Майкл Блумберг: «Уолл-стритда бир дунё бойлик топаман деганларнинг камдан-камига омад кулиб боққан»
Жаҳондаги энг бадавлат инсонлардан бири, «Bloomberg» ахборот агентлиги асосчиси, Нью-Йорк шаҳрининг собиқ мэри Майкл Блумберг ўз бойлиги, Уолл-стрит, солиқлар, давлат ва бизнес сармояларининг фарқи ва бошқалар ҳақида.
Ўз бойлиги ҳақида
Биров-ярим ўзига ишлатадигандан анча кўп пул бу. Ҳамма гап сиз улар билан нималар қила олишингизда. Уларни ўзингиз билан олиб кетолмайсизку?.. Атрофини оила аъзолари қузғунлардек қуршаб олган, ўлим тўшагида ётган йигит ҳақида битта мультфильм бор. У кўзини очиб шундай дейди: «Биламан, пулларимни ортмоқлаб кетолмайман, аммо парол ўзим билан кетиши мумкин».
CBS га берган интервьюсидан, 2017 йил 23 апрель.
«Salomon Brothers»даги фаолияти ҳақида
Офисга тонгги соат еттида, Билли Саломон («Salomon Brothers» инвестбанки собиқ бошқарувчиси)дан бошқа ҳеч зоғ йўқ пайти етиб келардим. У тамаки чеккиси келса ёки спортдан гурунглашмоқчи бўлса ёнига чақирарди. 26 ёшимда компания бошқарувчисининг дўстига айланганман. Жон Гутфройнд («Salomon Brothers» собиқ раҳбари)ни истисно қилганда, ишхонадан охири мен чиқиб кетардим. У ҳам бирон-ярим каттароқ ҳамкорига қўнғироқ қилиш учун ёки гаплашиб ўтиргиси келса мени чақирарди. Кейин эса компаниянинг иккинчи одами машинасида мени уйимга бепул етказиб қўярди. Ҳамма вақт ҳаммаёқда бўлиш жонимга тегмасди — ишим ўзимга ёқарди. Ишимизга бош-қош инсонлар билан яқинлигим карьерамга халақит бермагани ҳақида-ку гапириб ўтиришим ҳам шартмас.
«Bloomberg by Bloomberg» китобидан, 1997 йил.
Ноаниқлик ҳақида
Сизда янги харажатларни истамаётган жамоатчилик, янги солиқларни хоҳламаётган республикачилар, харажатларни қисқартиришга хоҳиши йўқ демократлар, янги ўзгаришларга қарши бозор ва юқоридагиларнинг барчасини истовчи иқтисодчилар бор. Бу фалажга олиб келади. Фалажликнинг оқибати — ноаниқлик, бу яхши эмас. Агар кейин нима бўлиши ҳақида тасаввур ҳам қила олмасангиз, харажатлар, сармоялар, одамларни ишга олиш ёки бирон ишга киришиш борасида бир қарорга кела олмайсиз.
NBC га берган интервьюсидан, 2010 йил 1 август.
Уолл-стритдаги муваффақияти ҳақида
Фақат пул топиш учунгина Уолл-стритга бормаганман. Ҳаёт тарзимни белгилаб бергани учун ҳам уни яхши кўраман. Аслида Уолл-стритда ишлаб бир дунё бойлик топаман деганларнинг камдан-камига омад кулиб боққан. Ўз ишини реал ҳаётда талаб катта муайян маҳсулотдан бошлаб, иш ўринлари яратган, қадриятларни бошига кўтарган ва одамлардан ёрдамини аямаган инсонлар улкан молиявий муваффақият қозонган. Бу ҳаммага тааллуқли — Жон Рокфеллердан тортиб Сэм Уолтонгача (алал-оқибат Майк Блумберггача, ҳар ҳолда шунга умид қиламан).
«Bloomberg by Bloomberg» китобидан, 1997 йил.
Америка акцияларининг қимматлашуви ҳақида
Нега бундай — билмайман. Ўзи нега бозор ўсишдан тўхтамаётгани мени ҳайрон қолдиради. Иқтисодиётимиз реал муаммолар билан юзма-юз турибди. Инфратузилма инқирозга учраяпти. Иш ўринлари технологиялар билан йўқ қилиняпти. Бутун дунёдаги энг яхши кадрларни янги иш ўринлари ва корхоналар яратиш учун Америкага келишдан тўхтатиб турган бўлсак. Булар келажак ҳақида кўпроқ ўйлашга мажбур этади.
CBS га берган интервьюсидан, 2017 йил 19 сентябрь.
Мазуга оид: «Нега энди йўқ?»: дунёнинг энг бадавлат кишисидан 10 иқтибос
Бойларга солинадиган солиқ ҳақида
Улар кўпроқ солиқ тўлашади, кам пул ишловчиларга нисбатан улардаги юк анча залворли. Баффетнинг бу ҳақдаги ҳазили — шунчаки томоша. Агарда Уоррен Баффетнинг капитали ўсмасдан, фақат оддий даромад олганида ҳам барибир ўзининг котибидан анча кўп солиқ тўлаган бўларди. Аслида бу мамлакатда солиқларнинг катта қисмини жуда кам фоиз инсонлар тўлашади.
NBC га берган интервьюсидан, 2011 йил 25 сентябрь.
Режалаштириш ҳақида
Бир журналист мендан «Bloomberg»да биз нимани уддалай олмаганимиз тўғрисида сўраганди. Ўйлаб қолдим, ахир мен одатда ютуқларимиз ҳақида гапираман. Ва жавобим шундай бўлди: «Барчасини уддаладик, аммо биз якунда эришилган натижаларнинг ҳаммасини ҳам режалаштирмаганмиз». Кўпинча ҳаммаси ҳам бошдан ўйланганидек кечмайди: маҳсулотдан фойдаланиш бўйича кутилмаган таклифлар пайдо бўлади, тушимизга ҳам кирмаган мижозлар келиб қолишади, ўзимиз тўлиқ ишонч билдирган лойиҳалар кўпинча барбод бўлади.
«Bloomberg by Bloomberg» китобидан, 1997 йил.
Мэр лавозимидан кетганидан кейинги режалари ҳақида
Нималар билан шуғулланмаслигимни айтишим мумкин. Профессионал инвестор бўлмоқчи эмасман. Бу менга эмас. Дарс бериш ниятим ҳам йўқ. Маслаҳатчилик ҳам қилмайман. Булар мени ўзига тортмаяпти. «Bloomberg L. P.» га ҳам қайтмайман. Янги компания яратмоқчи эмасман.
«Forbes»га интервьюсидан, 2013 йил 30 октябрь.
Давлат ва бизнес сарфлаётган сармоялар ҳақида
Идеологлар беҳудага сарфланган маблағлар ортидан янгиларини йўналтираётган бир пайтда, нишонни натижага тўғрилаган менежерлар қайта сармоя киритишдан аввал олдинги хатоларни тузатиб олишади. Кўпинча муваффақиятли давлат муассасаларининг харажатлари қисқартирилиши баробарида, ботқоққа ботиб бораётганларининг бюджети кенгайиб бораверади, чунки ҳукумат нима деб қичқиришидан қатъи назар баландроқ қичқирганларини эркалатиб юборади. Бизнесда эса бунинг ғирт тескариси. Энг яхши ишлаётганларига кўпроқ, ишини эплай олмаётганларга камроқ пул берасиз.
Лос-Анжелесдаги UCS Annenberg School даги чиқишидан, 2007 йил 20 июнь.
Мавзуга оид: Собиқ мэр университетга 1,8 млрд. доллар хайрия қилди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter