Йўл бўйидаги аёл: у келаётган ва кетаётган манзиллар
Ишга ҳар куни йўналишли таксида қатнайман. Йўл-йўлакай атрофни томоша қилиб, одамлар табиатини ўрганаман. Шу боис кунда бир янгиликка дуч келишим аниқ. Лекин бир ҳолат борки, уни янгилик ҳам деб бўлмайди. Шунчаки ечимини кутаётган муаммо...
Пойтахтимиздаги «Қўйлиқ», «Учқаҳрамон», «Чорсу» ва яна бир қанча одамлар гавжум бўлган масканлар атрофидаги мардикор бозорида саргардон юрган аёлларни кўрганимда, юрагим оғрийди. Бироқ бу сафар уларнинг олдидан шунчаки ўтиб кетолмадим. Аёллар билан суҳбатлашишни, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишни мақсад қилдим.
– Исмим Маҳбуба. Тошкент вилояти Паркент туманида доимий рўйхатда тураман. Меҳрибонлик уйида катта бўлганман. Коллежни тамомлаганимдан сўнг бир ўқитувчи аёл мени қарамоғига олиб, турмушга узатди. Икки йилдан сўнг эрим яна бир хотинга уйланиб, уни ҳам уйимизга олиб келди. Ўзи базўр кун кўраётган эдик, аҳвол янада оғирлашди. Ўша пайтда эмизикли болам бор эди. Тўйиб овқат емаганимдан гўдагим сутга тўймай ҳар куни чириллаб йиғларди. Отаси эса беғам. Бу орада икки кундош тез-тез жанжаллашардик. Охири иккимиздан биримиз уйдан кетишимиз керак бўлди. Турмуш ўртоғим эса ёш хотинини танлаб, мени уйдан ҳайдади. Шу билан оталик «масъулияти»дан ҳам қутулди.
Қўлимда бир ёшли фарзандим билан васийликка олган аёлнинг уйида бир муддат яшадим. У вафот этгандан сўнг у ерга ҳам сиғмадим. Уй сўраб маҳаллага, ҳокимиятга бордим. Лекин улар сансоларликдан нарига ўтишмади. Мана 11 йилдирки, уйсизман. Катта оломон ичида аёл бошим билан ҳалол меҳнат қилиб, фарзандимни боқаяпман. Боламнинг отаси бирор марта ҳам ҳолимиздан хабар олмади, мен-ку майли, ҳатто жигарбандининг тақдирига ҳам қизиқмади.
Маҳбуба Сулаймонованинг сўзларини тинглаб, унинг бемеҳр турмуш ўртоғига нисбатан қалбимда нафрат уйғонди. Унинг ота-онасиз ўсган аёлни хор қилиб, ўз боласини етим қолдириб, хотиржам яшаётганига ҳайрон қоласан киши. Ҳали қирққа кирмаган аёлнинг юзлари ажин билан қопланган. Кўзлари маъюс, ҳаётдан умиди сўнган.
Биз эса Маҳбуба Сулаймонова рўйхатда турадиган Паркент туманидаги «Қўшкўприк» маҳалла фуқаролар йиғинига сим қоқдик. Маҳалла раиси билан суҳбатлашдик. Унинг гапига қулоқ тутинг-а: «Мен бу аёлни охирги марта 2006 йили кўрганман. Маҳалламда рўйхатда туришини биламан. Бошқа ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Қаерда, нима иш қилиб юрганини келиб айтмаса, қандай ёрдам кўрсатишим мумкин? Қолаверса, у бошқа жойга турмушга чиққан. Маҳалладан ҳужжатларини олиб кетса ҳам бўлади».
Ана холос, ўз ҳудудида рўйхатда турган фуқарони 2006 йилдан буён кўрмаган маҳалла раиси ҳақида нима дейиш мумкин?! Хуллас, танқидни давом эттиргандан фойда йўқ. Оқсоқол Дилшод акага масалани аниқ қилиб тушунтирдик. Яъни, одамлар ишониб сайлаган вакил сифатида ўз ҳудудида яшайдиган фуқаросига қандай ёрдам беришини сўрадик. Ахир маҳалла раисларига жуда катта ваколатлар берилган-ку.
Оқсоқол Маҳбуба опа билан тез кунда учрашиб, гаплашишга, никоҳи бекор қилинмаган турмуш ўртоғининг уйига олиб бориб, ҳуқуқларини тиклаб беришга ваъда берди. Натижани эса кузатиб борамиз.
– Исмим Раъно. Сурхондарёдан келганман. Икки нафар ақли заиф фарзандим бор. Турмуш ўртоғимда шундай хасталик бўлган. Буни у билан яшай бошлаганимдан сўнг билганман. Болаларим олдинига соғлом эди. Бу ирсий касаллик бола катта бўлгач ривожланаркан. Қизим 23 ёшда. Ҳозир Термиз шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасида. Ўғлим эса 18 ёшда. Уни ёнимда олиб юраман. Ҳар қанча уринсам ҳам ўғлимни шифохонага жойлаштиришнинг имкони бўлмади. Отасининг касали қайталанганида фарзандимни ҳам, мени ҳам аямай калтаклайди. Ўғлимнинг аҳволи оғирлашса, у ҳам шу ҳолга тушади. Дориларини вақтида олиб бермасам, касаллиги авж олади. Бир томонда қизимдан хабар олишим керак. Отаси бир сўм пул топмайди, унинг ўзига ёрдам керак.
Хуллас, ўғлимни олиб, онамдан қолган эски уйимга қайтдим. Эрим укаларининг қарамоғида қолди. Уларнинг ўзи шу таклифни беришди.
Эски уй ўз номи билан эски. Электр таъминоти узилган, газ йўқ. Уйимнинг деворлари нураган, қишга ярамайди. Шунинг учун ўғлим билан пойтахтга келиб, ишлашга мажбур бўлдим. Мардикорлик қилиб топган пулим квартира ижараси ва қорнимизни тўйғазишга базўр етаяпти...
Раъно опанинг сўзларини узоқ тингладик. У аёл бўлиб бир рўшнолик кўрмаган. Болалари хаста онанинг жони азобда.
Раъно опа яшайдиган Денов шаҳридаги Лолазор маҳалласи раиси билан боғландик. Мавлуда опа уларнинг пойтахтга кетганидан хабарсиз эканлигини, 4 нафар укаси борлиги учун улар ёрдам беради деб ўйлаганини айтди. Шу пайтнинг ўзидаёқ Раъно опанинг укалари яшайдиган уйга борди. Айтишича, тўрт ўғил ҳам отасидан қолган ҳовлида яшар экан. Телефон орқали уларнинг суҳбатини тинглар эканман, «увол сенга эркаклик номи» дегим келди. Тўрт уканинг бирортаси «опамга ёрдам бераман, қарамоғимга оламан» деб айтмади. Ҳаммаси ўз оиласи, рўзғор ташвиши борлигини айтиб, опаси ўз кунини кўриб юрганини уялмасдан гапиришаяпти.
Маҳалла раиси Раъно опанинг уйини таъмирлаб, қарзлари тўловини ҳал этишни ва уйдаги барча шароитни яхшилаб беришни ўз зиммасига олди.
Эҳ, сиз аёллар... Мушкулотни ўз зиммасига олиб турибди. Аслида уларнинг ўзига тоғдек суянчиқ керак. Наҳотки укалар опасининг бу аҳволда юришини ор билмаса?! Бир яшарлигида кўрган фарзандининг бугунги аҳволига қизиқмайдиган отани инсон дейиш мумкинми?
Хуршида Маҳмадаминова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкил қилиш бошқармаси бош мутахассиси:
– Мамлакатимизда 2018 йилнинг биринчи чорагида 72 фоиз аҳоли иш билан банд. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ айни пайтда республиканинг ҳар бир туманида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар ишлашни хоҳловчи фуқаролар ҳамда меҳнат муносабатлари бўйича маълумот олмоқчи бўлган фуқароларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, уй бекалари учун ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, ҳунармандчилик, касаначилик билан шуғулланиш, қолаверса, банк кредити ҳисобидан тадбиркорлик қилиш имконияти мавжуд.
Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига тўхталсак. Мардикор аёлларнинг кўпи оилали, турмуш ўртоғи билан яшайди. Рўзғорни эр-хотин баравар юритишга ҳаракат қилаяпти. Аёллар билан суҳбатлашганимизда улар ойлик маошнинг озлиги, бўш иш ўринлари йўқлигини айтишди. Демак, муаммони ҳал этиш учун ҳудудларда яхши маош тўланадиган янги иш ўринларини яратиш лозим.
Оила мувозанати, аёл бахти – эркак зиммасида. Шундай экан, азиз эркаклар, аёлингизни турмуш синовларидан асраб, фарзандларингизни соғлом вояга етказишга масъул бўлинг!
Дилдора Файзиева,
«Sog‘lom avlod» мухбири
«Sog‘lom avlod» газетасининг 25-сонидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter