Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Менсиз ўтган йиллари учун фарзандларимдан кечирим сўрайман

Менсиз ўтган йиллари учун фарзандларимдан кечирим сўрайман

Хорижга кетиб ишлаётган оналарнинг соғинчлари баъзан ижтимоий тармоқларга-да сиғмай кетади...

Бир синглимиз ёзибдилар: «опа Туркияга қариндош-уруғ, таниш-билиш орқали кетганмисиз, нима иш қиласиз, маошлар қанақа ва ҳ.к»

Ора-орада бунақа саволлар бўлиб туради. Бугун шу мавзу ҳақида бироз ёзмоқчиман. Тўрт йил олдин келганман Истанбулга. 2018 йил баҳорда. Ўша пайтлар қарзга киргандим унча-мунча. Бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланганлар учун янгилик эмас бу. Яхши савдо бўладиган мавсумлар бор, ўлик мавсумлар бор. Хуллас, ортиқ бунақа давом этишидан чарчаган эдим. Ижара уйда икки ўғлим билан қийналиб қолдим. Эрим 8 йил олдин вафот этганди. Мендан 3-4 баравар кучли савдогарлар ҳам ишини ташлаб Туркияга, Россияга ишга кетиб қолганларини кўп эшитардим. Битта шунақа яқин опахоним кетди ўша пайтлар.

Мен туркчани билганим учун Ўзбекистондан туриб ватсап орқали иш берувчилар орасида таржимонлик қилдим. Кейин ўйладим туркчани биламан, мен ҳам бориб кўрсаммикан? Ва бир қарорга келиб кетишга ҳозирлик кўра бошладим. Катта ўғлим 18 ёшда, кичик ўғлим 12 ёш. Катта ўғлимни қайнопам билан қайнонамга, кичик ўғлимни онамга ташлаб кетадиган бўлдим. Виза ишлари битгандан кейин чипта олдим. Кетадиган куним кечагидек ёдимда. Аввал қайнонамникига катта ўғлимни ташлаб, кичкина ўғлимни олиб Тошкентга онамникига кетишим керак эди. Бир неча кундан кейин учишим керак. Кечқурун машинага минар чоғимда ҳамма уйдагилар кузатиб чиқишди. Қайнопаларим, фарзандлари, қайнонам ва ўғлим...

Ҳамма билан бир-бир хайрлашдим. Фақат ўғлим қолди. Юкларимни жойлаштираётган эдим. Ҳайдовчи йигит шошилтирди: «опа иложи бўлса тезроқ, яна битта йўловчим бор ҳали,униям олишим керак», деб. Фақат ўғлим билан ҳали хайрлашмагандим, юрагим шунчалик дов бермаётгандики хайрлашишга! Йиғлаб юборишимни билардим ва шу ҳолатда эслаб қолишини истамасдим. Кичик ўғлим акаси билан хайрлашиб аллақачон жойлашиб олганди. Катта ўғлим юкларни жойлаштириб бўлиб менга юзланди: «Ойи мен билан хайрлашмайсизми?».

Овози жуда секин титраб чиқди. Ичимда бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Чидолмадим ўғлимни қаттиқ қучоқлаб йиғлаб юбордим: «Бўйларингдан болам! Кўряпсан-ку, ҳеч иложим қолмади. Сендан фақат бир илтимосим бор. Мени ва ўзингни, юзингни қизартирадиган иш қилма болам, сени жуда яхши кўраман!»

Бутун йўл бўйи йиғлаб келдим. Неча марталаб ҳайдовчига қараб тўхтатинг, мен тушиб қоламан, боламни ташлаб кетолмайман дегим келди. Агар ёлғиз бўлсам ўкириб йиғлашим тайин эди. Боланг 18 га кирган бўлсаям она юраги учун фарқи йўқ экан. Ичимда бир тўфон бор эди. Нега? Нега Аллоҳим? Нега бундай ҳаётни яшаши керак менинг болаларим? Нега келиб-келиб мени чекимга тушади шунақа кунлар? Бирпасдан кейин яна кечирим сўрардим. Кечир Аллоҳим, мен ношукр бандангни кечир! Исён қилмаяпман. Ўзингга шукр, ишончли ерда-ку, кўзим орқада қолмайди. Аммалари мендан ҳам яхши қарайди,  деб ўзимга таскин берардим.

Эрталаб манзилга етиб келдик. Бир ҳафтадан кейин учишим керак. Олдинда яна бир синов турибди, кичик ўғлим билан видолашмоқ. Бир ҳафта дийдорига тўйиб олишим керак. Роса Чирчиқни айландик иккаламиз. Истанбулдаги танишларникига қуруқ кетмаслик учун у ёқда йўқ нарсалардан  олдим. Хуллас кутилган кун келди. Кузатгани ойим ва ўғлим келишди. Яна хайрлашув онлари.

Навбат ўғлимга келганда яна чидолмадим, қучоқлаб йиғлай бошладим: «Болам мен жойлашиб олгандан кейин албатта сени олиб кетаман, бувингни хафа қилмасдан айтганларини қил, сени жуда яхши кўраман ва албатта олиб кетаман!».

Ўғлим қўрққанимдек йиғламади. «Хавотир олманг ойи, бувим биланма-ку», деди. Бу менга шунақа куч бергандики ўшанда. Турмуш қийинчиликлари боламни улғайтириб қўйганди. Ўзимни ақлли болам, деб юзларидан ўпиб машинага ўтирдим. Машина қўзғалганда ўғлим бир қараш қилдики менга, бу нигоҳлар бир умр хотирамда муҳрланиб қолди. Мунг, соғинч, иккиланиш, саросима аралаш бир нигоҳ...

Катта ўғлимнинг «Ойи мен билан хайрлашмайсизми?», деган титроқ овозини ва кичик ўғлимнинг қарашини уларни Истанбулга олиб келганимдан кейин ҳам ҳеч қачон хотирамдан кетмади ва ҳеч қачон кетмаса ҳам керак...

Буларни бекорга эсламадим. Энди гўзал опа-сингилларимга саволим, сиз буларни болаларингизга раво кўришга тайёрмисиз? Ўзингиз йиллаб ўзга юртларда болаларни соғиниб ўртаниб яшашгачи? Туркияда ишлаётганлар айтсин, энг тинч ва ҳалиям имконини топиб ишлаб, яшаса бўладиган мамлакатлардан бири Ўзбекистон. Бу ерда – Туркияда шунчалик кўп муҳожир борки. Урушдан қочгани қайси, ҳатто овқатни икки кунда бир марта топиб еган мамлакат фуқаролари бор, ўзларидан ўз қулоғим билан эшитганман. Кетмаса ўлиши муқаррарлигини билгани учун чорасизликдан Ватанини ташлаб келишга мажбур бўлганлар бор.

Туркияда бир йил ичида доллар 870-900 лирадан 1800 лирагача ошиб, нархлар ҳеч кутилмаган бир шаклда кўтарилиб маошлар тушиб кетди. Энг кам иш ҳақи 5500 лира, бу 300$ бўлади. Баъзи жойларда янаям кам беради. Ўзбеклар кўп яшаб, ишлайдиган Лалели, Мертер тарафларда ҳафталик 100 $ дан ишнинг оғир енгилига қараб 150 $ гача берадиган жойлар бор. Лекин 3-4 киши уй тутиб яшаса ҳам, коммунал тўловлар, емоқ-ичмоқ харажатлари бор. Изн олиш қийин бўлиб  кетган.

Кўп туманларни, кўчаларни юрт ташқарисидан келганларга ёпишди. Рўйхатдан ўтказмаслик учун. Боқувчи ишлари бор. Қарияларга, ёш болаларга, ётоқ хасталарга ва ҳоказо. Маошлари ўртача 7000 лирадан бошланади. Лекин боқувчиликнинг машаққатига чидаш ҳам, бир бегона оилага кўникиш (яна бошқа бир мамлакатда) осон эмас. Ахир ҳозир ўзимизда ҳам энага ва боқувчи ишлари энг кам 3 000 000 сўмдан бошланяпти, эълонларни кўряпман. Жуда қийналган, кетишдан бошқа хеч йўли қолмай ночор қолганларни тушунаман. Чунки улар қийин бўлса ҳам эплаб кетишади мажбурликдан. Лекин Ўзбекистонда энг кам 250-300 $ га яқин маош олаётган бирор аёлга болаларининг кўз ёшини оқизиб, соғинч домига ташлаб келишни маслаҳат бермайман.

Ишонинг ҳеч арзимайди бунга. Болаларга ишончли жой бўлмаса-ку асло ташлаб келманг, дейман. Ахир бола бир марта болалигини яшайди. Ҳозир катта ўғлим 22 ёшд, ҳали ойи у  қаерда бу қаерда деб юради. Ҳали онага эҳтиёжи бор. Она болага энг керакли нарсани меҳрни беради. Бошқа ҳеч кимнинг меҳри она меҳрини босолмайди. Шунинг учун узоқларга ишга кетишдан олдин яхшилаб ўйлаб мулоҳаза қилинг. Жуда танг аҳволда қолганда ва болаларингизга сизнинг ўрнингизга сиздай қарай оладиган ишончли инсон бўлгандагина ташлаб келинг. Бу маслаҳат ҳам, насиҳат ҳам эмас, узоқларда болаларнинг соғинчидан анча вақт жигари пораланиб, узун тунларни йиғлаб тонгга улаган бир аёл илтимоси...

Соҳиба Қосимхон қизи.

Facebook тармоғидаги «Туркиядаги ўзбек аёллари» гуруҳида яна бир аёл, юзига яширган ҳолатда видео мурожаат қилмоқда: «Туркияга ишлашга келганман. Коня шаҳрида 3 ойдан сўнг турмушга чиқдим. Биринчи қизим бошқа турмуш ўртоғимдан ажрашганман, ҳозир иккинчи ўғлим туркиялик бир инсондан. Аввалги турмушингиздан фарзандингиз бўлса, иложи борича эрга тегманглар, болаларингизнинг психологияси жудаям бузилади. Ўртада болаларнинг психологиясини бузиб қўйган бўламиз. Эрим билан Истанбулга айланишга келгандик, аммо у киши ажрашиш учун ариза ташлаб кетди. Мен жуда афсусдаман қилган ишимдан. Бу ерга келиб шошиб турмушга чиқманг, кўзларингизни очингсизлар. Ҳозир дугонамникидаман. Дугонамнинг олти боласи бор, у мени боқсимни, болларимни боқсинми. Мен қилган хатони бошқалар қилмасин...»

Наманганлик Х.Раҳмонова исми аёлнинг хориж матбуотига берган интервюси эса барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини сергак торттиради. «Тўрт нафар фарзандимни ташлаб Россияга ишлашга келганман, қилмаган ишим қолмади, фаррошлик ҳам қилдим, 100 килолик беморгаям қарадим, 24 соат ошхонада ишладим, бошим ишламай қолган пайтлар бўларди. Мен мажбурликдан келганман, яхши ҳаётдан эмас. Россияда нотинчлик сабаб 11 йил деганда юртимга қайтяпман. Мен учадиган самолёт икки кунга кечиктирилди.

Қизимнинг қайта-қайта: «Ойи аниқ келасизми?», деган гапи қулоғим остидан кетмаяпти. Икки кунни қандай ўтказаман? Дунёда онанинг ўрнини ҳеч ким босмайди. Менинг ўрнимни ҳеч ким босмайди. Қанийди менга онангни бир лаҳзага кўриш учун умрингни бер деса тайёр бўлардим. Демак, менинг болаларим ҳам менга шундай зор. Мен болаларимдан менсиз ўтган кунлари учун йиғлаб, оёқларига бош уриб кечирим сўрамоқчиман...».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг