Мана сенга ўша кайф
Май ойининг охирида Испанияга сафари чоғида коронавирусни юқтириб олган Бельгия шаҳзодаси Иоахим карантин қоидаларига амал қилмаганини тан олди, дея хабар берди «RTBF» телеканали.
Бельгия қироли Филиппнинг жияни ва малика Астриднинг 28 ёшли ўғли ўзининг адвокати орқали «қаттиқ афсусда эканлигини ва барча оқибатлар учун жавоб беришга тайёрлигини» билдирган.
Испан оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, шаҳзода Иоахим ўқув амалиётини ўташ учун 24 май куни Мадридга келган. Бироқ ўша куннинг ўзидаёқ Кордовага отланган. У ерда 26 май куни яқинлари ва дўстлари билан базм уюштирган. Шодиёнада жами 27 нафар меҳмон қатнашган. Ваҳоланки Испанияда чекловлар олиб ташланган тақдирда ҳам, тадбирда 15 нафаргача одам иштирок этишига рухсат берилган.
Кейинги куни Иоахим ўзида коронавирус аломатларини сезган. 28 май куни COVID-19 га топширган тест натижаси мусбат чиққан.
Андалусия ҳукумати байрамда меҳмонлар сони бузилишини қайд этиб, тегишли идораларга хат юборган.
Европада коронавируснинг энг даҳшатли асоратларидан бирини бошидан кечирган испанлар бельгиялик шаҳзоданинг масъулиятсиз хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter