Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур филмдаги «вақт машинаси» ҳақида нималар маълум?

Машҳур филмдаги «вақт машинаси» ҳақида нималар маълум?

Таниқли кинорежиссёр Леонид Гайдай «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» кинокомедиясини ишлашдан олдин конструкторлик бюросига мурожаат қилди. Мутахассислар фильм учун вақт машинаси моделини ишлаб чиқишлари керак эди. Олти ой давомида улар тушуниб бўлмас нималардир қилдилар ва салкам ҳақиқий космик кема лойиҳасини ишлаб чиқдилар.

Фильмнинг бош қаҳрамони – ёлғиз кашфиётчи Шурик, ҳатто энг жасоратли орзуларида ҳам бундай техник мукаммалликка яқинлашмаган бўларди.

Йўқ! Мутлақо янги ечим талаб қилинарди. Муддат аллақачон ўтиб борарди. Суратга олиш ишлари тугаши арафасида, аммо режиссёр Иван Василевични ўтмишга, иккинчисини эса бизнинг давримизга «жўната олмай» хуноб эди. Ана шунда Гайдайга маслаҳат беришди: «Мосфильмда Почечуев фамилияли мутахассис бор. Бу ишни ана шу одам уддалайди».

Ўша пайтда Почочуев «Руслан ва Людмила» фильмида рассом-ҳайкалтарош бўлиб ишлаган ва у ҳақидаги дув-дув гаплар барча ҳунармандларнинг жавоҳири сифатида бутун «Мосфильм» бўйлаб тарқалган: Почочуев эртакдаги ўрмон ва Черномор саройларини бунёд этган эди.

Музокаралар тенг шароитларда олиб борилди. Гайдайнинг вақти кам, Почечуев эса пулдан қийналарди. Ва икки кундан сўнг умидсиз директор олдида янги лойиҳа ётарди.

Вячеслав бир варақ катта қоғоз олиб келганди. Унда кўмир билан НИМАДИР тасвирланган: найчалар, колбалар, шарлар, булоқлар, илонлар бор эди. Ва – симлар! Ғирт мавҳумлик ва мисли кўрилмаган сурбетлик! Ижодий гуруҳ қотиб қолди. Суратга олиш жараёни аниқ чиппакка чиққан эди... Лекин Почечуев яхшигина гапдон, уддабурон ва ишонтира оладиган одам эди. Ва Гайдай таслим бўлди ва бошқа «кашфиётчи»ни излаб ўтирмади.

Жуда қисқа вақт ичида, рост ёки ёлғон аралаш машина йиғилиб, тахт бўлди. Почечуевга ёрдам бериш учун иккита чилангар тайинланган эди. Улар омбордан Тарковскийнинг «Солари»сидан қолган баъзи ашқол-дашқолларни олиб чиқишди. Клин шаҳридаги шиша заводига бориб, буюртма беришди (миш-мишларга қараганда, мазкур буюртмани эртаси куни пуфлаш цехидаги Вася амаки икки шиша ароқ эвазига тайёрлаб берган). Шундан сўнг кимёвий реакция тажрибалари учун оддий ва милтилловчи чироқлар, реактивлар ва шиша идишлар сотиб олишди. Ниҳоят машина павильонда бор бўйи билан савлат тўкиб турар эди.

«Вақт машинаси» ишлаши биланоқ, биринчи тақдимотдан бошлаб бутун суратга олиш гуруҳи қизиқиб қолди. Унинг ичидан қандайдир сирли тарзда овоз чиқарар, чақнаб, гуркираб, чайқаларди. Фильм қутқариб қолинди.

Натижада ҳайкалтарош «Мосфилм»дан қирқ рубль миқдоридаги мукофот ва бухгалтерия бўлимидан сертификат олди. Унда: «Пул вақт машинаси ихтироси учун берилган», деб ёзилган ва ҳеч қандай қўштирноқ қўйилмаган эди.

Интернет маълумотлари асосида
Акбар Фатҳуллаев тайёрлади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг