Месси ва Ҳэмилтон: бир хил натижа, бир хил мукофот
Берлин (Германия)да «Laureus World Sports Academy» талқини бўйича йилнинг энг яхши спортчиларига мукофотлар топширилди.
Аргентина терма жамоаси ҳамда «Барселона» (Испания) футболчиси Лионель Месси ҳамда британиялик «Формула-1» автопойгачиси Льюис Ҳэмилтон 2019 йил лауреатлари, яъни энг яхши спортчилари деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, Месси ўтган йили олтинчи маротаба дунёнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилиб, «Олтин тўп» ҳамда «Олтин бутса»ли бўлганди.
Ҳэмилтон 2019 йил мавсумида ўз фаолиятида олтинчи маротаба, қаторасига бешинчи марта чемпионликни қўлга киритди.
Америкалик гимнастикачи, жаҳон чемпионатида бешта олтин медалли бўлган Симона Байлз эса йилнинг энг яхши аёл спортчиси бўлди.
Йилнинг энг яхши жамоаси эса 2019 йили Жаҳон кубогини ютиб олган Жанубий Африка Республикаси регби бўйича миллий жамоаси бўлди.
Шунингдек, саккиз карра паралимпия чемпиони, америкалик Оксана Мастерс, «Тур де Франс-2019» ғолиби, колумбиялик Эган Берналь, ҳиндистонлик крикетчи Сачин Тендулкар, германиялик автопойгачи София Флёрш ҳамда баскетболчи Дирк Новицкига ҳам махсус мукофотлар ҳам топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter