Миграция заруриятданми ёки ношукурликданми?
2018 йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида содир бўлган мудҳиш воқеа барча ватандошларимизни чуқур ларзага солди. Табиийки, ҳаммамиз сабабни қидирмоқдамиз, ўзимизни овутиш учун биримиз тақдири азалдан деяпмиз, яна биримиз аччиқ устида ҳар хил гаплар айтмоқдамиз.
Кимдир масаланинг туб илдизини объектив таҳлил қилишга ҳаракат қилаётган бўлса, бир тоифа кишилар ушбу аянчли ҳодисага меҳнат муҳожирларининг ўзларини сабабчи қилиб кўрсатмоқда. Албатта, турлича дунёқарашга эга бўлган инсонлар ҳар бир воқеликка ҳар хил баҳо берадилар. Шунинг учун одамларнинг фикрий хилма-хиллигини тўғри қабул қилишимиз керак.
Бироқ ушбу ўринда фикр билдираётганлар ҳар бир масала хусусида бир сўз айтишдан аввал масала тўғрисида ҳеч бўлмаганда бошланғич билимга эга бўлишлари ва ҳар қандай вазиятда холис бўлмоқлари жоиздир. Агар бу қоидага амал қилинмаса бир томондан чиқарган хулосаларимиз бирёқлама бўлади, иккинчи тарафдан эса кимларгадир туҳмат қилиниши ёки воқелик атайин бузиб кўрсатилишига олиб келиши мумкин.
Хусусан, 52 нафар ватандошимизнинг тирикчилик ғамида тириклайин куйиб кетгани тўғрисида «Facebook» ижтимоий тармоғининг «Халқ билан мулоқот» гуруҳида айрим фуқароларимиз томонидан турли мазмундаги постлар қўйилмоқда. Шунингдек, баъзилар бевосита ўз профиллари орқали ҳам қарашларини баён этмоқдалар. Ижодкорларимиз таъсирланиб шеърлар ҳам ёзишди.
Бир қатор шарҳларда фуқароларимиз масаланинг туб илдизини очиб, уни ҳал этиш хусусида таклифларини берганлар. Бироқ бошқаларнинг фикрларини ҳурмат этган ҳолда шуни таъкидлашим зарурки, айрим шарҳларни ўқиб жуда хафа бўлиб кетдим. Чунки уларда одатдагидек маддоҳлик ва ҳамма муаммоларда халқни айблаш кузатилмоқда.
Яна айрим шарҳларда асосий муаммо бир ёқда қолиб иккиламчи масалаларга урғу берилаяпти. Баъзилар халқ мақолларини ҳам ўрнида ёки ноўрин келтирганлар. Танқид қуруқ бўлмасин учун айрим шарҳларни келтириб ўтаман.
Хўш, шарҳларни умумлаштириб кўриб чиқсак:
1. «Пешонасига шу ёзилган экан, шунинг учун бу ишда ҳеч кимни айблашга ҳаққимиз йўқ».
2. «Борига қаноат қилиб ўз юртларида яшаб юрсалар бўларди-ку. Улар сабрсизлик қилишди».
3. «Қаерда бўлсангиз ҳам худо ризқингизни беради. Худони ризқига шукур қилиб юрмасангиз ёмон бўлади-да».
4. «Ота-оналарда айб. Улар болаларини ўқитишга ҳаракат қилмайдилар, ҳунар ўргатмайдилар. Болаларингизни ўқитинг, ҳунар ўргатинг, шунда бошқа юртларга чиқиб кетмайди».
5. «Нега одамларимиз оммавий равишда бошқа юртларда мардикорчилик қилиб юради? Ғуруримиз қаёққа кетди?».
6. «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл дейдилар. Уларга ким айтди ўша ерларга бориб ишланглар деб?».
7. «Қанча-қанча ерларимиз бўш турибди. Агар ҳақ-ҳуқуқимизни билиб ишласак, ўзимизни юртда бемалол яшаб юриш мумкин».
8. «Иш жойлари ўзимизда ҳам кўп, ишлайман деган одамга иш топилади».
9. «Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ».
10. «Танаси бошқа дард билмас».
11. «Мардикорлик қилаётганимиз ва сабрсизлигимиз оллоҳга ёқмаётганидан даракдир бу».
12. «Ҳамма нарса ниятга боғлиқ, ниятингизга қараб ризқ тарқатилади, нола қилсангиз ризқ бўлмайди».
13. «Бу ишларнинг ҳаммаси риё ва дабдабабозликдан. Агар шулардан тийилса ва оллоҳнинг сабрини қилсалар баракасини ўзи беради».
14. «Ҳалолига сабр қилиб яшайверинглар, ажрини оллоҳ беради».
15. «Биз чинакам миллат бўлиб шаклланмаганимиз учун ҳам муаммоларнинг гирдобидан чиқа олмаяпмиз».
16. «Агар қишлоқ ёшларига 1 гектардан ер ва кредит ажратилса кўпчилиги четга ишлашга бормайди. Зарурат бўлмаса фуқароларимиз бола-чақаларини, ота-оналари ва яқинларини ташлаб узоққа кетмайдилар».
17. «Кечаги воқеада «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг ҳам айби бор, чунки унинг чипталари қиммат».
18. «Бу бефарқлигимиз натижасида рўй берди. Ушбу ҳодиса юз беришига пойтахтимиздаги “прописка” қоидалари ҳам сабабчидир».
19. «Хорижга бориб ишлашни ҳеч ким шунчаки ҳавас қилмайди. Асосий сабаб биздаги иш ҳақининг камлигидир».
20. «Агар фожеа сабабларини ўша автобус ичидан қидирсак, фалокатлар яна давом этаверади».
21. «Ҳаммасига сабабчи таълим тизимимиздаги инқироздир»...
Мен шарҳларни айнан келтирмасдан, маъноларига қараб ёздим. Баъзилари эса ўзгаришсиз келтирилган. Агар шарҳларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб жавоб ёзсак, катта мақола бўлиб кетади. Шунинг учун уларга умумий баҳо берсак мақсадга мувофиқ бўларди.
Эътибор билан қарайдиган бўлсак, баъзилар масалани дин билан боғлашаяпти. Мен диний уламо эмасман, аммо айрим эътирозларимни билдирмоқчиман. Ҳеч бир воқеа ўз-ўзича содир бўлмайди. Ҳар бир ишнинг сабаби, омили ва натижаси бўлади. Албатта, инсонлар хоҳ самолётдан, хоҳ поезддан фойдалансалар-да, уларнинг хавфсизлиги юз фоиз кафолатланмаган. Бироқ ушбу транспортларда ҳам нохуш ҳолатлар бесабаб юз бермайди.
Баъзилар миграциянинг кучайишини ортиқча орзу-ҳаваслар, дабдабали тўйлар билан боғламоқда. Тўй масаласи алоҳида мавзу. Тўғри, айрим мигрантлар катта тўйлар қилиб, машҳур хонандаларни чақириб, уларнинг устига пул сочган бўлиши мумкин. Лекин улар умумий меҳнат муҳожирларининг бир фоизини ташкил этса керак. Бу ишни қилаётганлар асосан бир неча йиллар илгари ёки миграция бошланган даврларда Россияга ўрнашиб олиб, кейинчалик корчалонлик билан бошқа ватандошларимизга иш топиб бергани учун ҳисса олиб юрганлардир. Ёки бир-иккита қора ишларда ишламайдиганлардир. Шунинг учун улар умумий ҳисобга кирмайди. Тўйни сабаб қилиб кўрсатаётганлари нисбийдир. Тўйни дабдабали ўтказаётганлар асосан бели оғримай пул топаётган коррупционерлар, порахўрлардир. Қанча эътирозингиз бўлса шуларга билдиринг.
Орзу-ҳавас масаласига келсак, нега оддий фуқароларда улар бўлмаслиги керак? Ҳамма ҳам бу дунёда яхши яшашни, бахтли бўлишни хоҳлайди. Яхши еб-ичиш, чиройли кийиниш тақиқланмаган. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, мигрантларимиз ўта бой бўлишни орзу қилаётганлари ҳам йўқ аслида. Мигрантлар болалари оч қолмаслигини, уларнинг ўқиши учун шароит қилиб беришни ёки уларнинг ўқишдаги контракт пулини тўлашни, касал бўлиб ётган яқинлари тузалишини, фарзандларини уйли-жойли қилишни ўйлаб ўз жонларини гаровга қўйиб, бошқа юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрибдилар.
Ўтган йили бир опанинг жиноятлари расмий равишда фош қилингани ортидан бўлиб ўтган муҳокамаларда кўпчилик унинг ёнини олди. Нима эмиш, унинг жиноятларини ҳеч ким кўрмаган экан, шунинг учун муҳокама қилсак туҳмат бўларкан, ғийбат ҳисобланаркан, ҳамма ҳам хато қиларкан, фитна бўларкан ва ҳоказо. Ҳозир 52 нафар юртдошимиз ҳақида эса билиб-билмай гапириб ётибмиз. Хўш, сизлар шу тириклайин куйганларнинг уйини бориб кўрдингизми? Уйидаги муаммолардан хабардормисиз? Уларнинг шароитини биласизми?
Ўтган куни баъзиларининг расмини кўрдим. Худди қирқ йилдан бери уруш кетаётган Афғонистоннинг уйларига ўхшайди. Бировнинг ҳолатини билмасдан уни айблаб сабрга, шукурга чорловчилар, бунчалик иккиюзламачисизлар? Шу шароитда уларни ҳавас учун ишга борганликда, нафсга эргашганликда айблаш ўтакетган ноинсофлик-ку! Биз нега фақат оддий одамларга сабр-қаноат ҳақида гапирамиз? Нега бойларимизга шукур, сабр, қаноат, нафсни тийиш ҳақида гапирмаймиз? Нега уламоларнинг ҳам асосий нишони оддий фуқаролар?
Нима эмиш, оилада тотувлик бўлса ризқни худонинг ўзи берармиш. Тўғри, тотувликда гап кўп, лекин минг тотув бўлинг, иш ўрни бўлмаса қаердан ризқ келади?
Ўқитиш, ҳунарга ўргатиш ҳақида гапиришаяпти. Барака топгурлар, айтинглар-чи, коллеж ва лицейларни битирганларнинг неча фоизи иш билан таъминланган? Кеча коллежни битирган бола қаердан ўзига иш очсин? Нега олий маълумотли фуқаролар ҳам қўлларида дипломи бўла туриб иш топа олмайди?
Ғурур қани дейилмоқда. Меҳнат қилиш ғурурсизлик бўлиб қолдими? Мигрантлар шунча қийинчиликларга қарамасдан, нолимасдан ўзлари ҳаракат қилиб энг оғир ишларни бажариб, ҳалол пул топишлари ғурурсизлик эканми? Ўз фуқароларига иш ўринлари яратиб беришга ҳаракат қилмаган, уларга лоқайдларча муносабатда бўлган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам муҳофаза қилмаган мутасаддилардан сўранг ғурурни. Уларда ғурур бўлганда ўз фуқароларининг шунчалик хор бўлишига йўл қўярмиди?
Сир эмаски, бир неча йиллардан буён мигрантлар поезд ва автобус билан Россияга кетганида ва қайтганида Қозоғистон ҳудудида рэкетларга пул беришга мажбур бўлганлар. Буларни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматидаги тегишли ташкилотлар билишмаганми? Ахир қайсидир бир чекка қишлоқдан кимдир сиёсатга аралашиб ўринли танқид қилса, унинг овозаси дарров ҳамма жойга маълум бўлади-ю, лекин бу каби оммавий тус олган жиноятчиликни ҳеч ким билмаганига қандай ишониш мумкин? Агар ўзимизда иш ўринлари ярата олмасалар, ҳеч бўлмаганда мигрантларнинг хавфсиз келиб-кетишларини икки мамлакат ҳукуматлари келишиб ҳал қилсалар бўларди-ку.
Бунақа ишлар, яъни меҳнат муҳожирлиги оллоҳга ёқмагани учун шу иш содир бўлган деб ёзибди биттаси. Ҳалол меҳнат қиламан деб, худога таваккал қилиб йўлга чиққанларнинг иши қандай қилиб Яратганга ёқмаслиги мумкин? Нега ўтган 25 йил давомида Россия билан меҳнат муҳожирларининг ҳимояси учун бирон-бир амалий иш қилинмади?
«Сабр билан ҳалол ишласа ризқни, бойликни худо берарди», — дебёзмоқда айримлар. Агар сабр билан ҳалол ишлаб бойиш мумкин бўлганда бизнинг деҳқонларимиз энг бой кишилар бўлишлари керак эди-ку. Мен бу билан динга, диний қадриятларга қарши чиқиш ниятим йўқ ёки уларга шубҳа қилмаяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳалолликни улуғлайман. Аммо муаммоларнинг туб илдизини эътиборга олмай бўлар-бўлмасга диний тушунчаларни суиистеъмол қилишни ноўрин деб ҳисоблайман.
Кимдир камчиликларни кўрсатса тинч, осмони мусаффо юртда яшаётганингга шукур қилмайсанми, нонкўр деймиз. Бироқ тинч давлатда унинг фуқаролари доимий ташвиш билан хотиржам яшай олмаётганига эътибор қаратмаймиз. Йиллар мобайнида четдан қанчадан-қанча фуқароларимизнинг ўлиги келаётганини тан олмадик. Ҳатто расмий статистика ҳам мавжуд эмас. Лекин суриштириб кўрсангиз, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир кўчада мигрантлар билан боғлиқ қандайдир мусибат бўлиб ўтганини эшитасиз.
Хўш, энди умуман меҳнат миграцияси табиийми ёки йўқми, шунга бироз тўхтайлик. Чунки баъзилар меҳнат миграцияси ҳамма давлатда бор, шунинг учун ватандошларимизнинг бошқа юртларга бориб ишлашини тўғри қабул қилиш керак демоқдалар.
Ҳеч ким ўзи туғилиб ўсган макондан киндигини тўла узолмайди. Айниқса, бизнинг халқимизда ўтроқ бўлиб яшаш тарихий ривожланиш давомида шаклланиб, зеҳниятимизда мустаҳкамланган. Аммо иқтисодий манфаатдорлик, моддий эҳтиёж бошқа кўпгина воқеликлар юзага келиши учун замин яратади. Замонавий глобаллашув таъсирида қадриятлар ҳам аста-секин ўзгариб бормоқда. Умуман олганда, дунёнинг ҳар қайси бурчагида юз бераётган миграцион жараёнларнинг асосида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, экологик ва бошқа сабаблар ётади.
Миграция ҳақида сўз юритганда шуни унутмаслик керакки, дарҳақиқат, фақат бизнинг фуқароларимиз четга чиққан эмас. Биргина мисол қилиб туркларнинг Германияга миграциясини ёки собиқ колониал давлатлар фуқароларининг Францияга келиб ишлашини айтиш мумкин. Уларни ушбу давлатларга етаклаган омил иқтисодий эҳтиёждир. Бизникилар ҳам иқтисодий зарурият туфайли четга чиқиб кетган. Айримлар таъкидлаганидек, ношукурлик қилиб кетмаяптилар. Афсуски, бизда меҳнат муҳожирларининг аниқ сони қанча, неча фоизи эркаклар, қанчаси аёллар, шунингдек, қанча қисмини ёшлар ташкил этади, уларнинг маълумоти қанақа, меҳнат муҳожирлари бошқа давлатларда ўртача қанча вақт қолиб кетаяпти, қанча меҳнат муҳожири турли сабаблар билан четда оламдан кўз юмди, касалликка чалинди, мажруҳ бўлди, улар томонидан қанча жиноят содир этилди ва ҳоказо маълумотлар йўқ, агар бўлса ҳам очиқланмаган. Шунингдек, меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пуллар қанчалиги ва унинг ЯИМдаги улуши ҳақида батафсил маълумотга эга эмас эдик. Лекин асосий меҳнат муҳожирларимиз Россияда, қолганлари Украина, Қозоғистон, Жанубий Кореяда эканлигини билардик холос. Хуллас, миграция — зарурият ва четга чиқиб кетганларни ношукурликда айблаш дунёқарашимиз кенг эмаслигидан далолат беради. Давлатнинг вазифаси заруриятни тушунган ҳолда мутаносиб сиёсат юргизиш бўлмоғи зарур.
Айтиш керакки, дунёдаги нормал меҳнат миграцияси билан биздаги миграцияни умуман қиёслаб бўлмайди. Айрим иқтисодчиларнинг фикрича, агар муайян бир мамлакатдаги меҳнат ресурсларининг 10-12 фоизи меҳнат муҳожири сифатида четга чиқиб ишласа бу меъёр ҳисобланар экан. Бизда, биринчидан, ушбу кўрсаткич тўғрисида аниқ-тиниқ статистик маълумот мавжуд эмас. Аммо унинг юқорилиги шундай ҳам маълум. Иккинчидан, энг асосийси бизнинг меҳнат муҳожирларимиз бошқа давлатларнинг меҳнат муҳожирлари сингари ҳар томонлама ҳимояланган эмаслар. Таъбир жоиз бўлса бизнинг мигрантларни замонавий қароллар деб аташ мумкин. Албатта, бундай таъриф ҳеч кимга ёқмайди, кимдир хафа бўлиши, эътироз билдириши мумкин. Аммо бу аччиқ ҳақиқатдир.
Буни исботи шуки, мигрантларимиз хоҳ легал, хоҳ нолегал тарзда четга юрган бўлсалар-да, ўша мамлакат фуқаролари билан тенг ҳуқуқга эга эмаслар. Тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий суғурта масалаларида уларнинг ҳуқуқлари таъминланмаган. Мен бу ерда асосан Россияда юрган мигрантларимизни назарда тутаяпман. Чунки меҳнат муҳожирларимизнинг асосий қисми шу давлатдадир. Бир сўз билан айтганда, меҳнат муҳожирлари ҳимоясиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Ҳукуматимиз уларнинг тақдирига бефарқларча муносабатда бўлди. Мигрантларимиз мамлакат ЯИМга салмоқли ҳисса қўшаётганлари маълум бўлса-да, уларни дангаса дейишдан ор қилмадик. Агар бу масалани Туркия мисолида кўрсак, улар бошқа йўлдан кетишди, яъни мигрантларнинг ҳимоясини ҳам мамлакатда, ҳам Германияда таъминлашга эришишди. Натижада бундан иккала тараф ҳам ютди.
Мен биздаги ишчи кучининг оммавий равишда четга чиқиб кетишининг асосий сабабларини қуйидагиларда деб биламан.
Биринчидан, бу бевосита монополия билан боғлиқ. Биронта соҳа йўқки, монополиядан холи бўлса. Пахта монополия. Буғдой монополия. Мева ва сабзавотлар етиштириш деҳқонлар ихтиёрида бўлгани билан уларни четга сотиш имконияти мавжуд эмас. Буни ҳам айримлар монополия қилиб олишган. Таълим тизими монополия. Шу пайтгача амал қилиниб келинган, яъни ҳар бир ўқувчининг фақатгина битта олий таълим муассасасига ўқиш учун ҳужжат топшира олиши, имтиҳоннинг ҳам фақат бир кунда ўтказилиши, қабул квоталарининг умумий битирувчилар сонига нисбатан 10-12 фоиз атрофида белгиланиши сунъий талабнинг ўсишини таъминлаб монополияни кучайтирди, унга хизмат кўрсатди ва коррупцияни авж олдирди. Нефт маҳсулотлари тўла монополия. Йил давомида фуқароларимиз ёнилғи сотиб олишда турли қийинчилик ва тақчилликларга дучор бўлади. Свет ва газ ҳам монополия. Уларнинг қандай таъминланаётгани ҳаммамизга маълум ва айни пайтда свет ва газ нархини фуқароларимиз ҳеч қандай назорат қила олмайди. Автомобиль саноати монополия. Фуқароларимизда фақат «GM Uzbekistan» автомашиналарини у белгилаган нархда сотиб олишдан бошқа имконият мавжуд эмас. Гўё ҳукумат шу йўл орқали ички бозорни ҳимоя қилингандай кўринади, аммо унинг катта юки фуқаролар гарданига келиб тушмоқда. Факт шуки, чиқарилаётган машиналарнинг нархи худди шундай машиналарнинг жаҳондаги ўртача нархига нисбатан юқоридир.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам монополия. Унинг хизматидан фойдаланиш ҳам фақат чекланган кишиларга насиб этмоқда.
Монополия рақобатнинг кушандасидир. Монополия шароитида фуқароларда унинг шартларига кўнишдан бошқа ҳеч қандай чора қолмайди. Монополия бор экан, фуқарода танлаш ҳуқуқи бўлмайди. Монополия амалда экан, нархни ҳеч ким назорат қилмайди. Рақобат бўлсагина сифат, қулайликлар, арзон нарх-наво бўлади. Рақобат ривожланишга олиб келади. Монополия эса ўз номи билан бир компаниянинг ҳукмронлигидир. Монополия шароитида инновация ҳақида бош қотирилмайди. Монополия бир сўз билан айтганда фуқароларни азобга қўйиб фақатгина бир гуруҳ шахсларнинг меҳнат қилмасдан бойиши учун яратилган имкониятдир.
Иккинчи сабаб — порахўрлик ва коррупция. Монополия ва коррупция бир-бирига яқин тушунча деб айтсак бўлади. Чунки монополия коррупцияни ёки коррупция монополияни келтириб чиқаради. Коррупция даражаси бўйича давлатимиз рейтингларда бир неча йиллар давомида энг охирги ўринларни эгаллаб келаётгани ҳаммамизга маълум.
Учинчидан, фуқароларимизга меҳнатига яраша иш ҳақи белгиланмаганлиги ҳам миграциянинг кучайишига олиб келди. Белгиланган иш ҳақи фуқароларнинг зарурий эҳтиёжларини қондиришга етмасди. Натижада қўлида дипломи бўлган олий маълумотли мутахассислар ҳам четга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар.
Тўртинчидан, бизда таълим тизими ва соғлиқни сақлаш соҳаси оғир инқироз ҳолатига тушириб қўйилди. Ушбу икки соҳанинг моддий-техник базасига ва ходимларнинг шароитига деярли эътибор қаратилмади. Ўқитувчи ва врачларнинг жамиятдаги мавқеи йўқотилди. Уларни ҳар қандай ишларга мажбурлаб жалб қилиш одатга айланди. Натижада илм-фан орқага кетди, янги ихтиролар қилинмади, инновацион технологиялар яратилмади, жамият аъзоларининг соғлиғида жиддий муаммолар юзага келди. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин таълим ва соғлиқни сақлашга эътибор қаратгани туфайли қисқа муддатда ривожланиб кетди. Биз эса шуни била туриб бу икки соҳанинг вакилларини хор қилиб қўйдик. Қандайдир икки-учта мусиқачи, уч-тўртта спортчи, икки-учта зулфиячини кўз-кўз қилиб, гўё таълим, фан юксак ривожланаётганини тарғиб этдик.
Бешинчидан, вилоятда яшовчиларнинг пойтахтда ишлаб яшашлари учун апартеид кўринишидаги қоидаларнинг ўрнатилиши ҳам мигрантларнинг кўпайишига таъсир кўрсатди. Камина бу мавзуда бир неча марта муносабат билдирганман. Бу ерда яна батафсил тўхтаб ўтишни лозим топмадим. Пойтахтда мардикорчилик билан шуғулланишнинг қийинчиликлари бошқа мамлакатларга бориб ишлашдан кўра оғир бўлди. Прописка тизими мамлакат фуқароларини ўз юртида бегона қилиб қўйди. Бошқа томондан, ушбу тартиб баҳонасида муайян соҳа вакилларига тайёр ош ейиш учун шароит яратиб берилди.
Олтинчидан, давлат мулкини хусусийлаштириш дастурлари доирасида ушбу тадбир очиқ ва ҳалол ўтказилмади. Кўплаб корхона ва заводлар сунъий равишда арзон баҳоларда айрим шахсларнинг манфаати учун сотиб олинди. Натижада иш ўринлари кескин қисқарди. Янги завод ва фабрикалар эса деярли барпо этилмади. Инвестиция киритиш ҳам монополия ва коррупция объектига айланди.
Еттинчидан, давлат миқёсида собиқ коммунистик режим расман танқид қилинса-да, амалда ўша тизим давом эттирилди. Шиорбозлик, маддоҳлик, қўшиб ёзишлар, кўзбўямачиликлар авж олиб кетди. Ҳар йили бир миллионта иш ўрни яратилмоқда деган эртаклар тинмай янгради. Мен ҳеч қачон бу рақамга ва ЯИМнинг ҳар йили ўртача 8 фоиз ўсганига ҳамда аҳолининг реал даромадлари йилдан йил ошганига ишонмаганман. Бу сўзларимни давлат раҳбарига маддоҳлик қилиш учун ёзмаяпман. Илгари ҳам бу ҳақда фикримни билдирганман. Баъзилар ўша пайтда бу каби рақамлар билан давлат раҳбарини алдашган дейишади. Аммо иқтисодиёт илмидан хабари бор ҳар қандай инсон бунинг ёлғон эканлигини билиши мумкин эди. Иқтисодиётни ўнглаш учун реал ҳаракатлар қилиш ўрнига фақат ўтмишимизнинг буюклиги ва келажагимиз ҳам буюк бўлиши ҳақидаги баландпарвоз гапларни такрорлашни канда қилмадик.
Саккизинчидан, хўжалик юритувчи субъектларга умумият-ла олганда эркинлик берилмади. Солиқ ставкалари юқори даражада ўрнатилди. Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви юқори даражада бўлди. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги таъминланмади. Хорижий валюталарнинг конвертация қилиниши амалга оширилмади. Текширувчи органларнинг сони, текширишлар кўлами ортиб борди. Ривожланишнинг ўзбек модели дея ном олган бешта тамойил фақат қоғозда қолди. Юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун уларнинг сабаблари ўрганилмасдан, масаладан қутулишнинг йўли асосан чеклаш, тақиқлаш, лицензиялаш, жаримага тортиш, жазолашдан иборат бўлиб қолди.
Юқоридагилардан кўришимиз мумкинки, муаммоларимиз тизимли бўлган. Мухтасар қилиб айтганда, замонавий давлатчиликка хос бўлган ишларни амалга оширмадик. Адолатли жамият барпо эта олмадик. Ўтган 25 йил тарих учун ҳеч нарсани англатмайди, аммо шу даврда анча ютуқларга эришиш имконияти бой берилди. Агар бунчалик даражада камчиликларимиз бўлмаганда меҳнат миграцияси даражаси ҳам шу қадар юқори бўлмас эди. Шунингдек, мигрантларимиз кўп азобларга дуч келмас эдилар.
Келгусида мигрантлар оқимини камайтириш, ўзимизда иш ўринларини яратиш мақсадида қиладиган ишларимиз ҳам тизимли йўналишга эга.
Хўш, нима қилмоқ керак?
1. Ёлғонни, иккиюзламачиликни, маддоҳликни тўхтатайлик. Ривожланишимизнинг асоси сўз ва иш бирлиги эканлигини унутмайлик.Муаммолар борлигини ўз вақтида тан олайлик. Муаммоларнинг сабаблари билан курашайлик. Оқибат билан курашиш самарасиз йўл эканлигини тушунайлик.
2. Мамлакатга инвестиция кириб келишини хоҳласак, энг аввало эркинликка йўл берайлик, мулкнинг дахлсизлигини таъминлайлик, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат этайлик, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклайлик.
3. Иш ўринлари яратишнинг асосий йўли ҳудудларда янги, ихчам саноат корхоналарини барпо этишдир. Инвестицияларни кўпчиликка манфаати бўлмайдиган ижтимоий инфратузилмаларга жалб қилмасдан, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирайлик.
4. Прописка, ОВИР каби совет тоталитар тузумидан қолиб кетган амалиётни батамом йўқ қилайлик.
5. Оммавий ахборот воситаларига тўла эркинлик берайлик. Партиялар ҳақиқий мухолифат бўлишига замин яратайлик. Муқобил, ўзгача фикрловчи инсонларга душман сифатида қарашни тўхтатайлик.
6. Давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайлик. Давлат хизматида ишлаш, мансабга чиқишда коррупцияга барҳам берайлик. Агар ниятимиз ҳақиқатан шу юртни озод, обод кўриш бўлса қобилиятлиларга, ҳақиқий зиёлиларга, ўз ишининг усталарига, ҳалол ва виждонлиларга йўл берайлик. Маъмурий буйруқбозлик усули билан бошқариш мамлакат учун зиён эканлигини тушуниб етайлик. Ёшлар иттифоқи, касаба уюшмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари давлатнинг расмий пропаганда машинаси бўлмасдан, ўзларининг номлари, вазифаларидан келиб чиқиб фаолият кўрсатсин. Ўйин-кулги, турли йиғилишлар, баландпарвоз гаплар билан иш ўринлари яратилмаслигини, инвестиция кириб келмаслигини, туризм ривож топмаслигини англайлик.
7. Миграция табиий жараён эканлигини эътиборга олиб ўзимизда иш ўринлари яратиш чораларни кўриш баробарида хориждаги мигрантларимизнинг ҳимоясини таъминлаш учун тегишли давлатлар билан ҳамкорлик қилайлик.
8. Мамлакатда бошқарувнинг ва асосий ресурсларнинг битта жойда марказлашуви амалиётини қайтадан кўриб чиқайлик. Минтақавий ёки ҳудудий иқтисодий сиёсатни танқидий нуқтаи назаридан кўриб чиқайлик. Вилоятларга нисбатан эркинлик бериш, айрим солиқларни ҳудудларда қолдиришни жорий этайлик. Давлат бюджети маблағларини сарфлашда, инвестицияларни ишлатишда ҳар бир ҳудуднинг манфаати объектив ҳисобга олинишини таъминлайлик.
9. Замон нотинч ва ҳар вақт шундай бўлиб келган. Ҳозирги геосиёсий ўйинлар, гегемонликка уринишлар, терроризм ҳаммамизга маълум. Аммо уларни рўкач қилиб фуқароларнинг ҳаракатларини чеклаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш ўринсиздир. Шунинг учун тегишли органлар ўз ишларини профессионал тарзда олиб борсинлар ва фуқароларнинг конституцияда белгилаб қўйилган эркинликлари ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминласинлар. Турли панжаралар, блок-постлар, ҳаддан ортиқ текширишлар, назоратларга чек қўяйлик. Мамлакат ҳаётини либераллаштириш тараққиёт гарови эканлигини ҳар биримиз тушуниб етайлик.
11. Унутмаслигимиз зарурки, бозор муносабатлари энг аввало хусусий мулкнинг дахлсизлиги, монополиядан холи бўлган иқтисодиёт, эркин рақобат ва эркин нарх-наводир. Шундай экан, ҳар бир қонун ва қарорни тайёрлашда шу принциплардан келиб чиқайлик. Иқтисодиётимизнинг асосини кичик ва ўрта бизнес ташкил этиши керак. Айнан субъектлар ўрта қатламни юзага келтиради.
12. Деҳқонларимиз бой ва фаровон яшашини истасак, қўлимиздан келса уларга мадад берайлик. Агар имкониятимиз чекланган бўлса, ҳеч бўлмаганда уларга халақит бермайлик. Биз қишлоққа газ, свет берсак, йўлларни нормал ҳолатга келтирсак, деҳқонлар ўз маҳсулотларини хоҳлаган жойда сотиши учун хавфсиз муҳитни шакллантирсак, ана шу бизнинг уларга кўрсатган катта ёрдамимиз бўлади. Қолган ишларни улар бозордаги талаб ва таклиф асосида ўзлари амалга ошираверишади.
13. Фермерларнинг муваффақияти давлат юритадиган қишлоқ хўжалиги сиёсати билан бевосита боғлиқ. Биз шундай сиёсат юритайликки, у ҳам фермернинг, ҳам давлатнинг манфаатини ўзида уйғунлаштирсин.
14. Ҳозирги пайтда глобал дунёда ўз ўрнимизни топишимиз бевосита илм, фан, техника ва технологиялардаги ютуқларимизга боғлиқ. Шундай экан, таълим тизими, соғлиқни сақлаш соҳасига устувор вазифа сифатида қарайлик. Мазкур соҳалар айни пайтда инқилобий ўзгаришларга муҳтож. Шу соҳаларга эътибор берсак, мигрантларимизнинг иш йўналишлари ҳам ўзгаради, яъни фақат оддий ишларни қила оладиганларга эмас, балки ақлий салоҳиятли мутахассисларимизга ҳам бошқа юртларда талаб бўлади. Ўз навбатида бу давлатимизнинг, миллатимизнинг обрўсини оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter