Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Милтиллаб турган умид ёки Зафарбекнинг орзулари (видео)

Зафарбек Аллаберганов жуда оғир касалликнинг мураккаб босқичида ҳаёт учун курашмоқда. У «Таскин» деб аталувчи болалар ҳосписида Нохожкин лимфомасининг 4-босқичида даволаняпти. Шифокорлар вазият анча жиддийлигини тан олишган.

Инсон ҳамиша умид билан яшайди. Айниқса болаларда олам-олам орзулар бўлади. Зафарбекдан нимани орзу қилиши сўралганда «Бунёдкор» стадионида футбол ўйнашни ва «спецназ» бўлишни, дея жавоб берган.

Орзулар ижобати билан гўзал. «Сен кучлисан» ташаббускор гуруҳи аъзолари Зафарбекнинг орзуларини эшитишлари билан ишга киришишди. Ҳоспис шифокорлари рухсати ва кўмаги билан Зафарбек зарур муолажаларни олди ва кичик сафарга тайёрланди. Кўнгиллилар у ва онасини «Бунёдкор» стадионига олиб келишди.

Бу ерда болакайни ҳақиқий совға кутиб туради. Бўлажак ҳамкасбларининг орзусини эшитган ички ишлар бошқармаси махсус бўлинмаси йигитлари жам бўлиб, зирҳланган улкан автомобилда Зафарбекни кутиб олишди. Унга ўзларининг совғаларини топширишди, қудратли транспорт воситаси ва қуроллар билан таништиришди. Шунингдек, йигитлар болакайга қандай қилиб ички ишлар ходими бўлиш, халқимиз, ватанимизга хизмат қилиш бўйича маслаҳатларини бердилар.

Акаларининг эътиборидан Зафарбек жуда хурсанд бўлди. Жума намозига кетаётган отахоннинг дуолари эса унга маънавий кўмак бағишлади.

«Бунёдкор» стадиони маъмурияти азиз меҳмоннинг келишига ўзига хос дастур тайёрлаб қўйган экан. Улар Зафарбекни футболимиз тарихи музейи, ёш футболчилар машқ қиладиган майдонлар, стадион маъмурияти билан таништирдилар.

Футболчилар Зафарбек билан бирга майдонга кириб келишди ва бирга суратларга тушишди. Учрашув якунида Зафарбек Аллаберганов майдон марказида тўпни рамзий тепди ва ўйинга киритиб берди. Болакай онасига гул совға қилди ва барчага миннатдорчилик билдириб, шифо масканига қайтди.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг