Машҳур наркобарон Пабло Эскобарнинг ёлғиз қизи Мануэланинг тақдири қандай кечди?
Пабло Эскобар — «Кокаин қироли», колумбиялик террорчи ва наркобарон. 80-йилларнинг охирида бутун дунё бўйлаб сотилган кокаиннинг 80 фоизини назорат қилган. Дунёдаги энг машҳур, энг бой ва шафқатсиз жиноятчи. 30 миллиард долларлик бойлик эгаси. 1989 йилда «Forbes» уни бойлар рейтингининг еттинчи қаторига жойлаштирган.
Пабло Эмилио Эскобар Гавирия 1949 йил 1 декабрда Меделлиндан (Колумбия) 40 км узоқликда жойлашган Рионегро шаҳрида туғилган. У фермер Абел де Хесус Дари Эскобар ва мактаб ўқитувчиси Хемилда де лос Долорес Гавирия Беррионинг етти фарзандининг учинчиси эди. Ака-укалардан бири Густаво Гавирия кейинчалик унинг наркокартелидаги биринчи ёрдамчисига айланган.
Пабло Эскобарнинг ягона — севимли қизи бор эди. Гўзал Мануэла Эскобарнинг тақдири жуда оғир кечди. Ҳозиргача у ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очмаган, оиласидан фарқли равишда жиноят содир этмаган.
Мануэла 1984 йилда Панамада туғилган. Отаси учун кичкина Мануэла дунёдаги энг бебаҳо хазина эди. У қизини доим la princesa — малика, деб атарди. Гўдакнинг ҳеч бир инжиқлигини йўқ демасдан адо этарди.
Бир куни Пабло қизи туғилган кунида ҳақиқий яккашох (пешонасида битта шохи бор, отга ўхшаб кетадиган афсонавий жонивор)ли бўлишни хоҳлаётганини эшитди. Албатта, бундай ҳайвоннинг ўзи йўқ. Фақат Эскобар учунмас... У ҳақиқий отнинг бошига шох михлашни буюрди, камига қанотларини ҳам ясашди. Орзуси рўёбга чиққан Мануэла ўзида йўқ хурсанд эди. Кўп ўтмай «яккашох» ўлиб қолди...
Пабло қизининг сут тиши тушганида миллион доллар совға қилган. Бир сафар — таъқибга учраб оиласи билан эски фермада яширинишганида, қизи совқотмаслиги учун икки миллион доллар пулни гулхан қилиб ёққан.
Пабло Эскобар қанчалик бой бўлса, ҳаёти шунчалик беҳаловат ва хавфли эди. Қидирувга тушганидан сўнг, оиласи билан мулоқот қилиш хавфли эканлигини тушунган Пабло улар билан бир йилдан кўпроқ вақт давомида алоқага чиқмаган.
1993 йилнинг 1 декабрида, 44 ёшини нишонлаган Пабло чидаб тура олмасдан оиласига қўнғироқ қилди. Махфий хизматлар унинг суҳбатини эшитиб, жойлашган нуқтасини аниқлашади ва қўлга олишга ҳаракат қилишади. Эскобар бошига ўқ тегиб, ҳалок бўлади. Кейинчалик унинг ўғли журналистларга отаси қўлга тушмаслик учун ўз жонига қасд қилганини айтади.
Бир одамда ўзгаларга шафқатсизлик ва ўз қизига улкан меҳр қандай жам бўлганини тасаввур қилиш қийин.
1993 йилнинг декабрь ойида, отаси билан содир бўлган воқеадан кейин, 8 ёшли Мануэла оиласи билан Колумбияни тарк этишга мажбур бўлди. Улар Аргентинада, уларнинг оиласини қабул қилишга розилик берган ягона мамлакатда қўним топишди.
Аргентинада Мануэла ўз номини ўзгартирди — Хуана Мануэла Маррокен Сантосга айланди. Акс ҳолда уни мактабга қабул қилишмасди. Мануэла 1999 йилгача аслида кимлигини пинҳон тута олди.
Мануэла отаси аслида ким бўлган, нима билан шуғулланганини 16 ёшида билди. Бу ҳаётидаги энг оғир зарба эди.
«Синглим ҳам худди мен каби отамнинг душманлари қасос олишидан қўрқиб яшайди», — деган эди бир вақтлар Мануэланинг акаси Хуан Пабло.
Тахминларга кўра, айнан Мануэла Пабло Эскобарнинг 20 миллиард долларлик бойлигининг асосий меросхўри. Қон тўкилган пулларнинг катта қисми Колумбия томонидан жиноий даромад сифатида мусодара қилинган.
Ҳозирда 38 ёшли Мануэла Аргентинанинг улуғвор пойтахти Буэнос-Айресда сокин ҳаёт кечиради. Бироқ, унинг аслида АҚШнинг Шимолий Каролина штатида яшаши ва электротехник бўлиб ишлаши ҳақида тахминлар ҳам бор.
Эскобарлар оиласининг ҳеч қандай жиноятда қўлга олинмаган ва қонунни бузмаган ягона аъзоси Мануэла, омма олдида кўп ҳам кўриниш беравермайди. Хуан Себастян Маррокин Сантос номи билан танилган акаси эса жамоатчилик фаоли, отаси ҳақида хотиралар китобини ёзган, Пабло Эскобар ҳақида ҳужжатли фильмни суратга олишда иштирок этган.
2017 йилда Хавьер Бардем ва Пенелопа Круз иштирокидаги машҳур «Эскобар» (асл нусхасида «Loving Pablo, Hating Escobar») бадиий фильми томошабинларга тақдим этилди. Киноасарда кичкина Мануэла ролини ёш актриса Ҳанна Лоэсте ижро этган.
Нуриддин Зиё Тўрақулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter