Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Микрокредитбанк»дан 3,3 миллиард сўм кредит олган бухоролик тадбиркор чўлда йирик корхона яратди

«Микрокредитбанк»дан 3,3 миллиард сўм кредит олган бухоролик тадбиркор чўлда йирик корхона яратди

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки Республика молия бозорида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида микромолиявий хизматлар кўрсатиш борасида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун фуқароларга кўмакдош бўлиб, уларга ҳеч бир сансоларликларсиз кредит ажратиш бугунги куннинг муҳим вазифасига айланган. Биргина паррандачилик соҳасида бажарилган амаллар ҳам диққатга молик.

«Микрокредитбанк» АТБ матбуот хизмати раҳбари Сарвар Очиловнинг билдиришича, банк томонидан ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 491,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Бунинг эвазига тадбиркорлар ишлаб чиқариш корхоналари қуриб, замонавий дастгоҳларни сотиб олиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришишмоқда.

Бухородаги биргина гўшт гўшт йўналишидаги паррандачиликка мўлжалланган «Behtarin Group» МЧЖга ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун ўтган йил 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 3,3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.

Куни кеча «Микрокредитбанк» АТБ «Паррандасаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда мазкур корхонага бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Мазкур корхона вилоятнинг Ромитан тумани марказидан 20 километр узоқ масофадаги «Хўжауббон» зиёратгоҳи чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, ўз фаолиятини 6 ой илгари тўлиқ бошлаган. Айни пайтда парранда боқишга мўлжаллаб қурилган учта цехда ҳар икки ойда ўртача 90 минг бош жўжа боқиляпти, маҳсулот асосан, ички бозорни таъминлашга мўлжалланган.

«Behtarin Group» МЧЖ директори Феруз Зияевнинг сўзига кўра, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириши учун яна қўшимча 10 гектар ер майдони ажратилган. У ерда ҳам уч та цех биноси тикланиб, яқин ойларда корхона кенгайтирилади ва йил охиригача ўртача 180 минг тонна товуқ гўшт ҳолида ички бозорга чиқарилади.

«Микрокредитбанк»нинг молиявий кўмаги билан тадбиркорликда гўшт етиштириш учун бролейлар боқишни бошладик.  6 ой ичида самарали натижаларга эришдик. 2023 йилда ўз фаолиятимизни кенгайтириб, яна парранда боқишга мўлжалланган 3 та цех қуришни, у ерда парранда учун асосий озуқа бўлган ем ишлаб чиқаришни ҳамда боқилган жўжаларни сўйиш линиясини ҳам ташкил этишни мақсад қилганмиз. Бунда қўшимча ҳар икки йўналишда камида 100 та иш ўрни яратишни ҳам мўлжаллаяпмиз. Ҳозирги кунда фаолияти йўлга қўйилган цехлар Украина технологияси асосида юритилмоқда. Шу ўринда, мазкур техник аппаратларни ишлатишда анча қийналиб қолганимиз боис, ўзаро шартнома асосида айнан украиналик мутахассисларни жалб этиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланганимизни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Бугун мазкур махсус техник аппаратлар иш унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Паррандалар қўл билан меҳнати билан эмас, балки компьютерлар орқали бошқариладиган техник аппаратлар хизматидан фойдаланган ҳолда озиқлантирилади», дейди Феруз Зияев.

Бундан ташқари, самарқандлик тажрибали мутахассислар ҳам жалб этилгани билдирилди. Маълум бўлишича, корхона ишчиларига 1 миллион 800 минг сўмдан 8 миллионгача маош тўланади. Ишчилар  3 маҳал иссиқ овқат, кийим-кечак ҳамда ётоқҳона билан ҳам таъминланган.

Маълум бўлишича, тадбиркор бор-йўғи, 6 ой ичида самарали натижага эришган бўлса-да, қиш мавсумидан анча қийинчилик билан чиққан. Узоқ чўл ҳудудида табиий газ таъминоти масаласи асосий муаммолардан бири бўлиб келган. Суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиб келинган.

«Яширишга ҳожат йўқ, қиш чиллаларида суюлтирилган газ баллонларини ҳам ўз вақтида ололмаган кезларимиз бўлган. Туман ҳокими Умиджон Барноевнинг тадбиркорларга бўлган эътибори ва кўмаги билан бугун 1,5 километр масофадаги йирик газ қувурлари орқали табиий газ тармоқларини корхона манзилигача тортиб келтирдик. Узоғи билан икки-уч кунда табиий газ тармоғи хизмати тизимга уланади. Бундан ташқари, баъзан электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келади. Шундай пайтларда генераторлардан фойдаланамиз. Бу билан корхонамиз узоқ чўл ҳудудида жойлашган бўлса-да, тадбиркорликни ривожлантиришимиз учун мутасаддилар томонидан туман марказидан қолишмаган шарт-шароитлар яратишда қўллаб-қувватланаётганимизни айтиб ўтмоқчиман», деди Феруз Зияев.

Билдирилишича, айни пайтда корхонани Инжиниринг компанияга айлантириш учун саъй-ҳаракалар олиб борилмоқда. Шу мақсадда қўшимча заводлар қуриш бўйича Туркиядан ҳам мутахассислар таклиф этилмоқда.

«Бугун республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Микрокредитбанк» АТБга 85 миллион АҚШ доллар миқдоридаги маблағ ажратиш белгиланган. Ҳозирга қадар 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.  2022 йил 1 июндан 400 миллиард сўмгача кредит маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун Марказий банк асосий ставкасида 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача револьвер кредитлар ажратилади. Бухородаги «Behtarin Group» МЧЖ ҳам ана шундай кредит маблағлари эвазига ўз тадбиркорлигини ривожлантириб, жуда тез фурсатда аҳоли ва жамиятга фойда келтира оладиган даражада иш самарадорлигини ошира олган мижозларимиздан бири. Бундай тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дейди «Микрокредитбанк» АТБ матбуот хизмати раҳбари Сарвар Очилов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг