Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мубашшир Аҳмад: «Тегма, куясан!» ёки сиёсат ва биз

Мубашшир Аҳмад: «Тегма, куясан!» ёки сиёсат ва биз

Халқимиз сиёсатга аралашишдан қўрқса-да, лекин барибир унга қизиқади. Хос давралар ва дўстлар орасида сиёсий мавзуда суҳбат қуришлар, кундалик хабарлардан огоҳ бўлиб, уларни муҳокама қилишлар фикримизга далил бўлади. Бу ҳолат эътиборга молик икки ишга далолат қилади:

Биринчиси, юқорида айтганимиздек, халқимиз барибир сиёсатга қизиқади. Бу онг, савия яхши эканини ва келажакдан умид борлигини кўрсатади. Чунки миллатнинг тирик экани аломатларидан бири муаммолар қаршисида сиёсатчи ва ҳокимлари якка қолиб кетмагани ҳисобланади. Балки майда масалалар ечимида ҳам халқнинг турли қатламлари фаол иштирок этади. Қадимдан динимиз ислом хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон, жамиятда кечаётган жараёнларга эътибор қаратишни бизларга ўргатган. Насиҳат ва ҳамкорлик асосида ижтимоий тизим қуришда бир биримизни қўллаш кераклигини таълим берган. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса, бас уни қўли билан тўғриласин. Агар унга унга кучи етмаса тили билан (инкор қилсин). Агар бунга ҳам кучи етмаса, уни қалби билан (ўзгартирсин). Бу иймоннинг энг заифидир», дедилар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад).

Фуқаронинг ўз юрти муаммоларига бепарво эмаслиги — унинг бир бўлаги эканини ҳамда ўз бахти ва бахтсизлиги барча фуқаролар бахти ва бахтсизлиги эканини ҳис этишига далолат қилади. Бу маънога Пайғамбаримиз ишора қилиб бундай дейдилар: «Ким мусулмонлар ишига ғам чекмаса, улардан эмасдир» (Ҳоким ва Табароний).

Иккинчиси, сиёсий онгимиз ҳали пишиб етилмаган. Мамлакат манфаат оладиган даражада тартибли фикрламаймиз. Моҳияти бир икки ҳодисага икки хил муносабат билдиришимиз мумкин даражадамиз. Мамлакат хабар ва ҳодисаларини кузатишнинг ўзи етарли эмас. Балки танқид, маломат, қўллаш ва мухолифат бўлишдаги чегарани билиш ҳам керак. Сиёсат эшикларини билмайдиган, вазият, ҳодисалар ўзани ва жараёнини тушунмайдиганлар ўзини ҳамма сиёсатчилардан ҳам фаросатлироқ деб билган ва унга фикр, овоз ва фаолият билан аралашган пайтда ҳақиқий қиёмат қўпади. Инқироз, инқилоб ва мусибатларнинг боши айни шу ҳолат ҳисобланади.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Биз ҳамма ишни ўзимиз қила олмаймиз. Ҳамма ҳожатларимизни ўзимиз раво эта олмаймиз. Масалан, кийимимизни тикишни тикувчига, уйимизни қуришни устага, овқатларимизни пиширишни хотинларимизга топширамиз. Тикиш ишларини билмаганимиздан кейин тикувчилик қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳандаса ва бошқа ҳунарларни тушунмай туриб бинокор устага эътироз билдиришимиз инсофдан эмас. Оғзимизнинг таъмини ҳам билмайдиган биз, овқатнинг таъмини муҳокама қиламиз.

Агар бундан ҳам ортиғига ўтадиган бўлсак, биримиз шундай даъвода: юртимиз тикувчилари нина ушлашни ҳам билмайди, шифокорлари хастани ўлимга судрайди, бинокорлар бино бузади, холос ва аёллари фақат мағзава пиширади. Мамлакатнинг ягона тикувчиси, ёлғиз бинокори, моҳир шифокори ва қўли ширин ошпази фақат ўзи.

Лекин ақли бор ҳеч ким юқоридаги даъволарни қилмайди. Ҳар касб ва санъатнинг ўз эгаси борлигини эътироф қилади. «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» мақолини севади ва унга амал қилади. Бирор ишда баҳслашиб қолса тажриба эгасига мурожаат қилади. Савдогарлар келишолмай қолса тижорат усталарини ҳакам қилади. Бирор нарсани тушунмай қолса билувчидан сўрайди. Лекин икки соҳа борки, бунда ҳаммамиз билим, тажриба ва тушунчага эгаликни даъво қиламиз. Ваҳоланки улар жуда ҳам нозик ва хатарли соҳа бўлиб, уларни дин ва сиёсат деб аталади.

Динга келсак, ҳаммамиз динни мукаммал фаҳмлаш гумонида. Шариат уламо ва фуқаҳоларидан ҳам олимроқ деган даъвода. Буни икки тоифа одамда янада равшанроқ кўрамиз: диндорлардан жоҳиллари ва динсизлардан жоҳиллари. Улар Аллоҳнинг номидан фатво беришга журъатли бўлиб, шариатдан хабари бўлмагани ҳолда бемалол ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилишади. Улар ҳақиқат устига ҳам журъат қилишади ва дин деб ҳавои нафсларига мувофиқ, майл ва истакларига тўғри келадиган нарсаларни тушунишади. Шу сабаб диндор жоҳиллар ўртасида турли бидъат ва хурофотлар тарқаса, жоҳил либераллар ўртасида мутлақ эркинлик, дин ва унинг низомларидан чекиниш кенг ёйилади. Агар улар ва булар ҳамма нарсанинг чегарасини ва ҳар илмнинг усулини билганларида эди, билган нарсаларида шариат чегарасида тўхтаган ва билмаган нарсаларида Аллоҳнинг динини биладиган уламолардан сўраган бўлар эдилар. Шунда жамият иши тўғри бўлган ва одамлар ҳаёти тартибга тушган бўлар эди. Ҳаром ишлар ҳалол бўлмаган ва покиза нарсалар ҳаром қилинмаган, дин номидан қонлар тўкилиб, қариндошлик алоқалари узилмаган бўларди. Дин буларнинг ҳаммасидан покдир.

Сиёсат бўлса, бизларнинг ҳар биримиз бу борада бошқалардан кўра яхшироқ тушунчага эканимизни ва унинг тўғри йўналишларини бошқалардан кўра яхшироқ идрок этишни даъво қиламиз. Сўнг ўзимизга сиёсат борасидаги қарашларимизда ҳеч қачон хато қилмайдиган авлиёлик мақомини бериб оламиз («мен айтмаганмидим», «буни аллақачон сезгандим», «суриш керак» дея фахрланишу ақллилик қилишлар бунга мисол). Ва, билъакс, бошқаларга сиёсат фанларида ҳеч қачон тўғри тушунчага эга бўлмайдиган нўноқ ва жоҳил ёрлиқларини ёпиштирамиз. Қанийди муаммо шу билан тугаганда эди. Балки бундан кейин ниятларга туҳмат қилиш, мақсадларни тафтиш этиш ва услубни айблаш ишлари бошлаб юборилади. Сиёсатда бизга тескари фикрга эга бўлган ҳамма хоин. Ҳукмда бизга мухолиф бўлган ҳамма порахўр ва ўғри. Рост, сиёсий тушунчалар ва тўғри ахлоқий қадриятлар мана шундай равишда қўлдан берилди. Бу билан ватан тупроғида шаккоклик уруғлари экилди. Шундан халқ сиёсатчига ишонмаяпти, сиёсатчи бўлса, халқни ҳурмат қилмаяпти.

Сиёсий ва ижтимоий ахлоқимиздаги бундай хатарли бузилиш сабабларидан бири кўпгина сиёсатчиларнинг ҳақиқат ва тўғрилик асосларидан узоқлашиб кетишгани, мухолифат ресурсларининг танқидда ва ҳукуматпараст тоифаларнинг маддоҳликда ҳаддан ошишлари эканини инкор қилмайман. Буларнинг барчасининг биз кўриб турганимиз қарорларимиздаги ўздан кетиш ва ғурурга берилишда ва бошқаларга нисбатан муносабатларимизда катта таъсири бор. Лекин бу жамиятнинг сиёсатга нисбатан бузуқ тушунчаларидан пайдо бўладиган масъулиятдан соқит қила олмайди. Агар жамият соғлом тушунчага эга бўлганида алдамчи тарғиботлар ва тўқима ёлғонлардан таъсирланмаган бўларди. Туҳмат эгаларидан даъволарига далил талаб қилар эди. Тўғри тушунчага эга бўлган жамиятларда ҳам умумий масалаларда зиддият тугамайди. Лекин уларнинг ихтилофи кўпроқ ҳақиқатга ёндашув билан, миллатнинг олий манфаатларига кўпроқ садоқат билан бўлади. Масалан, ривожланган мамлакатларда партиялар турлича дастурларга ва сиёсатчилар қарама-қарши фикрларга эга бўлишади. Лекин шу билан бирга улар ўзларидан бошқаларнинг қарашларини ҳурмат қилишади, бирлари бошқаларининг қарашларига ҳам ўрин қолдиришади. Ҳатто битта партияга аъзо кишилар ўртасида фикрлар фарқланади, қарашлар қарама-қарши бўлади. Лекин иш режа ва дастурни тўғри ўзанга солиб юборишдаги ҳаракатлардан ташқарига чиқмайди. Гарчи ҳамма бир хил қарорга келмаса-да, лекин кўпчилик бир фикр остида жамлана олади ва камчилик уларга мухолиф бўлиб, сўнг йўлда биргаликда давом этади.

Бу тўғрида исломнинг таълимот ва дастури ҳам шундай. Ислом ҳам сўзимиз бир бўлишига буюради: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг» (Оли Имрон сураси, 103-оят). Агар ижтиҳодий бир ишда қарашлар фарқланса, жамоат билан бирга бўлиш фарз бўлади: «Аллоҳнинг қўли жамоат устида бўлади. Ким ажраб олса, дўзахга ажратилади» (Имом Термизий). Киши бир нарсани билмаса ва билишни хоҳласа, аҳли илмдан сўраши кераклигини Ислом уқтиради: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр (илм) аҳлларидан сўрангиз» (Наҳл сураси, 43-оят). Гумонга эргашган, нақл ё ҳукм қиладиган нарсаларини аниқлаб олмайдиганларни айблайди: «Сен: «Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм-ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасиз» – деб айт» (Анъом сураси, 148-оят). Ёмон сўзларни эшитиб, ҳақиқатига етмай уларни тарқатадиганлар ва яхши гумон ва одамларга айб тақашда исбот билан гапиришга қарамайдиганлар учун Қуръони карим Ифк воқеасида қаттиқ огоҳлантириш берди: «Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмайди. Сен Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангиз ҳаргиз у (ифк)ка ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга насиҳат қилур» (Нур сураси, 16-17-оятлар).

Пайғамбаримиз «Уч нарса ҳалок қилувчилардандир: Ҳаддан ортиқ бахиллик, эргашиладиган ҳавои нафс ва кўриш эгаси ўз кўришига маҳлиё бўлиши», дедилар (Табароний). Аллоҳнинг Расули тўғри айтадилар. Шахс ёки жамиятни нафсни ишғол қилган бахилликчалик, инсоннинг одамларга муносабати ва қўшниларга алоқасида ҳукмронлик қиладиган ҳавои нафсчалик ва ўзининг қараш ҳамда кўришларидан ҳайратда қолишчалик бирор нарса ҳалок қила олмайди. Айниқса, ўзидан ҳайратланиш иллати жоҳилнинг олимга, ёшнинг каттага ва шахснинг жамиятга эргашмаслигига олиб келди. Биров бошқанинг мантиғи ё ҳужжатини тан олмаяпти. Бу бошқаларникини рад этиб, ўзининг қарашларини маҳкам ушлаб олишдан ва унга кўришини тўғри ёки нотўғри эканини кўрсатиб берадиган йўлларни тўсадиган ўз қарашига маҳлиё бўлишдан пайдо бўлмоқда. Ҳозир биз тушиб кетаётган чуқур шу эмасми? Бизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётимизда ўзаро ишончнинг йўқолиб бориши ва беқарорликнинг юзага чиқишига шу иллат боис бўлмаяпти?

Биродарим! Мамлакатимизда содир бўлаётган жараёнларни уйғоқлик ва ҳушёрлик билан кузатиб боришингиз вожиб. Бу Ватан сизнинг ватанингиз! Агар унинг аҳволи яхшиланиб гуллаб-яшнаса, гуркираса бу сизга яхши дегани. Фарзандларингиз, набираларингиз келажаги дегани. Унга Аллоҳ сақласин, ўт кетса, уйингизни, фарзандингиз, аёлингиз ва мол-дунёнгизни ёндиради. Шунинг учун воқеалар ривожини кузатишда уйғоқ бўлинг! Унга нисбатан ҳукм чиқаришда мувозанатли ва адолатли бўлинг! Чуқур фикрлаб ва мантиққа эргашиб чиқарган хулоса-ҳақиқатингизни маҳкам тутинг, биров билан муросага борманг! Уни ҳикмат ва гўзал насиҳат билан ҳимоя қилинг!

Яхшилаб текширганингиз иш нотўғри экани маълум бўлгандан кейин эҳтиёт бўлинг! У бузиш ва бўлишга сабабчи бўлиб қолмасин! Хато қилиб қўйишдан сақланинг! Умуман, гапирганда одоб ва ҳужжат билан гапиринг! Сўкинманг ва айб қидирманг!

Ҳақ билан ботил аниқ бўлмай иккиланган ишларингизда ақлидан рози бўлаганингиз, фаросатига ишонганингиз ва қалбидаги фазилатларига хотиржам бўлганингиз тажриба эгалари билан маслаҳат қилинг! Уларга далилини билмайдиган масала ва вазиятларда сакраманг! Ғурур жоҳил эканини билишдан тўсиб қўйган мағрурнинг ишини қилманг! Чунки бундайлар одамларнинг энг жоҳил ва энг аҳмоғи бўлади.

Юрт ҳодисалари ва миллат муаммолари тўғрисида муносабатингиз шундай бўлиши керак. Бизга буни буюк муаллим — Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтаётганларида йўл қилиб берганлар: «Ишлар учта бўлади: 1. Тўғрилиги сенга маълум бўлган. Бунга эргаш. 2. Адашув экани сенга маълум бўлган. Бундан сақлан. 3. Ихтилофли бўлган иш. Буни олимга рўбарў қил!» («Ал-Кабир»).

(Манба: Azon.uz)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг