Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ис газидан заҳарланганда қандай йўл тутиш керак?

Ис газидан заҳарланганда қандай йўл тутиш керак?

Фото: «РИА Новости»

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда шу йилнинг ўтган 10 ойида ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 нафар одам жабрланди, 35 киши вафот этди. Бу борада энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида бўлиб, из газидан 11 киши вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу нохуш ҳолатнинг юзага келиши сабаблари, оқибатлари, зудлик билан кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида маълумот берди.

Ис гази рангсиз, ҳидсиз, корхона шароитида энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма — табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3 фоиз, ишланган газда 13 фоиз, портловчи газлар таркибида 50-60 фоизгача ис гази бўлади.

Ис газидан қатор органик моддаларни (асетон, метил спирт, феноль ва бошқалар) синтез қилиш учун фойдаланиладиган корхоналарда, автоуловлар тураргоҳларида вентилация ёмон бўлганда, янги бўялган шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳамомларда, дам олиш палаткаларида исиниш учун чўғ оловларидан ва бошқаларда ёниш маҳсулотининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.

Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ кислородга нисбатан 300 маротаба тез ва кўпроқ гемоглабинга бирикиш хусусиятига эга, шунинг учун жуда маҳкам бирикма-карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглабиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти жуда пасайиб, гипокцияга, оғир заҳарланганда анокцияга олиб келиши мумкин.

Ис газининг катта миқдори таркибида темир моддаси бор. Нафас олиш ферментини парчалайди. Бу ўз йўлида, тўқималарнинг нафас олиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Ис гази билан заҳарланган организмда углерод ва оқсил алмашинуви бузилади, натижада, асидоз аломатлари юзага келади. Қон таркибида калий ва калций мувозанати марказий нерв тизими фаолиятини бузади. Бош мияда босимнинг ошиши, мияга ва юрак мушакларида қон айланиши кузатилади. Организмга кислород етишмаслиги оқибатида марказий нерв тизими фаолияти бузилади. Шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Табиий газнинг хонада тўпланиши оқибатида ёнғин ёки портлаш содир бўлади ҳамда бунинг натижасида инсон турли тан жароҳати олиши мумкин.

Заҳарланган кишини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур, нафас олиши тўхтаб қолганда, сунъий нафас бериш лозим. Бу тадбирни бемор мустақил нафас олгунга қадар ёки биологик ўлим аломатлари пайдо бўлгунча давом эттирилади. Баданни ишқалаш, оёқларга грелка қўйиш, қисқа вақт нашатир спирт буғларини ҳидлатиш (нашатир спирти бемор бурнидан камида 1 см узоқликда шимдирилган пахта ёки марлида бўлиши шарт, акс ҳолда спиртнинг ўткир ҳиди беморни паралич ҳолатига олиб келиши мумкин) заҳарланиш оқибатларини тугатишга имкон беради.

Заҳарланиб қолган кишилар зудлик билан касалхонага олиб борилиши керак, чунки бирмунча кейинроқ ўпка ва асаб тизими томонидан оғир асоратлар вужудга келиши мумкин.

Агар бемор хушида бўлса, тананинг юқори қисмини қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади, иссиқ чой ёки қаҳва ичирилади. Ҳар қандай ис газидан заҳарланиш даражасида ҳам беморлар шошилинч ҳолда реанимация ёки токсикология бўлимига ётқизилади. Касалхонадан чиққан беморлар терапевт ва невропатолог кузатувида бўлиши шарт. Акс ҳолда кейинчалик унинг аломатлари юзага чиқиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг