Миллий гвардия аскарлари қасамёд қилди
Кеча, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларни ҳарбий ва Миллий гвардия қасамёдини қабул қилдиришга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Муддатли ҳарбий хизматчилар ота-оналари, дўсту қариндошлари олдида ҳарбий ва Миллий гвардия қасамёдида битилган муқаддас сўзларни тилга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига содиқликка, ҳарбий низомлар талабларини, командирлар ва бошлиқларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришга тантанали равишда ваъда беришди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Акмал Раҳмонов, Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, сенатор Ботир Матмуратов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Зангиота туман кенгаши Сирожиддин Носиров, Институт фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов, фахрийлар кенгаши аъзоси истеъфодаги подполковник Абдумалик Маджитов, Институт раҳбарияти, офицерлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тантанали маросимдан сўнг Институт ҳарбий хизматчилари ҳамда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари эътиборига Институт бадиий ҳаваскорлик тўгараклари аъзолари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter