МИБ: «Пастдарғом воқеаси» босди-босди қилингани йўқ...
Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари билан брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.
Тадбирда «Пастдарғом воқеаси» яна бир бор эсга олинди.
Маълумки, ўтган йилнинг декабрь ойлари бошида МИБнинг Пастдарғом туман бўлими ходимлари томонидан «Пастдарғом туман Обондонлаштириш давлат корхонаси»га тегишли бетон тайёрлаш цехида ўтказилган текширувда туман ҳокими ёрдамчиси ва мазкур корхона иш юритиувчисининг қаршилигига дуч келгани, кўп ўтмай бўлим бошлиғи А.Ҳамдамовнинг лавозимидан четлатилгани оммавий ахборот ва интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамага сабаб бўлганди.
МИБ марказий аппаратининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпулатов саволга қуйдагича жавоб берди:
— 2019 йилнинг 4 декабрь куни Бюронинг Пастдарғом туман бўлими бошлиғи ўринбосари Суҳроб Жалилов, бўлимнинг шўъба катта инспектори Зафар Султонов ва техник кузатув шўъбаси инспектори Темур Казаковлар томонидан «Қатортерак» маҳалласидаги «Пастдарғом туман Обондонлаштириш давлат корхонаси»га тегишли бетон тайёрлаш корхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз электр энергиясидан тўғридан-тўғри фойдаланиб келаётганини аниқланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган. Шу жараёнда воқеа жойига келган корхона иш юритувчиси Рамз Аннабозоров ва Пастдарғом туман ҳокимининг ёрдамчиси Асрор Мардиев МИБ ходимлари фаолиятига қаршилик кўрсатилган. Жумладан, ҳоким ёрдамчиси А.Мардиевнинг оғзаки кўрсатмаси билан Р.Аннабозоров муҳрларни қасддан бузиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни давом эттирган.
Ҳолат шундайлигича қолгани йўқ. «Пастдарғом туман Обондонлаштириш давлат корхонаси» томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани натижасида етказилган 56 млн. 986 минг 364 сўм зарар қопланиши таъминланди. Шунингдек, Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ҳоким ёрдамчиси А.Мардиев ва корхона иш юритувчиси Р.Аннабозоровларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган ҳамда улар суднинг тегишли қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бюронинг туман бўлими бошлиғининг лавозимидан озод этилиши бу ишларга дахли йўқ. Айни пайтда собиқ бўлим бошлиғи Бюронинг бошқа туман бўлимида ўринбосар лавозимида ишлаб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter