Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Миллий либослар Наврўз кийими (эмас)

Миллий либослар Наврўз кийими (эмас)

Фото: «Xabar.uz»

Миллий либосларни айнан Наврўз байрами куни эсга олаётганимиз бежиз эмас. Чунки Наврўз яқинлашса, дастлаб миллийлигимизнинг бир кўриниши – либосларимиз хаёлимизда жонланади. Ва миллий байрамимизда шу кийимларни кийсак, бизга ярашади ёки ҳеч ким эътироз билдирмайди, бошқаларда ҳайрат уйғотмайди, деб ўйлаймиз. Бу қанчалик асосли фикр?

Фото: «Xabar.uz»

Хонзода Холиқова, тадбиркор:

Мен бувижоним Дилбархон Ғиёсова тимсолида ҳақиқий ўзбек аёли қанақа бўлишини билиб олганман ва доимо бувимга ўхшашга ҳаракат қилиб яшайман. Бувижоним шаҳар марказида атлас, миллий атрибутлар, сувенирлар сотиладиган дўконда ишлар эди. Момомнинг асл марғилонча муносабати, назокатли ҳусни, суҳбат чоғида овозини баландлатмай,  ўзбекона лутф билан қилган муомаласига  маҳлиё бўлганман. Миллий кийим кийиш қон-қонимга сингиб кетган. Бувижоним 70 ёшида ҳам эгниларидан атлас кўйлак, миллий тақичоқларни ечмаганлар, эстет аёл бўлганлар.

Фото: «Xabar.uz»

Миллий либосга меҳр қўйишимга, тарғиботчи, эстет бўлишимда мана шу аёлнинг роли катта.  Шу кунларда туморча атласдан либос тиктираяпман. Ижтимоий тармоқларда сотиб олган миллий тақинчоқларимни, матоларимни тарғиб қиламан. Ва албатта битта бўлса ҳам аёлда миллий кийим ва тақинчоқларимизга иштиёқ уйғонганининг гувоҳи бўламан.

Оҳиста Жамшид,  «Dalahast» гуруҳи хонандаси:   

Миллий кийим, миллий тақинчоқларга кўп йиллардан бери ишқибозман. Институтда ўқиб юрган пайтларимда, яъни 1993-1998 йилларда дўппи кийиб юрардим, ўша пайтда ҳозиргидай кўпчилик киймасди. Бошқалардан ўзимни ажратиш йўли бўлган деб ўйлайман. Кейин Наталья Мусинани галереясида ишлаганман, ўша ерда эндигина тиклана бошлаган абрбанди матолар бор эди. Шундан тиктириб автобусларда юрганимда атрофдагилар ғалати қарашарди, ўша пайтда атласдан бошқача матоларни кўпчилик билмасди-да, бу йигирма йиллар олдинги гап. Ўшандаям фақат менда бор бунақа миллий кийимлар, деб фахрланиб кийиб юрардим. Ҳозир адрас, шойилар анча кўп, оммабоп ҳам бўлиб кетди. Тўйимгаям фата, оқ шиширилган кўйлакни хоҳламаганман.

Ҳозир ишгаям, саҳнагаям миллий кийимларни кийиб кетавераман. Мухлисларга ёқади, ярашади дейишади.

Фото: «Xabar.uz»

Моҳира Султонова, материалшунос-технолог, каштачилик мактаби «SUZANE SULTAN» МЧЖ  директори:

Миллий либосларни доимий кияман. Ёзда бир неча хил атлас, крепдешин, адрас, шойи кўйлак, қишда эса қавиқли адрас, бахмал нимчалар кияман, адрас шарф, рўмоллар ўрайман. Кўргазма, миллий тадбирларда эса албатта миллий либос кияман. Ҳеч қачон миллий кийимсиз кўчага чиқмайман, лоақал тақинчоғим миллий бўлишига ҳаракат қиламан.

Айниқса, кейинги вақтларда миллий либосларимизга яна қизиқиш кучаймоқда. Фақат тўй, тантаналарда эмас, оддий кунлардаям қиз, аёлларимиз миллий либосларда кўринишмоқда.

Табиийки, бунда танлов ва кўргазмаларнинг ҳиссаси катта. Шунинг учун адрас, атлас ёки дўппи челленжларини ўтказамиз, суратларимизни баҳам кўрамиз. Бошқа ишбилармон ёки давлат ишидаги аёллар катта тадбирларда, оддий кунларда ҳам бежирим миллий либосда юришса, уларни кўрган бошқа аёлларда ҳам ана шундай либосга қизиқиш уйғонади.

Маъсума Обиджонова, Ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти:

Қизим бошидан дўпписини ечгиси келмайди, кийдириб қўй дейди. Чунки бу дўппича сочлари бор шақилдоқли. Болаларга ёрқин ранглар жуда ёқади, айнан миллий матоларимизда сариқ, пушти каби ёрқин ранглар мавжуд. Гардеробимизда миллий кийимларимиз кўп, ҳеч бўлмаганда миллий элементи бўлган либосларни кийдиришга ҳаракат қиламан. Она бола бир хил қилиб тиктирган миллий либосларимиз бор. Албатта байрам бўлиши шарт эмас, мавсумбоп миллий кийимларни кийишимиз қандоқ чиройли. Ўрик гулларининг тагида фотосессия қилмоқчи эдим лекин ҳеч об-ҳаво фото сессиямизни қўллаб қувватламаяпти...

Мубиҳа Исроилова, тадбиркор:

Ўзим тикувчиман. Чорсу бозорида бундан тўрт йил олдин, баҳорда миллий либослар кийим сотиш дўконини очгандик. Ўшанда, хўш ҳозир бу кийимларнинг савдоси қизғиндир, лекин қишда нима сотамиз, деб иккилангандик. Аммо хато ўйлаган эканмиз. Қишин-ёзин миллий кийимларимизга талаб бор, нафақат талаб бор балки, ўсган. Ҳатто қўшни Қирғизистон, Қозоғистонлардан келиб олиб кетишади. Хорижлик сайёҳларнинг-ку кети узилмайди.

— Мен тожикистонликман, исмим Жовидод, дейди ёш ота. — Қизларимизга, сингилларимизга мана шу ердан чиройли миллий либослардан олдик, атайлаб Чорсуга келдик. Бизда ҳам бор, лекин бу қадар жуда катта ҳажмда эмас. Миллий кийимларингизни ёқтирганимизга сабаб эса урф-одатларимиз, қадриятларимиз жуда яқин. Агар умуман бошқа миллат вакили бўлганимда ҳам аниқ айта оламанки, бу кийимчалар ҳар қандай қизалоқларга ярашган бўларди...

Нима учун миллий либосларимизга ҳеч қачон меҳр сўнмайди, нима учун хорижликлар ҳайрат билан миллий матоларимизга интиладир.  

Ривоят қилишларича, бир подшоҳнинг қизини оддий, мато тўқувчи, ҳунарманд йигит яхши кўриб қолади. Подшоҳ йигитга шарт қўяди:  «Сен шундай мато тўқигинки, довруғи етти оламни тутсин, агар эплолмасанг, бошингни танангдан жудо қиламан. Йигит подшоҳнинг оғир шартидан маюсланиб ариқ бўйида осмонга термулиб хаёл суради. Шунда ногоҳ сувда сузиб юрган булутларнинг аксини кўриб қолади. Йигит бу такрорланмас гўзалликдан ҳайратланиб тасаввурини матога кўчиради. Ўшанда подшоҳ бу матони кўриб лол қолган экан». Миллий матоларимизга балки бежиз абр, яъни булут (абрбанди) сўзи қўшилмагандир. Балки шунинг учун ҳам миллий матоларимизнинг довруғи етти дунёга етиб боргандир. Шунинг учун ҳам у абадий яшаётгандир...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг