Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳокама учун мавзу керакми? Мардикорлар орасига киринг

Муҳокама учун мавзу керакми? Мардикорлар орасига киринг

Баъзида ижтимоий тармоқларда машҳур инсонларнинг ўзаро майда-чуйда жанжаллари борасида жуда кўп баҳс-мунозараларга гувоҳ бўламиз. Ҳатто айрим ёшлар икки гуруҳга бўлиниб, уларнинг ўртасидаги можарони муҳокама қилиш учун вақтларини беҳуда сарфлашмоқда. Наҳотки, турмушимизда машҳурларнинг «деди-деди»сини муҳокама қилишдан, ғийбатдан бошқа арзирли муаммолар йўқ бўлса?! Бор, албатта! Масалан, шаҳримизнинг турли жойларида мардикорлар бозори мавжуд.

Улар орасига кириб кўрсангиз талай муаммоларнинг гувоҳига айланасиз. Ёки кимларнингдир хатоси туфайли уй-жойсиз қолган, тақдир зарбалари сабаб оталик, оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган инсонлар бор.

Мардикор аёллар бозоридан ўтиб борарканман, уларнинг чеҳрасидан «Тезроқ иш чиқақолсайди, бугунги ризқимни топсайдим» деган хавотирли нигоҳни илғайман. Ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлган бу мардикор аёлларнинг бугунча куч-қувватлари бор, соғлиқлари ҳам ҳали панд бериб улгурмади, лекин эртагачи? Кексайганда, бирон касалликка чалиниб қолганларида ким уларнинг жонига оро киролади? Шу саволни бериш учун уларни суҳбатга чорладим.

Ўрта ёшлардаги аёлдан «Турмуш ўртоғингиз бетобми? Бугун оғир юмушларни бажаряпсиз, эртага кексайганингизда аҳволингиз нима бўлади?» – деб сўрайман.

– Қашқадарёдан келганман. Турмуш ўртоғим вафот этган, – дейди аёл. – Икки нафар фарзандим бор. Улар мактабда ўқишади.

– Шароити оғир, боқувчисини йўқотган аёлларга Республика хотин-қизлар қўмитаси ёрдам бермоқда. Қўмитанинг ҳар бир вилоятда бўлими мавжуд, иш масаласида бирон марта мурожаат этиб кўрмаганмисиз?

– Мен қаерга мурожаат қилишни ҳам билмайман. Биласизми, катта қизим тўққизинчи синф ўқувчиси, ижодга жуда қизиқади. Шу қизим журналистика олийгоҳига ўқишга кириши учун нима қилсам бўлади? – ўзи қолиб қизининг ғамини ўйларкан, умид билан сўрайди аёл. – Яъни, ёзганларини қаерга олиб бориш керак, уларнинг манзилини билмайман, – давом этади хижолатлик билан...

Қаранг, бу аёл бутун умр меҳнат билан банд, фарзандларининг келажакда билимли, ўқимишли бўлишларини истайди, аммо улар орзу-умидларига етишишни нимадан бошлашни билолмайди. Юртимизда бундай содда аёллар кўп, уларга етарли эътибор кўрсатадиганлар, савоб учун даромадли иш таклиф қиладиганлар, уларнинг иқтидорли фарзандларига йўл-йўриқ кўрсатадиганлар эса жуда оз.

Бу мардикор аёллар юртимизда кенг нишонланган хотин-қизлар байрами тадбирларини, томошаларини, концертларини телевидение орқали кўришмади дейсизми? Чиройли либосларда, кўкракларига нишонлар тақиб, гуллар билан давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирган юртдош аёлларни кўриб ҳавас қилмади, деб ўйлайсизми? Ёки уларнинг кўнглидан «Нима учун мана шу аёлларнинг ҳамма нарсаси етарли, омади, бахти, имкони бору мен оилам ҳамда тирикчилигим масофаси чегарасидан чиқолмай яшайман, токайгача?!» каби саволлардан қалби ўкинмади, деб ўйлайсизми?

Хаёлларимни бошқа бир аёлнинг гапи бўлди:

– Опажон, орамизда қайнонаси кун бермай ҳайдаб юборган, эри бошқасига уйланган бир самарқандлик аёл бор. Ўша аёл неча йиллар ижарама-ижара юриб, мардикорчилик билан чақалоғини бир ўзи катта қилди. Боласи олти ёшга етганида кўпроқ пул топиш учун уни вақтинчалик болалар уйига топширди. Мана, икки йил бўляпти, боласини қайтариб олиш у ёқда турсин, ўзини ҳам кўрсатишмаяпти. Ҳаттоки уй-жойинг йўқ, деб оналик ҳуқуқи-дан маҳрум қилишмоқчи. Сиздан илтимос, у биздан кўра кўпроқ қийналган, ўша аёлга ёрдам беринг. Сўнгги пайтларда ўз туққан боласини кўролмай руҳий тушкунликка тушиб қолган бечора.

У айтган аёлни аниқ эсладим. Самарқандлик аёл Барно Қаршиева ҳақида гап бораётганди. У газетамизда ёритилганидан сўнг, керакли ташкилотга мақолани топширгандим. Буни қарангки, у ҳали ҳам оғир муаммосига ечим тополмабди.

Аёллар билан суҳбатимиз қизигандан қизиб борарди.

– Мен ҳам бир аёлни танийман, – суҳбатга қўшилди бошқаси. – Унинг ҳам қўлида чақалоғи бор. Бечора, болам каттароқ бўлганидан кейин ишга чиқаман, деб бировларнинг ижара уйида кун кўриб яшаяпти. Ҳаммамиздан ҳам унга қийин, ўша ҳақида ёзинглар.

Эътибор беринг-га, вақти келса бу аёллар бир-бири билан иш талашишади, лекин бир-бирларининг ғам-ташвишига шерик бўлиб жон куйдиришяпти.

Биздан нарироқда машина тўхтадию аёллар «Иш келди!» деганча машина томон югуриб кетишди.
Мардикор бозоридан, тўғрироғи, «Ўзини севмайдиган аёллар макони»дан узоқлашарканман (гарчи ўзларини севганларида ҳаётларидаги адолатсизликка, таҳқирлашларга, оғир юмушларни индамай бажаришга рози бўлармидилар), ўзимга ўзим саволлар бераман: Бу аёллар рўйхатда турган маҳалла қўмитаси раислари қайси бажарган хизматлари учун ҳукуматимиздан маош олишяпти?! Нима учун улар истиқомат қилган ҳудудда «Аёл ҳуқуқлари» бўйича тушунтириш ишлари етарли даражада олиб борилмаган? Чақалоғини дуч келган жойга ташлаб кетмай бағрида улғайтираётган оналар нима учун шароити оғир ижара уйларда сарсон-саргардон бўлиб яшашга маҳкум бўлишяпти?

Фурсати келганида мардикор йигитлар борасида ҳам эслаб ўтмоқчиман. Уларнинг пул топиш масъулияти аёлларга қараганда икки ҳисса масъулиятлироқ, чунки эркак мардикор нафақат оиласини, балки ота-онасини, жигарларини таъминлашни ҳам бўйнига олган. Мабодо ички ишлар ходими кўриниб қолса, бечоралар нима учундир тумтарақай қочишга тушишади. Нима, улар бирон жиноят қилишяптими ёки гиёҳвандлик билан шуғулланишяптими?

Менимча, бундай ёлланма ишчилар учун махсус иш идоралари қуриш лозим. Улар ҳам бошқа касб эгалари сингари қор-ёмғир остида, қуёшнинг тиғида тик оёқда турмасдан, мижозларини ўзларига тегишли идора ичида кутишсин. Бир пиёла чой устида бир-бирлари билан гурунглашишсин, маданий, маънавий ҳордиқ чиқаришсин. Токи улар ҳам ўзларини эркин тутишсин, бехавотир ишлашсин.

Бир сафар ижтимоий тармоқда ёритилган бир мақоламда «кўча-кўйда тиланчилик қилиб юрган садақахўрлар ривожланаётган мамлакатлар қаторида турган юртимизнинг ҳуснига доғ бўлиб тушяпти» деган фикрни билдирганимда, кимлардир «Тиланчилар дунёнинг ҳамма жойида бор. Нима учун биз улардан уялишимиз керак?» деган фикрни билдирганди. Мен аслида тиланчилардан уялганимдан эмас, уларни шу даражага етиб келишларига сабаб бўлган иллатлар борасида шахсий фикрларимни билдириб ўтмоқчи бўлгандим. Зеро, бизнинг саховатли, мурувватли юртимизда тиланчилар мавжуд бўлиши сира мумкин эмас. Тиланчиликнинг олдини олиш учун ҳам бизда имкониятлар етарли. Бунинг учун юқорида айтганимдек бугун мардикорлик қилаётганлар эртага кексайганларида тиланчилик даражасига етиб бормасликлари учун керакли чораларни қўлласак бўлгани. Ҳар бир касб эгалари кексаликда пенсия таъминотига эга бўладилар. Мардикорлар эса бундай имкониятдан маҳрумлар. Масаланинг мана шу томони ҳар бир тегишли ташкилот учун бош муаммога айланмоғи лозим.

Раъно МАҲМУДОВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг