Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мудраб ётган айрим раҳбарлар ҳам уйғонишини истардик

Мудраб ётган айрим раҳбарлар ҳам уйғонишини истардик

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Ботиробод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулбаҳор Акбаровадан хат олдик. 

«Тўнғич қизим Ҳаётхон мия фалажи хасталиги билан дунёга келган, — дейилади мактубда. — Турмуш ўртоғим билан ўн йилдан буён унинг парвариши билан бандмиз. Қизим умуман гапиролмайди, ҳаракатланмайди, ҳатто овқатини ҳам бизнинг кўмагимиз билан ейди. Аммо бир зум бўлсин умидимизни сўндирмаймиз, мўъжиза юз беришига, касалига шифо топилишига катта илинж билан яшаймиз.

Сизларга мактуб йўллашимиздан мақсадимиз эса сизлар орқали биз каби кўмакка муҳтож инсонлар муаммоларига бефарқ бўлмаётган инсонларга миннатдорлик билдириб қўйишдир. Гап шундаки, хаста қизимизни фақат кўтариб юришга тўғри келади, кичкиналигида билинмасди, аммо улғайган сари бу ҳам қўшимча муаммолар туғдира бошлади. Қизимдан ташқари яна уч нафар фарзандим бор, иккитаси ҳали боғча ёшида. Қизимдан ортиб уларга кўнгилдагидек қарай ҳам олмайман. Уй юмушларини бажаришгаям қийналаман. Хуллас, қизим учун ногиронлик аравачаси жудаям зарур эди. Аравача сўраб маҳалла раисига қилган мурожаатларимиздан фойда бўлмаётганди. Кейин бошқа жойларга ҳам чиқдик...

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами кунлари уйимизга туманимиз прокурори Элёр Абдуллаев кириб келди. Қизим учун ногиронлик аравачаси олиб келибди. Кутилмаган ташрифдан, совғадан қувончимиз ичимизга сиғмай кетди. Энди мушкулим анча осонлашди, қизимни аравачага ўтқазиб юмушларимни бемалол қилишим, кўчаларга қийналмай олиб чиқишим мумкин.

Элёр Абдуллаев бошқа муаммоларимизни ҳам обдон сўраб-суриштириб, қўлидан келган ёрдамини аямаслигини таъкидлаганида мен ҳам шу жамиятнинг тўлақонли эъзоси эканлигимни, қизим кабилар учун қайғураётганлар борлигини ҳис қилдим. Мени анчадан буён иш стажи қийнаётганди, чунки ногирон фарзандим тарбияси боис ҳеч қаерда ишлай олмайман. Қонунчилигимизда эса биз кабиларга алоҳида имтиёзлар борлигини эшитгандим. Э.Абдуллаев менга албатта иш стажи юритилишини таъкидлаб, масъул шахсларни жалб қилган ҳолда бу масалага ҳам ечим топишга ваъда берди.

Мен оиламиз номидан Элёр Абдуллаевга миннатдорлик билдирар эканман, ўзим каби ногирон фарзанд тарбиялаётган оналарга, ҳеч қачон тушкунликка тушманг, дейман. Чунки биз учун алоҳида қайғураётган президентимиз, қолаверса, у кишига камарбаста бўлаётган раҳбарларимиз бор экан, ҳеч қачон ёлғизланиб қолмаймиз».

Мактубни ўқиганлар орасида, ҳа энди, кам таъминларга, ногиронларга ёрдам бериш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланган, бунга барча раҳбарлар масъулда, дейдиганлар ҳам топилади. Албатта, шундай ва шундай бўляпти ҳам. Лекин, бу каби эзгу ишларга панжа ортидан қараб келаётган ёки давлат томонидан аҳоли учун тарқатилиши керак бўлган, нархи нари борса 65-70 минг турадиган суюлтирилган газ баллонларини таниш-билишларига 100-150 мингдан пуллаётган масъуллар ҳам бор-да.

Мудраб ётган айрим раҳбарлар ҳам уйғонишларини истардик. Қолаверса, бирор кишидан яхшилик кўрсангиз, давраларда, одамлар орасида унинг яхши амалини гапириб мақтанглар, токи бу мақтовлар оғизма-оғиз ўша кишининг қулоғига етиб борсин ва у бундан хурсанд бўлиб эзгуликлар қилишга яна-да кўпроқ жидду жаҳд қилсин, дейилади ҳадисларда. 

Яна бир гап: суриштириб кўрсак, мактуб йўллаган синглимиз икки фарзандини боғчага беришга катта эҳтиёж сезади. Ботиробод маҳалласидаги болалар боғчаси эса узоқ йиллардан бери ишламас экан. Одамлар фарзандларини қўшни қишлоқлардаги боғчаларга олиб боришга мажбур. Бу муаммони маҳалла боғчасини капитал таъмирлаш орқали ҳал этиш мумкин. Ҳам аҳоли оворагарчиликлардан қутилади, ҳам қўшимча иш ўринлари яратилади. Ўйлаймизки, Избоскан тумани раҳбарлари бу муаммога ечим топа олишади. Биз эса уларга халқни рози қилишдек эзгу амалларда чарчаманг, деб қоламиз.

Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг