Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мальдивга ёрдам керак. Навбатда: Венеция, Санкт-Петербург, Барселона,... (фото+инфографика)

Мальдивга ёрдам керак. Навбатда: Венеция, Санкт-Петербург, Барселона,... (фото+инфографика)

Фото: «РИА Новости»

Мальдив республикаси расмийлари ороллар яқин орада бутунлай сув остида қолиб кетишидан мумкинлигидан хавотирда. Ушбу қўрқинчли жараён глобал исиш даврида океан сатҳининг кўтарилиши билан боғлиқ. Венеция, Барселона, Шанхай каби йирик шаҳарлар — навбатда...

Олимлар кўп йиллар давомида ҳар хил прогнозлари билан бизни қўрқитиб келадилар, аммо бугунга келиб, чиндан ҳам хавотирлар асослидек кўринмоқда. Сибирда ёзда бўлган ўрмон ёнғинлари, Австралиядаги ёнғинлар кўплаб ҳайвонларни йўқ қилди, уларнинг аксарияти Қизил китобга киритилган эди. Афтидан швед эко-фаоли Грета Тюнбергнинг иқтисодий фаровонлик учун одамлар атроф-муҳитни йўқ қилишга тайёр эканликлари ҳақида айтган гаплари исботини топмоқда. Айнан технологик тараққиёт ортидан қувиш атроф-муҳит инқирозига олиб келмадимикан?! Қиш қишдек  бўлмаётгани ва аксинча, қор нималигини билмайдиган юртларда қор ёғиши, бир ёқда ўта кўп сув тошқинлари, бир ёқда қурғоқчиликлар нимадан далолат?

Айрим шаҳарлар, ҳатто мамлакатлар сувга ғарқ бўлиш арафасида турибди.

Чўкаётган Мальдив

Мальдив. Фото: «Marriott Bonvoy»

Сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортувчи гўзал Мальдив ороллари бутунлай йўқликка равона бўлиши мумкин. Бунга иккита сабаб кўрсатиляпти: ороллар тинмай сувга чўкмоқда ва бу жараённи тўхтатиш учун маблағ етишмаслиги.

Шу даражага бориб етдики, мамлакат расмийлари халқаро ҳамжамиятдан нажот сўрашмоқда. Масалан, республика собиқ раҳбари Муҳаммад Нашид вазирлар кенгаши йиғилишини бевосита «сув остида» ўтказганди. Аммо на бу акция, на БМТнинг 2019 йил декабрида Мадридда бўлиб ўтган иқлим ўзгаришлари бўйича музокараларидан бир наф чиққан эмас. Сайёрамизнинг энг бокира ўлкаларидан бирини қутқариш учун ҳеч ким чўнтагидан пул чиқаришни истамади.

Балки халқаро ташкилот (БМТ) Мальдивни қутқариш учун сайёҳлардан тушган пулнинг ўзи етарли деган хаёлдадир. Аммо кундан-кунга сувга чўкиб бораётган бу мамлакатни қутқариш учун биргина сайёҳлардан тушган пулнинг ўзи камлик қилиши кундек аён. Шунга қарамасдан, Мальдив ташқи ишлар вазири Абдулла Шаҳид 2020 йили Глазгода бўлиб ўтажак иқлим ўзгаришлари бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичига катта умид боғлаган.

Оролларни ҳимоя қилиш учун биз қирғоқларда улкан ва мустаҳкам деворлар тиклашимиз лозим. Бу жуда қимматга тушади, аммо жуда зарур. Барча ерларимизни сув ютишини индамай кутиб туролмаймиз.

Абдулла Шаҳид,
Мальдив ташқи ишлар вазири

Энг қўрқинчлиси, сувга ғарқ бўлаётган якка Мальдив эмас. Кўплаб шаҳарлар, ҳатто мамлакатлар ана шу ҳаёт-мамот масаласига тўқнаш келмоқда, муаммони эса ҳозирданоқ ечишга киришишга тўғри келади. Аммо қандай қилиб — ҳеч ким билмайди?

Океан сатҳининг кўтарилиши

Олимлар ҳозирча фақат башорат қилишга мажбур, чунки Ернинг бутун майдони бўйлаб сайёрадаги ҳақиқий денгиз сатҳи кўтарилишини ҳисоблаш ва башорат қилишга қодир махсус ўлчаш асбоблари етарли эмас. Шунинг учун ҳам бир-биридан кескин тафовут қилувчи назариялар ишлаб чиқилган

Биринчиси ва далда берадиган шуки, Потсдам иқлим ўзгаришларини текшириш институтининг 2014 ва 2015 йиллар орасида эълон қилган маълумотига кўра, тенденция қуйидагича: дунё океани сатҳи уч метрга кўтарилади, аммо бу юз, балки минг йиллардан сўнг юз беради.

Иккинчи назария хавотирли: унга кўра, 2100 йилга бориб дунё океани сатҳи икки метрга кўтарилади, кейинги 300 йилда эса яна беш метрга.. Аммо олимларнинг фикрича, сув сатҳи Ер тортишиш марказига қараб ҳар ерда ҳар хил бўлиши мумкин. Хуллас, буни фақат глобал исиш муаммоси билан боғлаш нотўғри, дейилмоқда.

Янги Атлантидалар

Айрим олимлар яқин келажакда сув остида қолиши мумкин бўлган шаҳарлар рўйхатини ҳам тузиб қўйишган:

  • Венеция (Италия)
  • Манхэттен ( Нью-Йорк, АҚШ)
  • Шанхай (Хитой)
  • Иокогама (Япония)
  • Одесса (Украина)
Венеция. Фото: «Twitter»

Венеция, масалан, денгиздан атиги икки метр баландликда жойлашган (ҳамма ҳудуди ҳам эмас). Агарда юқорида айтилган энг ёмон башорат амалга ошадиган бўлса, шаҳар сув остида қолиши аниқ. Тўғри, ҳозирданоқ сув уч метргача кўтарилишига қарши тизимлар ишлаб чиқилмоқда, аммо, кўряпмиз, Венеция йилдан-йилга сув балосига кўпроқ йўлиқмоқда.

Бир қарашда Нью-Йоркнинг аҳволи яхшироқ — денгиздан 10 метр баландда жойлашган. Аммо шаҳар учун энг муҳим инфратузилма қурилмаларининг кўпи ер остида жойлашгани назарда тутилса, аҳвол унчаям яхши эмаслиги аёнлашади.

Умуман олганда, дунё океани сатҳининг кўтарилиши барча соҳилбўйи шаҳарлари учун хавфли: Санкт-Петербург (денгиздан баландлиги 12 метр), Барселона (30 метр), Майами (1 метр) ва бошқалар учун.

Дунё океани сатҳи кўтарилишидан мамлакатлар қанчагача ҳудудини йўқотиши мумкин?

Инфографика: «Cawater-info.net»

Бу жараёнларнинг барчаси инсон фаоллигининг маҳсули бўлмиш глобал исиш билан бевосита боғлиқ. Муаммони ечиш учун саноқлигина ва ўта қиммат чоралар қолмоқда: экотехнологияларни ривожлантириш, имкон қадар бўлғуси ҳалокатлар оқибатларини камайтириш (соҳил бўйларида улкан деворлар қуриш) ёки ҳозир ишлатилаётган барча зарарли технологиялардан буткул воз кечиш. Аммо инсоният бунга ҳозирча тайёр эмасга ўхшайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг