Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мексикада мэрликка номзод сайловолди ташвиқоти пайтида отиб кетилди

Мексикада мэрликка номзод сайловолди ташвиқоти пайтида отиб кетилди

Мексиканинг Герреро штатидаги Коюка де Бенитес шаҳри мэри лавозимига мухолифат номзоди Хосе Алфредо Кабрера Барриентос сайловчилар билан учрашувда отиб ўлдирилди. Бу ҳақда El Universal нашри хабар берди.

Сиёсатчи майдонда сайловчилар орасида турганида номаълум шахс унинг орқасидан яқинлашиб, тўппончада бошининг орқа қисмига бир неча марта ўқ узган. Қотиллик лавҳалари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди, лавҳада камида 15 та ўқ овози эшитилади.

Бир кун аввал Халиско штатида Мексиканинг ҳукмрон Морена партиясидан Энкарнасион де Диас муниципалитети раҳбари лавозимига номзод Гилберто Паломар Гонсалес ҳам қуролли ҳужум оқибатида яраланган эди. Сиёсатчи ва унинг акаси ҳамда котиби ўқотар қуролдан олган жароҳатлари билан касалхонага етказилган.

Laboratorio Electoral тадқиқотчилари маълумотига кўра, 2023 йилнинг ёзидан бери Мексикада сайлов кампаниялари билан боғлиқ 82 киши ўлдирилган. Улардан 34 нафари давлат даражасидаги сиёсий лавозимларга номзодлар эди. Умуман олганда, 2023 йилдан 2024 йилгача сиёсатчиларга қарши 2 172 зўравонлик, жумладан ҳужумлар, таҳдидлар ва одам ўғирлаш ҳолатлари қайд этилган.

2 июн, якшанба куни Мексикада умумий сайловлар бўлиб ўтади. Аҳоли келгуси олти йилга янги президентни, шунингдек, Депутатлар палатасининг 500 нафар аъзосини ва Сенатнинг 128 нафар аъзосини, тўққиз нафар губернатор ва 19 минг маҳаллий амалдорни сайлашлари керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг