«Мерос» фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди
9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Алишер Навоий номидаги киносаройда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Мерос» бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди.
Премьера аввалида Ўзбекистон қозоқ миллий маркази фаоллари ва вакилли ўз чиқишлари билан тадбирни бошлаб беришди. Сўнгра Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Бош директорнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон қозоқ миллий маркази раиси Серикбай Усенов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан тинчлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбоновлар сўзга чиқишди. Барчани байрам билан қутлаб, фильм ижодкорларига миннатдорчилик билдиришди.
Фильм режиссёри Ҳилол Насимов Белорусдаги съёмка жараёнлари ва фильм устида олиб борилган ишларга қисқача тўхталиб ўтди. Ундан сўнг, «Мерос» тарихий драмасининг катта премьераси тақдим этилди. Ушбу фильм иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ва қозоқ ёшларининг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади.
Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Ҳилол Насимов, постановкачи оператор Ҳусан Алиев, композитор Дмитрий Янов-Яновский, постановкачи рассом Фазлиддин Турдиев. Фильмда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайинов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсуповалар рол ижро этишган.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан суратга олинган «Матонат» ҳужжатли фильмининг, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган Зебо Ғаниева, Қудрат Суюнов, Иноят Наврўзбоев, Мамадали Топволдиев каби ўзбекистонлик уруш қаҳрамонлари ҳақидаги «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмларининг ҳам премьераси ўтказилди.
«Матонат» ҳужжатли киноасари ва «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон телеканалларига тақдим этилади. Юртимиз аҳолиси ушбу фильмларни 9 май арафасида телеэкранлар орқали ҳам томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.
Шунингдек, чет эл кинофондларидан рақамлаштирилиб, юртимизга қайтарилган «Сен етим эмассан», «Жарроҳ», «Генерал Раҳимов», «1941 йил олмалари», «Унутилмаган қўшиқ» каби 15 та дурдона асарларнинг айримлари илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши ҳам режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter