Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мусулмон дунёси ғазабда – Исроил полицияси ўтган йил Рамазон ойидаги қилмишини бу йил ҳам такрорлади

Мусулмон дунёси ғазабда – Исроил полицияси ўтган йил Рамазон ойидаги қилмишини бу йил ҳам такрорлади

Фото: AP

Исроил хавфсизлик кучлари 4 апрель кечаси ва 5 апрель субҳида Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган юзлаб фаластинликларга нисбатан шовқинли граната, заҳарли газ, резина ўқлар билан ҳужум қилган ҳақида хабар берган эдик.

Ҳужум оқибатида 200 дан ортиқ фаластинлик қўлга олингани, 100 га яқин инсон яралангани айтилмоқда.

WAFA ахборот агентлиги хабарига кўра, Ал-Ақсога бостириб киришдан кўзланган мақсад мусулмонларни у ердан чиқариш ва муқаддас масжид ҳудудига яҳудий мутаассиблари кириши учун шароит яратишдан иборатдир. 

Муқаддас масжидга Рамазон ойида уюштирилган ҳужум мусулмон дунёси томонидан кескин қораланмоқда.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос маъмурияти Исроил хавфсизлик кучларининг босқинини жиноят деб атаган.

«Биз босқинчиларни муқаддас маконда «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтиш оқибатидан огоҳлантирамиз. Бу катта портлашга олиб келади», – деб баёнот берган  Фаластин президенти маъмурияти.

Қуддусдаги муқаддас масжид муҳофазасига масъул Иордания подшоҳлиги ҳам Исроил ҳамласини кескин танқид қилган. 

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги Ал-Ақсога ҳужумни муқаддасотларни ҳурмат қилишга доир халқаро ҳуқуқ меъёрларининг поймол этилиши деб атаган. Айни чоқда, бундай номақбул ҳаракатлар тинчлик йўлидаги музокараларни боши берк кўчага олиб кириши таъкидланган. Расмий Риёз Исроил оккупациясига чек қўйиш ва Фаластин масаласини адолатли ҳал этишда собит эканини маълум қилган.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил хавфсизлик кучларининг муқаддас Рамазон ойида Ал-Ақсо масжидига босқин уюштириши анъанага айланмоқда.

2021 йили Қадр кечасида ҳам Ал-Ақсога ҳужум уюштирилгани мусулмон оламида кескин эътироз ва норозилик уйғотганди.

Ўшанда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Қуддусдаги вазият кескин тус олиши сабабли чуқур хавотир изҳор этганди.

«Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз. Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз», – дея баёнот берган эди вазирлик.

Бундан бир йил аввал, 15 апрель тонгида ҳам Исроил полицияси муқаддас масжидни ҳужум «сценарий»сини такрорлаган.

Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ал-Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ал-Ақсо масжидига сайр эттирган. Ушбу масжидда ўқилган намозга бошқа ерда ўқилган намоздан 500 баробар баланд мақом берилган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамият қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг