Морхўрлар – Кўҳитанг жилоси. Икки кунлик сафар ҳақида
Сурхон қўриқхонаси «Қизил китоб»га киритилган ёввойи тоғ эчкиси – морхўр билан машҳур. Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилаётган сафарга отланганда айнан морхўрни кўришни ният қилгандик. Икки кунлик машаққатнинг мукофоти ўлароқ шу ниятимизга етдик.
Ҳали бирор марта қўриқхоналарда бўлмаган, ноёб, ёввойи ҳайвонларни кўрмаган одам учун бундан ортиқ завқ бўлмаса керак.
Термизгача поездда етиб бордик, Кўхитанг этагига қадар эса енгил машиналарда. У ёғига бир нечта йўлтанламас автомобилларда тоққа чиқиб кетдик. Йўлимиздаги энг охирги қишлоқдан ўтганимизда аллақачон кун ёйилиб бўлган эди.
Қўриқхонага етиб боргач, биринчи кун асосан бемисл табиатни томоша қилиш билан ўтди. Биз жойлашган «Шалқон» бўлимида морхўрдан ташқари Бухоро тоғ қўйи, силовсин, ёввойи чўчқа, бўри ва бошқа жонзотлар кун кечирса-да, қуюқ ўрмон билан қоплангани учун бирортасини учратишнинг имкони бўлмади. Табиат олами ўта эхтиёткор бўлади, хатто катта тажрибага эга ўрмончилар ҳам ҳарчанд уринмасин, бирорта ҳайвонни учратишнинг имкони бўлмади. Бироқ фото, видео техникаларимиз учун иш етарлича топилди, манзара шу қадар чиройли эдики, суратга тушира-тушира кеч тушганини ҳам сезмай қолдик.
Тун қоронғу бўлганда тайёр материалларни редакцияларга юбориш учун интернетга эҳтиёж туғилди. Шу мақсадда энг яқин масофадаги Шалқон қишлоғидаги мактабга йўл олдик. Барака топишсин, қоронғу тушиб қолган бўлса ҳам интернетни тезда улаб беришди.
Эртаси куни қўриқхонанинг бошқа бўлими – Хатакка борадиган бўлдик. Йўлимиз устида яна ўша мактабга кирдик, қоронғуда яхши кўрмаган эканмиз, узоқ қишлоқда бўлса ҳам бинойидек мактаб бунёд этишибди. Қизил олма маҳалласига тегишли 36-мактабда бор йўғи 90 нафардан кўпроқ бола ўқиркан ва бир мактабга керак бўлган ҳамма нарса бор. Энг муҳими – шунча узоқ масофага ҳам оптик тола тортиб келинибди, интернет тез, учяпти.
Қўриқхонанинг Хатак бўлимига етиб келганимиздан сўнг уловларни кўздан кечириб, яна юқорига чиқиб кетдик. Биз борадиган жойни Боғлидара деб аташаркан. Айтишларича, 10-15 йил олдин Боғлидара сал қолса турли ташкилотларнинг дала ҳовлисига айланиб кетаёзган экан. Ҳатто баъзи ўзига тўқроқ корхоналар қурилиш ҳам бошлаб юборган. Аммо ўз вақтида қабул қилинган қарорлар туфайли барча «яхши дам олиш» ихлосмандлари Боғлидарадан чиқариб юборилган ва табиат ўз ҳолига қўйилган.
– Ҳозир қўриқхона ҳудудига кириш мутлақо тақиқланган. Сиз кўриб турган мана шу йўл атрофидаги дарахт ва буталар юк машиналари ўтаверганидан анча озорланиб қолган эди. Энди эса кўриб турибсиз, бир енгил машина аранг сиғадиган жой қолган, табиат ўзини тез тиклаб оляпти, – дейди биз билан суҳбатда қўриқхона директори Рустам Турдиев. У морхўрларни кўра олишимизни айтиб, бизга тасалли беради. Боғлидара бўйлаб кетарканмиз, барча журналист ва операторлар тинмай икки томонга аланглайдилар, наҳотки ёввойи эчкиларни бугун ҳам кўра олмасак?
Йўқ, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай илк морхўрларни кўрамиз, эътиборлиси, бунинг учун ҳеч қандай бинокл ҳам керак бўлмайди – бешта жонивор шундоқ ёнимиздаги қоялардан шиддат билан югуриб ўтиб кетади. Аранг суратга туширишга улгуриб қоламиз, аммо фото сифати биз ўйлаганчалик яхши эмас.
– Ҳечқиси йўқ, – кулади қўриқхоначилар – Бу ҳали ҳеч нарса эмас, насиб қилса яна кўрамиз. Бизнинг морхўрлар ҳали бирор марта панд беришмаган, қидириб келсак албатта кўриниш беради.
Айтганларидек, сал туриб яна узоқ-узоқлардаги қоятошларда морхўрлар кўзга ташланади. Аммо илғаб олиш қийин, видео, фотоларнинг сифати кутганимизчалик эмас. Ҳамрох журналистлар ҳафсала пир бўлаётганини яширишга уринадилар, аммо ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Майли, жилла қурса осмонда виқор билан учиб юрган бургут ва оқбошли қумойларни кузатамиз.
Ниҳоят, кун ботиши арафасида икки кунлик юришларимиз ўз мевасини беради – морхўрлар сув ичиш учун тушадиган жойга хуфя қўйилган ходим рация орқали жониворлар тоғдан тушиб келаётганини хабар қилади. Бу сафар ўта эҳтиёткор бўлишга аҳд қиламиз ва фақат тасвирга олувчи операторлар йиғилиб боришга келишиб оламиз.
Улар орасига мен ҳам қўшиламан, зеро, кўрмаган нарсам ҳақида ёзишни уддалай олмайман, аниқроғи, ёзмайман. Шундай экан, бормасам бўлмайди.
Йўлтанламас машиналарда сувлоққа яқин жойга борганимиз ҳамоно морхўрларни кўра бошлаймиз. Аввалига бештаси кўринади, ортидан 10 дан ортиғи, кейин эса бутун бошли сурув қоялар орасидан чиқиб келади – жами бўлиб 50 дан ортиқ. Яна бу фақат битта сувлоққа келаётган морхўрлар!
Имкон қадар шовқин чиқармай жониворлар сув ичадиган жойга яқинлашамиз, аммо сурув тоғ-тошлар орасида тўхтаб қолган. Ёввойи табиатда яшайдиган жонзотларда эҳтиёткорлик инстинкти жуда кучли, улар қандайдир савқи-табиий билан аллақачон бизни сезиб улгуришган ва тепада турганча атрофни кузатишади. Йўқ, бу қўлида алламбало кўтариб олган одамлар уларда ишонч ҳиссини уйғотмайди ва сурув қайта тепага кўтарилиб, қоялар бўйлаб бошқа сувлоқ томон йўл олади.
Бизнинг яна ҳафсаламиз пир бўлган, ортга қайтишга чоғланамиз – етарлича видео, сурат олишга улгурдик, сифати ҳам ёмон эмас, шуни ўзи етади.
Аммо шу пайт тажрибали қўриқхоначилар бизни сал нарига бошлайдилар. Чарчаган бўлсак-да, уларнинг ортидан эргашамиз, сойни кечиб ўтамиз, тошлар орасидан сакраймиз. Ниҳоят сурув яна кўринади.
Бу сафар ҳам морхўрлар бизни сезишган бўлса-да, ташналик барибир ўз кучини кўрсатади. Аввалига битта ёшроғи ҳеч нарсага қарамай қоядан пастга сакрайди ва ўзини сувга уради, ортидан бошқалари ҳам тушади. Ниҳоят бутун сурув пастга ўрлайди. Икки кунлик машаққатли юришларимиз ўз мевасини беради ва 100 метр нари-берисида сув ичаётган сурувни томоша қиламиз, қайта-қайта суратга оламиз.
Сафаримиз ўхшади!
Зафар ҚОСИМОВ,
Тошкент - Термиз - Кўҳитанг
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter