Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросими ўтказилди
Нукус шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия маросими бўлиб ўтди.
Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, марҳумнинг оила аъзоларига, халқимизга чуқур ҳамдардлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов қарийб 50 йиллик фаолияти давомида улкан раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан ҳурмат қозонгани, Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, шаҳар ва овулларни обод қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш учун ўзини аямай меҳнат қилганини таъкидлади.
– Қорақалпоқ заминида, Орол ҳалокати юз берган ўлкада яшаб меҳнат қилиш – бу ҳақиқий матонат. Муса Ерниязов ана шундай қаҳрамон халқнинг қаҳрамон раҳбари эди. У 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси деб аталмиш ўта масъулиятли ва шарафли вазифада самарали фаолият олиб боргани буни яққол тасдиқлайди, - деди давлатимиз раҳбари.
Муса Ерниязов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ривожлантириш учун муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшгани ёдга олинди.
– Аллоҳ таоло Муса оғани мана шундай муборак Қурбон ҳайити ва жума кунларида ўз раҳматига олганида ҳам бир хислат борлигидан далолат, дейиш мумкин. Барчамиз учун қадрли бу инсон ҳаётда ўзидан яхши ном, яхши из ва хотиралар қолдирди. «Юрт учун фидо бўлиш – ўлим эмас, аслида қайта туғилиш», дейди донолар. Муса Ерниязовнинг номи ва ёрқин хотираси ҳам бугун қайта туғилмоқда, тарих саҳифаларига абадий муҳрланмоқда, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шарап Уснатдинов, «Қорақалпоқ адабиёти» газетаси бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулистон Аннақличева, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абатбай Данияров Муса Ерниязовнинг эл-юрт манфаати йўлидаги серқирра фаолияти, одамларга яхшиликларини эсга олди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Вазирлар Кенгаши аъзолари ва кенг жамоатчилик марҳум хотирасига ҳурмат бажо келтириб, сурати тагига гуллар қўйди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва фидойи инсон Муса Тажетдинович Ерниязовнинг хотираси халқимиз қалбида доим сақланиб қолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter