Мирзиёев Туркия етакчисини 70 ёши билан табриклади
Бугун, 26 феврал куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон етакчиси Эрдўғонни 70 ёшга тўлгани билан табриклаган.
«Давлатимиз раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар турк халқи ва давлатининг равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Замонавий Туркиянинг барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юқори даражага эришилишида Президент Режеп Эрдоғаннинг ўрни ва ҳиссаси алоҳида қайд этилди», – дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, телефон орқали мулоқотда икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик суръати ошиб бораётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўтган йил якунида қўшма корхона ва лойиҳалар сони сезиларли даражада – 365 тага ортди, Туркиянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан инвестициялар портфели кенгайди. Икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳам, тегишли равишда ўзаро сайёҳлар оқими ҳам кўпайди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шу муносабат билан Ўзбекистон-Туркия Ҳукуматлараро комиссияси доирасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter