«Мен ёнингдан йироқман» — марҳум журналистнинг китоби чоп этилди

Бугун Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари ўзаро ҳамкорликда миллий матбуот марказида журналист ва шоир, марҳум Тоҳир Шомуродовнинг «Мен ёнингдан йироқман» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
«Пскент туманида туғилиб камолга етган моҳир журналист, иқтидорли ижодкор Тоҳир Шомуродов агар ҳаёт бўлганида бу йил 43 баҳорни қарши олган бўлар эди. У 2003 йилда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультети магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган. Турли йилларда «Фидокор», «XXI аср», «Ҳуррият», «Нуроний» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматида, «Ўзбеккино» миллий агентлигида, Президент Девонида, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маҳалла» телеканалларида масъул лавозимларда меҳнат қилди. Бугунги тадбирга унинг яқинлари, касбдошлари, шу жумладан, унинг оила аъзолари ҳам иштирок этмоқда. Шундай сўзи ўткир, қисқа умри давомида ҳамманинг кўнглидан ўрин олган фарзандни тарбия қилган онасига раҳматимни айтиб ўтмоқчиман», — деди Журналистлар уюшмаси раҳбари Олимжон Ўсаров.
Тоҳир Малик, Хайриддин Султонов, Ғофур Шермуҳаммад, Ҳабибулла Олимжонов, Жуманазар Мелиқулов, Ўктам Мирзаёр каби элимизнинг таниқли ижодкорларини ўзи учун устоз деб билган ижодкор ҳаёти давомида эълон қилган юзлаб мақолаларида сиёсий-ижтимоий ҳаётнинг оғриқли нуқталарини, оддий одамларнинг мураккаб муаммоларини чуқур таҳлилий-танқидий тарзда акс эттиргани ҳақида эслаб ўтилди.
«У халқаро мавзуларда – глобаллашув, жаҳонда кучайиб бораётган тенгсизлик муаммолари, урушлар ва зиддиятлар табиати, тинчлик ва осойишталикнинг бебаҳо қадри, Ўзбекистонда олиб бораётган тинчликпарвар сиёсат ҳақида фаол қалам тебратди. У ҳар доим ҳаётнинг синчков кузатувчиси эди. Кичик ибратли ишдан ҳам катта фалсафий мақолалар чиқара олар эди. Тоҳир Шомуродов қаламига мансуб, «Янги китоб» нашриётида чоп этилган «Мен ёнингдан йироқман» тўпламида турли йилларда журналистнинг турли нашрларда чоп этилган туркум мақолалари саралаб, киритилган. Китобдан «Фейсбук» ижтимоий тармоғида жойлаштирилган, қўлёзма шаклида сақланган айрим шеърлари ва ҳикоялари ҳам ўрин олди»,— дея фикр билдирди китобга муҳаррирлик қилган ёзувчи, журналист Анвар Намозов.
Шунингдек, «Ўзбеккино» томонидан бевосита муаллиф ёзган сценарийлари асосида суратга олинган «Тузоқ» бадиий фильми, «Тулкивойнинг тавбаси» мультфильми, «Суянч», «Рефери», «Ярашув институти», «Тошкент – ислом маданияти пойтахти» номли ўнлаб ҳужжатли фильмлари таҳсинга сазоворлиги айтиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter