«Микрокредитбанк» Тошкентда пресс-тур уюштирди (фото)
Куни кеча «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Тошкент шаҳар Амалиёт бошқармаси томонидан молиялаштирилган Пойтахтнинг Янги ҳаёт туманидаги «Umka garden» хусусий боғчасига пресс-тур уюштирди. Унда бир гуруҳ республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари хусусий боғча фаолияти билан бевосита яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
2021 йилнинг бошида «Микрокредитбанк» томонидан «Ёшлар тадбиркорлиги» дастури асосида «Umka garden»нинг моддий-техник базаси учун 33 млн. сўм кредит ажратилган. Болалар боғчаси айни пайтда тўлиқ ишга туширилган.
«Айни пайтда мактабгача таълим муассасамизда олтита гуруҳ ташкиллаштирилган бўлиб, унда 90 нафардан зиёд болажонларимиз бор. Турли хил тўгараклар: рақс, каратэ, шунингдек гапиришда қийналаётган болалар учун махсус логопед дарслари йўлга қўйилган» — дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Умида Худоёрова.
Бундан ташқари янги йил бошида яна қўшимча гуруҳлар очиш ҳамда МТМни кенгайтиришни мақсад қилганини билдирди.
«Микрокредитбанк»да мижозларга қулайлик яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик йўналишида банкка онлайн кредит буюртмалари юбориш, маҳсулот, хомашё, ускуналар етказиб берувчи корхоналар билан муносабатларни эркин амалга ошириш имконини берувчи Ягона электрон платформа ишга туширилган.
Шунингдек, ушбу платформада банк ва маҳсулот (товар) етказиб берувчи корхоналардан фойдали маълумотлар олиш, бизнес-режа танлаш, қулай нархларда маҳсулот (товар) етказиб берувчи корхоналарни топиш каби қўшимча имкониятлар ҳам яратилди.
Факт: Банк томонидан жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 1 936 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, шуни ҳисобига 76 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.
Ҳар бир ҳудуднинг, маҳалланинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаган ҳолда имтиёзли кредитлар ажратиш механизмининг йўлга қўйилиши натижасида, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан имтиёзли кредитлар707 млрд. сўмга ёки икки баробарга, аҳоли бандлиги таъминлаш кўрсаткичи 29 мингтага ўсди.
Мазкур имтиёзли кредитларнинг 63 фоизга яқини ёки 1 214 млрд. сўми 42 526 нафар ишсиз ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига йўналтирилди. Бунинг натижасида, 47 мингдан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Яна бир муҳим кўрсаткич: ўзини-ўзи банд қилиш йўналишида 9 863 та жисмоний шахсларга 223,2 млрд. сўм миқдорида (2020 йилда 1 079 нафар фуқарога 22 млрд.сўм) кредитлар ажратилди.
Шу билан бирга, ҳудудларда очилган «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган 28 мингга яқин ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатлами вакиллари тадбиркорлик қилишлари учун 618 млрд.сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
Йил якунига қадар банк олдида турган долзарб вазифалар сирасига филиалларида тадбиркорлар билан ишлашнинг айнан «мижозга йўналтирилган», ўз мижозлари билан «бизнес-ҳамкор» сифатида ишлаш, ҳудудларда эса банк фаолиятини «мижозбай», «маҳаллабай» тамойили асосида давом эттириш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter