Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Аёллар мардикор бозорлари – уят эмас, эҳтиёж

Аёллар мардикор бозорлари – уят эмас, эҳтиёж

Фото: Даракчи

Шу кунларда тақдир ва шароит тақозоси билан мардикор бозорга чиққан аёллар ҳақида блоглар ва сайтларда таъсирли материаллар бериляпти. Раҳмингиз келади, нималардандир норози бўласиз, жаҳлингиз чиқади...

Лекин бўёқларни артиб ташлаб, ҳолатнинг ўзига ҳиссиётларсиз баҳо берсак, муаммо кўринганидек аянчли, ечими туюлганидек қийин эмасдек, назаримда.

Аввало, бир нарсани аниқлаштириб олсак: мардикор бозорига чиқадиганлар аёллар асосан аёлларга хос ишлар учун ёлланади. Ҳар ҳолда, шаҳарда шундай. Албатта, эркаклардан камроқ пул олади деб ғишт қуйиш, лўмбоз ва юк ташиш каби оғир ишларга уларни ёллайдиганлар ҳам учраши мумкин, лекин бу одатдан кўра истисно.

Шаҳардаги аёллар мардикорлиги асосан уй юмушлари – «уй кўтарар», банка ёпар, таъмирдан кейин уйни тозалаш, гилам ювиш, тўй юмушлари, меҳмон кутишда дастёрлик каби ишлар.

Мардикор бозори – меҳнат бозори. У ерга эҳтиёж доим бор. Бу меҳнат бозорини шунчаки тартибга солиш керак. Токи аёллар кўчада иззиллаб иш изламасинлар. Дуч келган аблаҳ уларни мардикорлик учун ёллаб, кейин бошқа ишларга мажбурламасин. Пулини ололмаса, арз қилиш учун асоси бўлсин. Хуллас, бу аёллар меҳнатини муҳофазалаш керак.

Бунинг учун арзимас шароит талаб қилинади: минимал жиҳозланган (ёзда салқин, қишда иссиқ) бино, бозорга кириш-чиқишни суратга олиб турадиган камера, турникет ва ишчи ёллаш билан шуғулланадиган фирмалар (Чилонзордаги «Интегро» савдо марказига кўчиб келган уйбозорни эсланг).

Бунинг учун давлатдан нима қилиши керак? Айтарлик ҳеч нима. Шунчаки иш изловчи билан ишчи изловчи бир-бирини қулай шароитда топа олишига халақит берилмаса бўлди.

Фирма нимага керак, одамлар шундоқ ҳам бир-бири билан топишиб кетаверади-ку дейишингиз мумкин. Мардикор ёллаш икки фуқаро ўртасидаги ўзаро келишув асосида бўлади, бу келишув ҳужжатлаштирилмайди. Шунинг учун бир томонда меҳнат ҳақини ололмаслик, бошқа томонда эса уйига бегона, синалмага одамни олиб бориш билан боғлиқ хавфлар бор. Шунга кўра одамларга келишувни ҳужжатлаштириш имконини яратиш тўғрисида сўз боряпти, холос.

Тўғри, солиқлар ва бошқа чиқимлар масаласи бор. Лекин (зато) кафолатли. Мажбурлаш эмасу, альтернатива сифатида бу вариант ҳам бўлиши керак. Ким рискни ўз зиммасига олса, шунчаки оғзаки келишув билан ишлайверсин, бунга тўсқинлик бўлмаслиги керак. Аммо ўша келишувларни ҳам кўча-кўйда эмас, «цивилизованно» қилинишига шароит яратиб беринглар.

Ҳозир ундай фирмалар бор, мен масалан баъзан улар орқали уй тозалашга одам ёллаб тураман. Лекин улар кам ва асосан интернетда фаолият юритишади. Ўзбекистон шароитида реал ҳаётда иш берувчи ва ишловчи ўзаро учрашиб, келишиб оладиган жой керак. Отанг – бозор, онанг – бозор дейишгану. Ҳамма ҳам интернетда иш битирмайди, айниқса мардикорликка чиққан аёлларнинг ўз хизматларини нет орқали тақдим этиш имкони йўқ. Ёлловчилар ҳам ўзлари кўриб, гаплашиб, кейин қарор қабул қилишни исташлари мумкин.

Аёллар мардикор бозорлари атрофида қуруқ оҳ-воҳлар, у ерга масъулларнинг популистик ташрифлари шу пайтгача иш бермаган, бундан кейин ҳам бермайди. Замонавий чоралар кўриш даври келди. Бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитасидан амалий ҳаракатларни кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг