Мобиль можаро: Суд «UMS»нинг «Beeline»га қарши даъвосини қисман қондирди
Интернет нашрларида Тошкент туманлараро иқтисодий судида «Ucell» ва «UMS»нинг «Beeline»га эътирозлари келтирилган иккита иш кўриб чиқилаётгани ҳақида аввалроқ хабарлар чиққан эди.
Мамлакатнинг энг йирик операторларидан учтаси — «Beeline», «Ucell» ва «UMS» — интерконнект нархининг ўзгаргани учун жиддий курашга киришишди, деб ёзганди «Sputnik».
Ушбу нашр мухбирлари операторларнинг зиддиятлари нимада эканлигини, уларнинг позицияси қандайлиги ва бу ҳолат бозорда глобал ўзгаришларга олиб келадими-йўқми, аниқлаштиришга уринишган.
Интерконнект нима ўзи?
Ишонч билан айтиш мумкинки, Тошкентнинг оддий фуқароси интерконнект нима эканлигини тушунтириб бера олиши даргумон.
Аслида бу атама мамлакатимиздаги ҳар бир мобиль алоқаси фойдаланувчисига бевосита дахлдор. «UMS» абоненти «Beeline» рақамига эга танишига қўнғироқ қилади. Бу пайтда икки оператор тармоқлари ўртасида алоқа юзага келади: «UMS» қўнғироқни «Beeline» қурилмасига узатади ва бу суҳбатда асосий юк «Beeline» зиммасида бўлади. Тескари ҳолатда ҳам худди шу нарса рўй беради: «Beeline» абоненти «UMS» рақамидаги дўстига қўнғироқ қилганида «UMS» қурилмаси қўнғироқ ва юкламани олади.
Икки оператор тармоғи ўртасидаги алоқа «интерконнект» деб аталади. Агар у мавжуд бўлмаса, бир оператор фойдаланувчиси бошқа оператор рақамига қўнғироқ қила олмайди. Шу сабабли бу мобиль алоқа ва унинг нархига таъсир қиладиган асослардан биридир. Бугунги кунда ушбу амалиёт деярли барча мамлакатларда кенг тарқалган. Фақат битта оператор хизмат кўрсатадиган давлатлар бундан мустасно.
Муаммонинг келиб чиқиши
Ўзбекистондаги мобиль алоқа компаниялари саккиз йил аввал шаҳар телефонлари ёки бошқа операторлар абонентларидан кирувчи қўнғироқларни бепул деб эълон қилишганди.
Бу ҳукуматнинг маъмурий қарорлари натижаси эмасди. Ўша пайтда бозорда рақобат шунчалик кучли эдики, иштирокчиларнинг бири бошқалар билан курашиш учун бу механизмдан фойдаланишга қарор қилади. Натижада бошқа операторлар ҳам кириш қўнғироқларини бепул қилиб қўяди.
Шу ўринда бепул хизмат бўлмаслигини унутмаслигимиз керак, шунчаки уларнинг нархлари қандай шакллантирилади, уларни ким тўлайди — билмаймиз, холос. Мазкур ҳолатда эса харажатлар операторлар, алалоқибат уларнинг абонентлари гарданига юкланади.
Турган гапки, бепул кирувчи қўнғироқлар абонентларнинг ҳисобидан кафолатланмоқда, бундан саккиз йил бурун фаолият юритган операторлар бир-бирлари учун интерконнект нархини ўрнатишга қарор қилишган.
Муаммо нимада?
«UMS» компанияси Давлат монополия қўмитасига «Beeline» устидан даъво қилди, унга кўра бу компания ўз ҳолатини суиистеъмол қилиб, интерконнект нархини 1 цент қилиб қўйган.
«UMS» худди икки кичик оператор («Uzmobile» ва «Perfectum») каби 5 тийинлик ставкага эга бўлмоқчи эди. «Ucell» суд можаросига аралашишни истамади ва агар «Beeline» ҳамма учун ставкани пасайтирса, бу ишга розилигини билдирди. «Beeline» эса кўнмади. Ва суд жараёнлари бошланди...
Суд «UMS»нинг даъвосини қисман қондирди
Сўнгги хабарларга кўра, Тошкент туманлараро иқтисодий суди «UMS» компанияси даъвосини қисман қондириб, интерконнект ставкасини жорий 42 сўмдан 5 тийингача пасайтириш ҳақида қарор чиқарган.
Қонунчиликка мувофиқ, янги ставка суд қарори амал қилишни бошлаган вақтдан бир ой ўтиб жорий этилади. «Beeline» компанияси ушбу қарор устидан юқори инстанция судига шикоят аризаси берилишини маълум қилган. Демак, бу можаро ҳали давом этадиган кўринади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter