Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Мазлумларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни икки баравар кучайтирамиз» – Жозеп Боррель

«Мазлумларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни икки баравар кучайтирамиз» – Жозеп Боррель

Жозеп Боррель.

Фото: AP

Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқларининг универсаллигини қўллаб-қувватлашда давом этади ва халқаро мажбуриятларни бузишга қаратилган ҳар қандай уринишларга нисбатан ҳушёрдир. Бу ҳақда 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель томонидан берилган баёнотда сўз боради.

«Пандемия ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги, жумладан, фуқаролик маконига тобора салбий таъсир кўрсатаётгани учун бу йилги «Тенгсизликни камайтириш, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш» мавзуси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Улар илгари мавжуд бўлган тенгсизликларни янада кучайтиради, муҳтожликда бўлганларга босимни кучайтиради ва бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини синовдан ўтказади», – дейилади ЕИ номидан берилган баёнотда.

Таъкидланишича, инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги ЕИнинг СOVID-19 пандемиясига қарши чоралар кўриши ва тикланишида диққат марказидадир. Айни чоқда, Евроиттифоқ пандемия вазиятида инсон ҳуқуқларига қўйилган ҳар қандай чекловлар мутаносиб, вақтинчалик ва камситувчи бўлмаслиги кераклигини уқтиради.

ЕИ бош дипломатига кўра, инсон ҳуқуқлари, демократия, қонун устуворлиги ва фуқаролик маконини яратишга сарфланган сармоя ҳозирги ва келажак авлодлар учун тўкис жамият қуришда муҳим аҳамият касб этади.

«Бутун 2021 йил давомида Инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режасига мувофиқ ЕИ ноёб воситалар тўпламидан тўлиқ фойдаланган ҳолда бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича глобал ҳаракатларни фаоллаштиришни давом эттирди. ЕИ илк маротаба Хитой, Шимолий Корея, Ливия, Жанубий Судан, Эритрея ва Россиянинг инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва суиистеъмол қилинишига алоқадор бўлган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ЕИнинг ўтган йили қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал санкция режимини қўллади», – дейди Ж.Боррель.

ЕИ, шунингдек, 2021-2027 йилларга мўлжалланган 1,5 миллиард евродан ортиқ маблағга мўлжалланган махсус тематик дастур орқали дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ва демократияни ривожлантиришда фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига аниқ кўмакни кенгайтирди ва бу соҳада жаҳон етакчиси ролини яна бир бор тасдиқлади. Бундан ташқари, 2021 йилда ЕИ Афғонистон, Беларусь, Бурунди, КХДР, Эфиопия, Эритрея ва Мьянмада инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашиш ташаббуслари доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма миллий форумга раислик қилди.

Қайд этилишича, 10 декабрь санаси инсон ҳуқуқлари умуминсоний, ажралмас ва ўзаро боғлиқ эканини эслатиб туради. Шу билан бирга, бу ҳуқуқлар доимо ҳимоя қилиниши кераклигини ёдга солади.

«Инсон ҳуқуқлари кунида биз мазлумлар ва хавф остида бўлганларни қаерда яшамасин, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни икки баравар оширишга ваъда берамиз», дейди ЕИнинг Олий вакили Жозеп Боррель.

Таъкидланишича, инсон ҳуқуқларига эришиш нафақат инсон қадр-қимматининг императиви; бу – демократия, тинчлик ва хавфсизлик ҳамда барқарор тараққиётнинг тамал тоши ҳамдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг