Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабни ҳам тугатмай танилган актрисалар

Мактабни ҳам тугатмай танилган актрисалар

Фото: «GOLOS»

Дунёда олий маълумот олмай туриб ҳам бой ва машҳур бўлган инсонларни кўплаб учратиш мумкин. Масалан, актёрлик учун билим олиш шарт эмас, дейдиганлар талайгина ва бу қайсидир маънода тўғри, деб ёзади «RAMBLER». Мисол учун, биз назарда тутаётган бу қизлар шу даражада истеъдодлидирки, уларга мактабда ўқишнинг кераги бўлмаган. Эҳтимол, уларнинг шунчаки омади чопгандир...


Женнифер Лоуренс

Голливуд юлдузи интервьюларидан бирида ўрта маълумоти йўқлигини тан олган. Хонимнинг сўзларига кўра, у мактабни 14 ёшида ташлаб кетган, шу боис унинг на аттестати, на дипломи бор. Айтишича, у ўқишни уйида давом эттирган, шу боис ўзини бошқалардан кўра ақли ноқис ва эси паст ҳисобламайди. Актрисанинг таъкидлашича, ўрта ва олий маълумоти йўқлигини унинг қобилияти яширади. Чунки у ана шу истеъдоди шарофати билан юксак чўққиларни забт этган. Дастлаб у моделлик бизнесини танлаган, кейин эса Голливудга бориб қолган.


Николь Кидман

Бўлғуси юлдуз Гавайида дунёга келган. Мактабгача ёшда эса ватани — Австралияга қайтиб кетган. У ерда қизалоқ жазирама қуёш ва малла нозик териси туфайли роса қийналган. Шу боис асосий вақтини ўқиш ва мактабдаги тўгаракларга бағишлаган. Кидман 17 ёшга тўлганида онаси саратон билан оғриб қолади. Шу боис қизча ўқишни ташлашга ва массажчи бўлиб ишлашга қарор қилади. Бу билан бир вақтда у кино ва ТВда пул ишлай бошлайди. Шунда уни таниқли ва нуфузли режиссёрлар пайқаб қолишади. 80-йилларнинг охирида актрисага чиндан ҳам ҳайратланарли омад кулиб боқади. Ҳозир у Голливудда энг кўп ҳақ тўланадиган актрисалардан биридир.


Деми Мур

Жаҳонга донғи кетган актриса ўз отасини умуман кўрмаган. Отаси онасини ҳомиладорлик чоғидаёқ ташлаб кетган. Кўп ўтмай Мур ичкиликка берилган ўгай ота қўлида қолади. Нотинч оила тез-тез бир жойдан бошқа ёққа кўчиб ўтар ва доим молиявий муаммоларни ҳал этолмай аросатда юрарди. Шу тариқа бўлғуси актриса болаликдан ўзи ҳақида қайғуришни ўрганди. У 16 ёшида мактабни ташлаб, ўзига иш топди: дастлаб коллекторлик агентлигида меҳнат қилди, кейин эса моделга айланди. Актёрлик маҳорат курсларига ўзи пул тўлай бошлади. Юлдузнинг таъкидлашича, унинг карьерасида айнан мана шулар катта ёрдам берган.

Ҳа, улар ҳаёт дарсини олишди. Эҳтимол, уларда билим олишга тўкисроқ шароит бўлганида ўз истеъдодларини янада ёрқинроқ намоён этишармиди?..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг