Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мобил нотариат: Ўзбекистон учун керакми?

Мобил нотариат: Ўзбекистон учун керакми?

Фото: «Notarybezzubova.ru»

Бутун дунёда карантин муносабатларини ўрнатган пандемия шароитида аҳолининг ҳуқуқий хизмат ва юридик маслаҳатларга эҳтиёжи ортди. Шунингдек, соҳаларнинг глобал рақамлаштириш жараёни ҳам мамлакатимиз нотариат соҳасини такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди.

Аҳолининг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида юртимизда муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Адлия вазирлиги жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш мақсадида электрон нотариус махсус порталини яратди ва ишга туширди.

Мазкур портал орқали мурожаат қилувчилар қуйидаги хизмат турларидан фойдаланишлари мумкин. Хусусан:

  • нотариус қабулига электрон тарзда рўйхатдан ўтиш;
  • харитадан энг яқин нотариус ёки нотариал идорани топиш;
  • электрон мурожаатлар қолдириш;
  • нотариал хизматлар бўйича керакли маълумотларни олиш;
  • нотариус ҳақида фикр қолдириш ва унинг хизматини баҳолаш;
  • очиқ маълумотларни олиш.

Статистик маълумотларга кўра, электрон нотариус портали орқали 2020 йил апрель ойида 28 605 та, 2021 йилнинг март ойида эса 357 082 та электрон нотариал ҳаракатлари рўйҳатдан ўтказилган.

Шу билан бирга, халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, ушбу соҳада амалга ошириладиган ишлар ҳали талайгина. Жумладан:

  1. Мамлакатимизда электрон нотариус хизмати йўлга қўйилган бўлсада, мобил телефонлар учун «Мобил нотариат» иловаси мавжуд эмас;
  2. Электрон нотариус хизмати орқали оталар (оналар) вояга етмаган фарзандларини мамлакатдан олиб чиқишларида оталарнинг (оналарнинг) электрон розиликларини олиш, розилик берилган тақдирда тегишли маълумотларни дарҳол давлат чегара хизматига юбориш;
  3. Транспорт воситаларидан фойдаланиш учун умумий ишончнома олиш;
  4. Банкларда ва бошқа ташкилотларда вакиллик қилиш учун ишончнома олиш ва шунга ўхшаш бир қанча хизматлар мавжуд эмас.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси

Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлиги «Мобил нотариат» дастурини ишга туширди. Мазкур дастур ёрдамида «Aҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (1997 йил 26 июнь № 360-IQ) Қонунига мувофиқ, дори-дармонларни сотиб олиш учун имтиёзларга эга бўлган фуқаролар (65 ёшдан юқори) учинчи шахсларга дори-дармонларни сотиб олишлари учун онлайн режимда ишончнома беришлари мумкин бўлди.

Бундан ташқари, ушбу мобил илова орқали қуйидагиларни амалга ошириш мумкин:

  • картадан энг яқин нотариус ёки нотариал идорани топиш;
  • нотариус хизматидан офлайн фойдаланиш учун нотариуснинг ички биноларини онлайн кузатиш;
  • нотариус ҳаракатлари билан боғлиқ операцияларни ўтказиш учун қандай ҳужжатлар зарурлиги тўғрисида маълумотларни олиш;
  • автотранспорт воситаларидан фойдаланиш учун ишончнома олиш;
  • автотранспорт воситаларидан фойдаланиш учун умумий ишончнома олиш;
  • ишончномаларни бекор қилиш учун аризалар бериш;
  • адвокатлар билан шартнома имзолаш;
  • нотариал ҳужжатларни онлайн текшириш;
  • банкларда ва бошқа ташкилотларда вакиллик қилиш учун ишончнома бериш;
  • адвокатларга электрон ишончнома бериш;
  • оталар (оналар) вояга етмаган фарзандларини мамлакатдан олиб чиқишларида оталарининг (оналарининг) электрон розиликларини олиш ва бошқалар.

Шунингдек, ушбу иловада нотариус ҳужжатларининг ҳақиқийлигини текшириш функцияси ҳам мавжуд.

Ушбу дастур бепул бўлиб, уни барча турдаги смартфонларга «App store» ёки «Play market» интернет дўконларидан юклаб олиш мумкин.

2020 йилда «Мобил нотариат» иловаси орқали 20 мингга яқин нотариал ҳаракатлар амалга оширилган ва мазкур дастур 60 минг марта «App store» ва «Play market» интернет дўконларидан юклаб олинган.

Россия Федерациясида 2020 йил 30 сентябрда Адлия вазирининг «Нотариал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш учун ариза юбориш, нотариал ҳаракат учун тўловларни амалга ошириш, электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш, ариза берувчига нотариал ҳаракатни масофадан туриб амалга оширганлиги учун тўлов миқдорини қайтариш ҳамда масофадан туриб нотариус хатти-ҳаракатларини амалга ошириш тўғрисида»ги 232-сон буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруқ билан қуйидаги янги имкониятлар ва хизмат турлари яратилди:

  1. Кўчмас-мулкни масофавий битимлар орқали турли шаҳарларда жойлашган нотариуслар (2та нотариус) ёрдамида тасарруф этиш. Бунда фуқаролар ўзлари туғилган шаҳрини узоқ вақтга тарк этганда ва бошқа минтақада уй-жой мерос қилиб олганларида ўз шаҳарларига ёки кўрсатилган манзилга меросни қабул қилиб олиш учун бориш мажбуриятидан халос бўладилар. Шу пайтгача мамлакатнинг турли минтақаларида жойлашган кўчмас мулк билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри ўша жойда жойлашган нотариусларнинг бирига бориш ёки ўша шаҳарда рўйхатдан ўтган шахсларга ишончнома бериш талаб этилган;
  2. Масофадан нотариал ҳаракатларни олиб боришда нотариал ҳаракатлар иштирокчиларининг ҳақоратларини (бир-бирига ва (ёки) нотариусга нисбатан) онлайн тарзда ёзиб олиш. Бундай ҳолатлар, жумладан, интернет сайти орқали далилларни тақдим этиш, ҳужжатлар таржимаси тўғрилигини тасдиқлаш, маблағларни нотариуснинг депозит ҳисобварақларига ўтказиш ва шу каби бошқа ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин;
  3. Нотариал ҳужжатларни махсус электрон машина орқали ўқиладиган QR-код билан химоялаш. QR-код бу нотариал ҳужжатнинг пастки ўнг бурчагига қўйиладиган махсус электрон машинада ўқиладиган белгидир. Ушбу QR-код ноёб ҳисобланиб, у аризачилар ёки уларнинг вакиллари тўғрисидаги маълумотлар, нотариал ҳаракатларнинг санаси, нотариал ҳаракатлар тури, рўйхатга олиш рақами, нотариуснинг исми ва ҳужжатнинг асосий тафсилотларини шифрлайди. Нотариат ҳужжатларида QR-кодларнинг пайдо бўлиши сохта нотариус ҳужжатларининг камайишига олиб келади. Бунинг натижасида деярли ҳар бир шахс нотариал ҳужжатнинг ҳақиқийлигини мустақил равишда аниқлай олади, яъни сохта нотариал муҳр ва қалбаки бланклардан қонунни четлаб ўтган ҳолда фойдаланиш ўз аҳамиятини йўқотди;
  4. Эндиликда тегишли ҳужжатлар бўлмаганда фуқароларнинг шахсини биометрик маълумотлари бўйича аниқлаш имконияти яратилди, яъни фуқаронинг шахси махсус электрон дастурлар (мобил ID) ва (ёки) бармоқ излари орқали аниқланиши мумкин;
  5. Электрон ҳужжатларни, шу жумладан, рақамли архивларни нотариуслар томонидан сақлашга қабул қилиш. Бунда фуқаролар эскирган сертификатлар, квартиранинг олди-сотдисига доир битим, никоҳ шартномаси ва шу каби бошқа нотариал ҳужжатларни рақамлаштирган ҳолда нотариуснинг архивига топширишлари мумкин бўлди. Ушбу хизмат, айниқса, узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратади.

Мамлакатимиз нотариат соҳасидаги янгиликлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг соҳага доир тажрибасидан келиб чиқиб қуйидагилар таклиф қилинди:

-        Ўзбекистонда яратилган электрон нотариус махсус портали орқали кўрсатиладиган хизмат турларини транспорт воситаларидан фойдаланиш, банкларда ва бошқа ташкилотларда вакиллик қилиш учун ишончнома олиш, ишончномаларни бекор қилиш учун аризалар бериш, адвокатлар билан шартнома имзолаш, нотариал ҳужжатларни онлайн текшириш, адвокатларга электрон ишончнома бериш каби хизматлар ҳисобига кенгайтириш;

- электрон нотариус махсус порталига қўшимча тарзда аҳолининг нотариус хизматларидан тез ва осон тарзда фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «Мобил нотариат» иловасини яратиш ва жорий қилиш;

- «Мобил нотариат» иловаси орқали ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини мамлакатдан олиб чиқишларида розиликларини олиш имкониятини яратиш;

- кўчмас мулкни масофавий битимлар тарзида турли шаҳарларда жойлашган нотариуслар (2та нотариус) ёрдамида тасарруф қилиш;

- нотариуслар томонидан фуқароларнинг шахсини биометрик маълумотлари бўйича аниқлаш имконини яратиш;

- нотариал ҳужжатларни QR-код билан химоялаш тизимини жорий қилиш.

Мазкур таклифларнинг амалга оширилиши аҳолига нотариал хизматларни кўрсатишни янада арзонлаштириш, тезлаштириш ва соддалаштириш (нотариус қабулига ёзилиш, нотариал идорага келиш талаб этилмайди, йўл кира, вақт иқтисод қилинади, қўлда хеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмайди ва имзо қўйилмайди) имконини беради. Шунингдек, фуқароларнинг шахсини биометрик маълумотлари бўйича аниқлаш имконининг яратилиши шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юриш мажбуриятидан халос этади. Бундан ташқари, нотариал ҳужжатларни QR-код билан ҳимоялаш йўл қўйилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш билан бирга, нотариал ҳужжатларга бўлган ишончнинг ортишига ва натижада фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Рамизбек Қурбонов,

Сардор Турдикулов,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг