Янги фармон: мева-сабзавотчиликни ривожлантиришда хорижий экспертлар учун иш, виза, прописка ва бошқа имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 29 март куни «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.
Унга кўра, 2018 йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 та мева-сабзавот кластерлари ташкил этилиб, 2019 йилдан бошлаб мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган барча туманларни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига жалб қилинади.
Мева-сабзавот кластерларига ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёж ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, маҳсулот етиштириш ҳажми, уларнинг нави ва турини белгилаш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улар томонидан тайёрланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи тақдим этилади.
Мева-сабзавот кластерларига кўчатзорлар, жумладан логистика марказлари (музлатгич, омбор, қайта ишлаш қувватлари, лаборатория, машина-техник станциялари учун инфратузилма бинолари)ни ташкил қилиш учун ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарорлар тезкор қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ирригация ва коллектор қурилмаларини тозалашда ёрдам кўрсатади.
2021 йил 1 январга қадар кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлари барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан (ягона ижтимой тўлов бундан мустасно), четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари иловага мувофиқ божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) ҳамда импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари – 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилади.
2018 йилнинг 1 январидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи ташкилотларга даромадга воситачи ташкилотлар учун кўзда тутилган ставка бўйича солиқ солган ҳолда мукофот суммасидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи берилди.
2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 2017 йил 5 сентябргача иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва музлатгичлар қуриш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан ажратилган валюта кредитлари бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизгача миқдорида компенсация тўлаш тартибини тасдиқлайди.
«Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига мева-сабзавот кластерларининг ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини электр энергия ва табиий газ билан уларнинг табиий эҳтиёжларига мувофиқ узлуксиз таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажонов, Ташқи савдо вазирлиги (Ж.Ходжаев) ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (Х.Хасилов)га бир ой муддатда қуйидагилар бўйича таклифлар киритади:
— мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларга экспорт контрактлари бажарилишини таъминловчи муддатларда темир йўл вагонлари, шу жумладан, вагон-рефрижераторлар бериш тартибини мақбуллаштириш ва соддалаштириш;
— шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда замонавий рефрижераторли контейнерлар ишлаб чиқарилиши, халқаро регистрларда сертификациялаш ва рўйхатдан ўтказишни ташкил қилиш, шунингдек, уларни мева-сабзавот кластерлари, тайёрлов ташкилотлари ва бошқа манфаатдор фойдаланувчиларга, шу жумладан, лизинг орқали сотиш тартибини белгилаш бўйича.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда агротехнологиялар соҳасида юқори малакали, замонавий билимларни эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари, мева-сабзавот кластерлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг буюртмаларига кўра жалб этиладиган хорижий мутахассислар учун 12 ойгача бўлган муддатга кириш визалари ва кўп марталик визалар расмийлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари, мева-сабзавот кластерлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг буюртмаларига кўра жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун давлат божини ундирмаган ҳолда кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва узайтириш, шунингдек, яшаш жойи бўйича вақтинча прописка қилиш, ҳисобга қўйиш ва вақтинча пропискани узайтиришни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мева-сабзавот кластерлари буюртмаларига кўра белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига қишлоқ хўжалиги бўйича юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун рухсатномалар берилиши, шунингдек, ушбу хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш (узайтириш)ни таъминлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter