқ кўп ўтмай, олди-сотди жараёнида сотувчи томон фирибгарлик қилгани ойдинлашиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Хуллас, унинг (сотувчи томоннинг) фирибгарликда айбланиб, жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан жазога тортилиши ортидан фуқаролик судида уйнинг олди-сотди шартномасини бекор қилинади ва Г.Д.ни не умидлар билан сотиб олган хонадондан чиқариб ташлаш белгиланади.
Айни жараён эса фожиа билан якунланди.
Фожиа содир бўлган куннинг эртасигаёқ Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Наманган вилоят бошқармаси баёнот берди. Баёнот мазмун-моҳиятида шундай мазмун ётади: бизда суд қарори муҳокама қилинмайди, балки ижро этилади. Тўғри, шундай.
Бироқ масаланинг иккинчи томониям бор: фирибгарликда айбланиб, жазога тортилган шахсдан марҳумага етказилган зарарни ундириш тўғрисидаям суд ҳужжати бор, у бўйича қандай ижро ҳаракатлари амалга оширилди?
Масала чуқурлашиб, воқелик бўйича суриштирув ишлари жиддийлашганидан кейин МИБ Наманган вилоят бошқармасининг навбатдаги баёноти пайдо бўлди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 09.06. 2020 йилги ижро ҳужжатига асосан Ф.Н.дан (уям аёл киши) Г.Д.га 13 минг АҚШ долларига тенг моддий зарар ундириш белгиланган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номида мол-мулки йўқлиги аниқланган. Боз устига, у яшаш жойидан (ижарада яшаётган манзили кўрсатилади) номаълум томонга кўчиб кетганиям аниқланиб, бу ҳақда холислар иштирокида далолатнома тузилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Наманган шаҳридаги коллеж ётоқхонасида истиқомат қилаётгани маълум бўлади. Қисқаси, қуруққина қилиб «... қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда», дейилади МИБ баёнотида.
Ҳеч вақоси йўқ (қоғозда) қарздордан қарзни ундириш бўйича яна қандай чоралар кўриш мумкин? Бу катта савол.
Озодликдан чеклаш жазо тайинланган аёлга жазо ўташ манзили ҳукмда кўрсатилади. Унинг бир манзилдан иккинчи манзилга кўчиб кетавериши, буни ҳатто ИИБ ҳам билмаслиги – яна битта савол туғдиради.
Масаланинг муҳим нуқтаси шундаки, фирибгарликда айбланган аёлга нисбатан озодликдан чеклаш жазоси тайинлангани у етказилган зарарни қопланмаганини кўрсатади.
Юқорида баён этилганлардан хулосаки, ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолган Г.Д. ҳаммасига исён сифатида ўзини ёқиб юборган!
Айни можароларда юқазган битта – марҳума. Яхши ниятда уй сотиб олганди. Уни ҳақиқий эгаси тортиб олди. Икки ўртада фиригарлик килганни суд панжара ортига равона қилмади. Балки озодликдан чеклаш жазоси тайинлади. Боз устига унинг зарарни тўлаш сиёқи ҳам, имконияти ҳам йўқ. Ҳам пули, ҳам уйидан мосуво бўлган Г.Д. эса ўзни ёқиб, жонидан ҳам айрилди...
Ижтимоий адолат бузилдими? Ҳа. Марҳума адолатсизлик қурбони бўлди, дейиш мумкинми? Ҳа! Чунки, бир инсоннинг ҳуқуқи бошқасининг бурнини қонатиш эвазига тикланиши керакмас-да.
Айни фожиа уруғи эса бошданоқ жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида экилгандай. Буни 13 АҚШ долларига «тушириб», камига зарарни қопламаган шахсга озодликдан чеклаш жазоси тайинлангани айтиб турибди... Адолатсизлик занжири шу тарзда бир-бирига уландию, якунда ёш она жувонмарг бўлди, икки нафар вояга етмаган бола эса етим қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter