Миграция агентлиги ўзбекистонликларга жиддий мурожаат йўллади
Хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида мамлакатимизда 2018 йилдан хусусий бандлик агентликлари (ХБА) фаолиятига рухсат берилганди.
Бироқ, ўтган давр мобайнида айрим ХБАлар томонидан фуқароларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шу сабабли фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди.
«Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, 2020 йилнинг 14 ноябридан улар фаолиятида жиддий ўзгаришлар жорий этилган.
Амалдаги тартибга кўра:
- фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензияга эга ХБА ахборот ва маслаҳат хизматлари учун БҲМнинг бир бараваридан, яъни 300 минг сўмдан кўп пул олиши мумкин эмас.
- шунингдек, чет эллик иш берувчи ва ҳамкори билан шартномалар тузмасдан, фуқароларга хизмат кўрсатиш тақиқланади ҳамда ушбу шартномалар ХБАнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.
Ўтган давр мобайнида ХБА реестридан 116 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 8 таси фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.
Ҳурматли фуқаролар!
Шу муносабат билан, хорижда ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка ва тўловларни амалга оширмасликка чақирамиз.
Хорижда иш таклиф қилаётган ташкилотларнинг лицензияси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Шартнома тузаётганда, унинг шартларини ўқиб, тўлиқ тушуниб имзо қўйинг», дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, агентлик олдинроқ Россия ва Украина ўртасидаги можаро аралашиб қолмаслик бўйича ўзбекистонликларга мурожаат қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter